Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов 'Туркманистон қаҳрамони' деб топилди

Туркманистон парламенти президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга "Туркманистон қаҳрамони" унвонини беришга қарор қилди.

Депутатларнинг қарори Оқсоқоллар кенгаши томонидан ҳам дастакланган.

Аён бўлишича, "Мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқининг бахтиёр бугуни ва келажагини таъминлаш, давлатнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш, миллий иқтисод ва маданиятни ривожлантиришга қўшган мислсиз ҳиссаси учун" оқсоқоллар туркман раҳбарини бу каби Олий унвон билан тақдирлашга қарор қилишган.

Оқсоқоллар кенгашида чиқиш қилган президент Бердимуҳаммедов, "халқининг фаровонлиги йўлида қўлидан келганча хизмат қилиш"га ваъда берган.

Мукофот

Туркманистон қонунчилигига мувофиқ, "Туркманистон қаҳрамони" унвони соҳиби "Олтин Ярим ой" медали билан тақдирланади, 25 минг АҚШ долларига тенг бир маротабалик мукофот пули олади ва ойлик маошига ҳам эллик фоиз қўшилади.

2009 йилда ҳам Туркманистон Марказий сайлов ҳайъати раиси Мурод Карриев президент Бердимуҳаммедовни "Туркманистон қаҳрамони", деб топиш ташаббуси билан чиққанди.

Аммо бунга ҳали эрта эканини айтиб, туркман раҳбарининг шахсан ўзи унинг таклифини рад этганди.

"Мен ҳали ёш бўлсам, менга бундай олий унвонни беришларинг учун ҳали бироз ишласам дейман", деганди жаноб Бердимуҳаммедов.

Туркманистоннинг собиқ президенти, марҳум Сапармурот Ниёзов эса, олти карра "Туркманистон қаҳрамони" бўлган.

Бу биринчиси эмас

Гурбангули Бердимуҳаммедов 2007 йилда, Туркманбошининг кутилмаган ўлими ортидан қудратга келганди.

Аммо орада кечган қисқа вақт давомида марҳум Ниёзовга ўхшаб, аллақачон кўплаб унвонлар ва мукофотлар олишга улгурган.

Президент Бердимуҳаммедов Тиббиёт ва Иқтисодиёт фанлари доктори, Туркманистон Қуролли кучлари генерали ва Туркманистон Фанлар академияси академиги саналади.

Бундан ташқари, спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун карате бўйича қора белбоқ соҳибига ҳам айланган.

"Туркманистон қаҳрамони" унвони мамлакатдаги энг олий нишон саналади.

Бу каби унвон фақат давлат ва халқ олдида мислсиз хизмат қилган Туркманистон фуқароларигагина берилади.