Тони Блейрнинг Қозоғистонга маслаҳатлари чиндан 'бебаҳоми'?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Британияда нашр этиладиган нуфузли рўзномалар мамлакатнинг собиқ бош вазири Тони Блейр Қозоғистон ҳукуматига иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Қозоғистонни Ғарбга қандай тақдим этиш борасида маслаҳат бериши ҳақида ёзишган.

Хабарларга кўра, Британиянинг собиқ Лейборист бош вазири ҳукуматдалиги пайтида ўзи билан бирга ишлаган таниқли шахслар Алистер Кэмпбелл и Джонатан Пауэллдан иборат гуруҳ тузган. Уларнинг вазифаси Қозоғистон раҳбариятига маслаҳат беришдан иборат.

Британия Бош вазири ва у етакчилик қилаётган гуруҳнинг Қозоғистонга беражак маслаҳати, Остонадаги ҳукумат мулозими айтмоқчи, ҳақиқатдан ҳам бебаҳо-ми? Суҳбатдошимиз Лондондан таҳлилчи Жон Маккарти.

Жон Маккарти: Тони Блейр берадиган маслаҳат Қозоғистон президентига деярли бебаҳо эканига ишончим комил. Тони Блейр бошчилигидаги гуруҳнинг ўзи Қозоғистон иқтисодиётини ёки унинг сиёсий тузумини ислоҳ эта олмайди. Аммо бу гуруҳ Қозоғистонга дунёга ўзини қандай тақдим этиш зарурлиги ва дунёга таниқли давлат арбоблари билан алоқа қилишда қандай механизмлардан фойдаланиш лозимлиги бўйича маслаҳат беришга қодир деб ҳисоблайман. Бу ишларни амалга оширишда Тони Блейр ва унинг сафдошлари Қозоғистон ҳукуматига лобби гуруҳи сифатида хизмат қилиши мумкин. Улар дунё саҳнасида Қозоғистонни айтилаётганидан яхшироқ мамлакат эканига ишонтиришга ҳаракат қилишади.

Би-би-си: Қозоғистон Тони Блейрдан сиёсатга ва иқтисодиётга тааллуқли қандай маслаҳатларни олиши мумкин?

Жон Маккарти: Тони Блейр йиллар давомида халқаро сиёсий мавзулар билан ишлаш бўйича устаси фарангга айланди. Мисол учун, уни Қўшма Штатларда ҳалиям жуда ҳурмат қилишади. У шунингдек у Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Яқин Шарқнинг баъзи нуқатларида обрўга эга. Умуман олганда, у қудратли сиёсий ва молиявий давраларга таъсир кучини ўтказа оладиган шахсдир. Албатта, Тони Блейр Қозоғистонга иқтисодни ривожлантириш бўйича янги лойиҳани тақдим этмайди. Лекин, Қозоғистон ҳукуматини қизиқтирган жиҳат унинг тарғибот юргизиш қудрати ва шахсий алоқаларидир.

Би-би-си: Ҳозир Қозоғистон дунёнинг ривожланган 50 мамлакати рўйхатига кирди. Лекин, Қозоғистон ҳам, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари сингари авторитар, сўз эркинлиги чекланган ва мухолифат сиқувга олинган мамлакат ҳисобланади. Тони Блейр учун Остона расмийлари билан ишлаш қанчалар осон бўлади?

Жон Маккарти: Сиз бу ерда сиёсий ва иқтисодий тараққиётдаги фарқларни тўғри кўрсата билдингиз. Лекин, ривожланиш - ривожланиш деганда сиз нимани назарда тутишингизга боғлиқ. Қозоғистон иқтисодий жиҳатдан ва аҳоли жон бошига олинадиган даромад ҳисобига тараққий этаётган бўлиши мумкин. Аммо Қозоғистоннинг сиёсий жиҳатдан эришган ютуқлари билан умуман мақтана олмайсиз. Охирги йилларда олинган юзаки қарорларга қарамасдан, Қозоғистон ҳалиям бир киши идора қилган, авторитар давлатлигича қолмоқда. Лекин, Тони Блейр бошчилигидаги жамоани Қозоғистонни демократлаштириш масаласи унчалик қизиқтирмайди. Бу гуруҳ, энг аввало, ўзи учун молиявий имтиёзлардан баҳраманд бўлиш мақсадида Қозоғистонга кўз тиккан. Шунинг учун иккала тарафга ҳам биргаликда ишлаш жуда осон бўлади деб ўйлайман. Ўртада зиддият бўлмайди, чунки бу ерда Қозоғистон ҳукумати муштарий бўлса, Тони Блейр гуруҳи Қозоғистон обрўсини кўтаришга интилгани учун ҳамёнини тўлдиришни ўйлаб иш тутади.

Би-би-си: Ва ниҳоят, Остона берган миллионлаб доллар маблағ ўзини оқлайдими?

Жон Маккарти: Агарда Тони Блейр ҳайъати эга бўлган алоқаларни инобатга олсак, Остонага миллионлаб доллар маблағни сарфлаш жуда арзон гаровга тушади. Бу ерда муҳими шахсий алоқаларнинг қандай ривожланишига боғлиқ. Мен Тони Блейр жаноблари ҳозиргача Қозоғистонга сафар қилган ва кўплаб қозоқ расмийлари билан учрашган деб ишонаман. Шундай экан, менимча, шахсий муносабатлар жуда яхши йўлга қўйилган, гап энди халқаро саҳнада Қозоғистон ҳукуматига қудратли гуруҳ томонидан яхши хизмат кўрсатилишига ва бунинг самарасини олишга қолди.