Қозоқ расмийси: 'Тони Блейрнинг маслаҳати бебаҳо'

2000 йилдаги Лондондаги учрашув Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Британияда нашр этиладиган нуфузли рўзномалар хабар беришича, мамлакатнинг собиқ бош вазири Тони Блейр Қозоғистон ҳукуматига иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Қозоғистонни Ғарбга қандай тақдим этиш борасида маслаҳат беради.

Бу ҳақда Лондонда нашр этиладиган қатор рўзномалар мақола эълон қилганлар.

"Телеграф" рўзномасининг мақоласи "Тони Блейр Қозоғистоннинг баҳсли ҳукуматига ёрдам бермоқда" деб номланади.

"Файнэшнл Таймс" эса мақоласини "Блейр Қозоғистоннинг ҳуснига оро бераяпти" дея сарлавҳалаган.

Яна бир мақола эса "Тони Блейр нефтга бой мижозидан миллионларни олмоқда" деб номланган.

Хабарларга кўра, Британиянинг собиқ Лейборист бош вазири ҳукуматдалиги пайтида ўзи билан бирга ишлаган таниқли шахслар Алистер Кэмпбелл и Джонатан Пауэллдан иборат гуруҳ тузган, уларнинг вазифаси Қозоғистон раҳбариятига маслаҳат беришдан иборат.

"Файнэшнл Таймс"га кўра, Остонадаги Қозоғистон расмийларидан бири ушбу келишув Қозоқ ҳукумати ва жаноб Блейр ўртасида эканини тасдиқлаган, бироқ Британиянинг собиқ бош вазирига қанча ҳақ тўланишини очиқламаган.

"Унинг маслаҳати бебаҳо. Қозоғистон ундан сиёсатга ва иқтисодиётга тааллуқли энг яхши маслаҳатни олиши мумкин. Биз ундан яхшироқ маслаҳатчи тополмаймиз", деб айтган Қозоқ расмийси "Файнэшнл Таймс" рўзномасига.

Собиқ бош вазир Блейр идораси "1991 йилда коммунизм қулаганидан буён қудратда бўлган Совет политбюроси аъзоси Нурсултон Назарбоев режимига маслаҳат бераётган Оврўподаги бир неча собиқ раҳбарлар орасида жаноб Блейрнинг ҳам борлиги"ни тасдиқлаган, бироқ келишув мазмуни борасида шарҳ беришдан бош тортган.

"Телеграф" рўзномаси ёзишича, жаноб Блейрга йилига 8 миллион фунт стерлинг ҳақ тўлашга келишилган, "Файнэшнл Таймс" рўзномаси 13 миллион долларлик рақамни келтирган.

Жаноб Блейрнинг ўзи бу рақамни нотўғри, деб айтган, бирор бир "шахсий даромад кўраётганини" рад этган.