Оврўпо Иттифоқи: Тожикистон Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновга нисбатан мавқесини шарҳлаши лозим

Оврўпо Иттифоқи ҳайъати Тожикистон расмийлари билан мулоқотда бу давлатнинг Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов борасидаги мавқеси ва Тожик расмийларининг бу нозик масала борасидаги келажак амаллари ҳақида сӯраган.

Оврўпо Иттифоқи Тожикистонда сӯз эркинлиги вазияти ёмонлашганидан хавотир билдирган.

Мазкур баёнот Душанбе шаҳрида бӯлиб ӯтган "Оврўпо Иттифоқи ва Тожикистон орасидаги инсон ҳуқуқлари борасидаги муҳокама"да эълон қилинди.

Оврўпо Иттифоқининг инсон ҳуқуқлари бӯйича бӯлими раҳбари Рина Кионк Би-би-си мухбири Ӯринбой Усмоновнинг қамоқдан озод этилганини олқишлаган.

Аммо унга нисбат эълон этилган маҳкама қарори нақадар одилона эканлиги борасида шубҳа билдирган.

Кионк хонимнинг айтишича, Оврўпо Иттифоқи ҳайъати Тожикистон расмийлари билан мулоқотда бу давлатнинг жаноб Усмон борасидаги мавқеси ва келажак амаллари борасида изоҳ сӯраган.

Зеро, Рина Кионк таъкидлашича, Оврўпо Иттифоқи учун сӯз эркинлиги муҳим ва асосий масалалардан ҳисобланади.

"Биз Тожикистон томони билан жаноб Усмонов масаласи борасида музокара олиб бордик. Бу мавзу Оврўпо Иттифоқи учун муҳим ва асосийдир. Биз мамлакатда сӯз эркинлиги вазияти тобора ёмонлашиб бораётгани борасида хавотир билдирдик. Шунингдек, Тожикистон томонидан Ӯринбой Усмоновни Хўжанд шаҳар қамоқхонасида қийноққа тутилгани ҳолати юзасидан тергов ўтказилишини сӯрадик", - деди Рина Кионк.

Айни дамда, Тожикистон Маданият вазирлиги мамлакатда сӯз эркинлигига тӯсиқликлар мавжудлиги борасидаги айбловларни рад этди.

Ушбу вазирлик масъул ходими Сайфулло Қодировнинг айтишича, Би-би-си мухбири Ӯринбой Усмонов ва мустақил журналист Маҳмадюсуф Исмоилов журналист сифатида эмас, балки Тожикистон фуқароси сифатида маҳкамада муҳокама этилганлар.

Жаноб Қодировга кӯра, уларнинг жиноий ишлари журналистларнинг касбий фаолиятларига боғлиқ эмас.

Аммо Ӯринбой Усмоновнинг ҳам, Маҳмадюсуф Исмоиловнинг ҳимоячиси ҳам икки инсоннинг журналистик фаолияти ва танқидий мақолалари учун маҳкамага тортилганликларини айтганлар.

Би-би-си мухбири Ўринбой Усмоновни Суғд вилояти маҳкамаси айбдор деб топган, уни уч йиллик қамоқ жазосига маҳкум этишга қарор қилган, унга нисбатан Тожикистон авф қонуни қўлланиб озод этилгани айтилган.

Би-би-си ўз мухбирига нисбатан Суғд вилояти маҳкамаси қарорини қоралаган.

Ӯринбой Усмонов ўзининг бегуноҳ эканлигини таъкидлаб, мазкур ҳукм устидан шикоят аризаси билан маҳкамага мурожаат этган.