Ҳиллари Клинтон Тожикистон раҳбарлари билан учрашди

Ҳамрохон Зарифий ва Ҳиллари Клинтон Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Америка Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Тожикистон пойтахти Душанбеда давлат раҳбарлари билан учрашган.

Душанбедаги мулоқотларда кутилганидек, Афғонистондаги вазият ва бу мамлакат иқтисодини тиклаш масалаларига диққат қаратилган.

Аввало, Президент Имомали Раҳмон Тожистон мазкур расмий сафарга алоҳида эътибор қаратаётгани ва бу Тожик-Америка муносабатларини янада ривожланишига ҳисса қўшишига умид қилишини айтган.

Ўз ўрнида Клинтон хоним илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирган ва Тожикистонни 20 йиллик мустақиллиги билан табриклаган.

Афғонистон масаласи Бундан олдироқ Америка Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон Душанбе шаҳридаги Исмоилия марказида нодавлат ташкилотлар, журналистик уюшмалар ва ёшлар ташкилотлари вакиллари билан учрашган.

У ердаги мулоқотда ҳам Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга тўхталган ҳамда қўшни давлатлар ҳам бу мамлакат тинчлик жараёнига ҳисса қўшишлари кераклигини таъкидлаган.

Хоним Клинтоннинг айтишича, Марказий Осиё ва Афғонистон орасида эркин тижорат ва иқтисодий ҳамкорликларни ривожлантириш мақсадида Америка Ташқи ишлар вазирлиги "Янги ипак йўли" лойиҳасини ишлаб чиққан. Мазкур лойиҳа доирасида Афғонистонга электр қуввати етказиш ва Шимолий Афғонистондаги минтақалар иқтисодини тиклашда ёрдам кўрсатиш мумкин.

Ҳозир Тожикистон Афғонистон шимолидаги Қундуз ва Бағлон вилоятларини электр қуввати билан таъминлайди. Шунингдек, Тожикистон ҳудуди орқали Афғонистонга озиқ-овқат, қурилиш материаллар ва бошқа тижорий юклар етказилади.

Клинтон хоним Россия ҳам Афғонистон муаммоси ечимида ҳисса қўшишига ишонишини айтган.

Айни дамда, Ҳиллари Клинтон Америка ва НАТО кучлари Афғонистонни тарк этганларидан сўнг, бу мамлакатда тинчлик ва барқарорлик бўлишига умид қилишини билдирган.

Халқаро кучларни Афғонистондан 2014 йилга бориб олиб чиқиб кетиш режаланган.

АҚШ Давлат котибаси Афғонистон давлати инсон ҳуқуқлари, айниқса, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жиддий эътибор қаратишлари кераклигини алоҳида таъкидлаган.

Ҳиллари Клинтонга кўра, Толибон режимининг қулаши кетидан аёллар ва қизлар мактабларда таълим олиш ва давлат идоралари ва нодавлат ташкилотларда ишлаш ҳуқуқига эга бўлдилар, келажакда ҳам Афғонистон давлати аёлларнинг эркаклар билан бир қаторда жамият ҳаётида иштирок этишлари учун шароит яратиши лозим.

'Диний чекловларни маъқулламайман'

Душанбедаги учрашувлари чоғи Америка Давлат котибаси мамлакатдаги диний чекловларни маъқулламаслигини айтган ва бу диний экстремизмнинг янада ёйилишига хизмат қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий билан матбуот анжуманида гапирган Клинтон хоним: "Мен диний эркинликларга киритилган чекловларга қўшилмайман", деб айтган. Унга кўра, чекловлар диний қарашларни яширин кўриниш олишига ва бу экстремизм болалашига етаклаши мумкин. АҚШ Давлат котибаси Марказий Осиёга йўл олиши махлум бўларкан, қатор халқаро ташкилотлар ҳукуматлар раҳбарлари билан учрашувлар чоғи инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга ундашган.

Куни кеча бу борада баёнот чиқарган Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти айнан мамлакатдаги диний чекловлар масаласи, шу билан бирга яқинда мамлакатда фаолият олиб борган икки журналист-Би-би-си мухбири Ўринбой Усмон ва "Нури Зиндаги" маҳаллий нашри мухбири Махмудюсуф Исмоиловларга чиқарилган маҳкама ҳукмга диққат қаратганди. Ҳюман Райтс Уотч мамлакатдаги ҳибсхоналарда қийноқ амаллари ҳам давомий муаммо эканини айтади. Ишонилича, 2011 йилнинг ўзида қийноқлар натижасида икки инсон оламдан ўтган.

Шу билан бирга ташкилот ўз баёнотида Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонга дастлабки тергов жараёнида номақбул муносабат қилинганини эслатган.