Қозоғистонда туркийзабон давлатлар саммити иш бошламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Олма отада Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик кенгашининг илк саммити иш бошламоқда. 4 давлат аъзо кенгашнинг биринчи саммитида Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакатдаги нотинчлик сабаб иштирок этолмайди.

2009 йили тузилган кенгашга яна икки туркий тилли давлат Ўзбекистон ва Туркманистон қўшилмаган. Олма отадаги саммит давомида асосий эътибор ушбу давлатлар ўртасидаги иқтисодий-савдо алоқаларини чуқурлаштиришга доир масалалар муҳкома қилиниб, келишувларга эришиш кутилмоқда.

Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик Кенгашининг давлат раҳбарлари ўртасидаги илк саммити кутилганидек ўтмаслиги мумкин. Саммитнинг энг муҳим меҳмонларидан Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон курд бўлгинчиларининг ҳужумидан сўнг ўз сафарини қолдирди.

Аммо, иқтисодий-савдо алоқаларини чуқурлаштириш учун ушбу давлатдан ишбилармонлар Олма отага етиб келишди. Эртанги саммитда Олма ота декларацияси қабул қилиниши кутилмоқда.

Туркий тилли давлатлар Шўролар таркибидан мустақил бўлиб чиқиши ортидан Туркия бошчилигида туркийзабон давлатларнинг саммити ўтказила бошлаган.

Аммо, 2000-йилларга келиб ушбу учрашувлар давлат раҳбарларининг келмай қўйиши ортидан аҳамиятини йўқота бошлади.

2009 йили Озарбойжоннинг Нахчиван шаҳрида Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистондан иборат тўрт давлат Туркийзабон давлатларнинг ҳамкорлик кенгаши номли тузилма туздилар.

Кенгаш котибиятидан Абзал Сапарбекулининг айтишича, ушбу келишувдан кейин туркий тилли давлатлар манфаатини бирлаштирувчи жиддий ташкилот пайдо бўлди.

"Энди бу халқаро ташкилот бўлди. Олдин улар форум ва турли учрашувлар доирасида ишларди. Барқарор бир тузилма йўқ эди. Энди эса, доимий бир тузилма эга бўлишди. Унинг ўз котибияти ва ҳамкороликка оид керакли ҳужжатлари бор. Ушбу кенгаш сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, мадания ва спортга оид барча масалада ҳамкорлик қилишни назарда тутади", - дейди Абзал Сапарбекули.

Мутахассислар туркий давлатларни бирлаштиришдан кўпроқ Туркия давлати манфаатдор эканлигини ва ушбу ташкилот орқали геосиёсий қарашларини мувофиқлаштиришга интилишини эътироф этишади.

Ҳартомонлама манфаат

Туркиялик сиёсатшунос Аҳад Андижонийга кўра, Туркия қардош тилли давлатлардан бир томонлама манфаатни кўзламайди. Минтақада Россия ва Хитой биринчи навбатда ўз манфаатларини кўзлаб ҳамкорлик қилмоқда. Аммо, Туркиянинг ҳаркатлари ҳартомонлама тенг ҳамкорликкка асосланган.

"Туркия фақат ўз манфаатини ўйлаб бу ишларни қилмаяпти. Бир бирларига кўмак қиладиган, яъний туркий тилли давлатларнинг бир-бирларини қўллаб-қувватлайдиган шаклда кенгаш олиб бориш нияти бор Туркиянинг", - дейди Аҳад Андижоний

Аҳад Андижонийнинг қўшимча қилишича, айрим туркий давлатларнинг ушбу кенгашга бефарқ қараётгани вақтинчалик масаладир. Авлодлар алмашиши билан ушбу ҳамкорликнинг муҳим эканлиги англашиб борилади.

Ушбу ташкилотнинг бугуни ва келажагига ишончсизлик кўзи билан қарайдиган мутахассислар ҳам бор. Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов ёнма ён яшаб боши бирикмаётган туркий тилли давлатларнинг ушбу кенгаш остида мақсадлари муштарак келиши амримаҳоллигини айтади.

"Марказий Осиёда жойлашган туркийзабон давлатларнинг ташқи сиёсатлари ўзгарувчан бўлиб турибди. Шу нуқаи назардан Марказий Осиё давлатларини туркийзабон давлатларнинг саммити ёки кенгаши деган ташкилот у ёқда турсин, ҳаттоки, ўзаро минтақа миқёсида ва МДҲ доирасида бирлаштириш қийин бўлаяпти", - дейди Фарҳод Толипов.

Сиёсатшуносга кўра бир қарашда Туркийзабон давлатларнинг ҳамкорлик кенгаши жозибадор, қизиқарли ва муҳим ташкилот бўлса-да, айни дамда у Марказий Осиё давлатлари учун қўшимча геосиёсий юк бўлиб турибди.