Қирғизистон: қудратга келган президентнинг бошқалар билан муроса қилишига тўғри келади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Сайлов арафасида Бишкек атрофида қор ёғди

Қирғизистонда 30 октябр куни президентлик сайловида овоз берилади.

Бугун барча тарғибот ташвиқот жараёни тин олган.

Агар сайловлар муваффақият қозонадиган бўлса, бу Қирғизистоннинг йигирма йиллик тарихида илк бор тинч йўлда қудрат алмашиши бўлади.

Бошқа томондан бу демократик йўлда сайлов билан қудратда кучлар ўзгариши бутун Марказий Осиё минтақаси учун том маънода мисли кўрилмаган воқелик деб айтиш мумкин.

Жон Ҳезершоу Марказий Осиё масалаларида мутахассис ва у шу кунларда Қирғизистонда.

Би-би-си Жон Ҳезершоу билан боғланиб, Қирғизистоннинг қўшнилари бу сайловларни қандай кузатаётган бўлишлари мумкин деб сўради.

Жон Ҳезершоу: Қирғизистонни қўшни давлатлар хавотир билан кузатишмоқда. Уларнинг назарида Қирғизистон беқарор бир мамлакат, ана шу беқарор мамлакатда беқарор бир паллада сайлов кечмоқда. Улар агар Қирғизистонда яна зўравонлик юз берса ва зўравонлик билан қудратдагилар ўзгарса, бу беқарорлик чегаралар оша ўз ҳудудларига ҳам ўтишидан хавотирдалар. Аммо мен бу хавотирлар ҳақиқий ҳаётни тўла акс эттиради, деб ўйламайман, айниқса 2011 йилда кечаётган сайловлар манзарасида...

Би-би-си: Сизнингча, парламентга кўпроқ ваколатлар берилган янги тузум муваффақиятга эриша олармикан? Ёки янги келадиган президент яна ўзига кўпроқ қудрат ва ваколат олишга ҳаракат қилмайдими?

Жон Ҳезершоу: Менимча, ким қудратга келса ҳам бошқа номзодлар билан муроса қилишига тўғри келади. Бунинг устига парламентда ҳар хил партиялар бор, шунинг учун ҳам президент яна қудратни ўз қўли остига олиши осон бўлмайди, деб ўйлайман. Менимча қудратда бир мувозанат бўлади. Чунки дейлик президент бир партиянинг вакили, албатта парламентда ўз тарафдорларига эга бўлади, аммо парламент фақат унинг тарафдорларидан иборат бўлмайди. Шунинг учун ҳам президент қудратни осонгина яна қайтариб олиши мушкул бўлади, деган фикрдаман.

Би-би-си: Агар сайловлар муваффақиятли ўтса ва бу қудрат бўлишиш мамлакатни барқарорлаштирса, айни ҳолат Қирғизистон қўшниларига ўрнак бўлади деб ўйлайсизми?Жон Ҳезершоу: Бундай деб ўйламайман, Қирғизистон қўшниларидан фарқ қилади. Бу фарқ мамлакат тарихи билан боғлиқ. Шўролар қулаганидан кейин Қирғизистонда анчайин ранг-баранг сиёсий тизим ўртага келди. Қудрат мамлакатнинг турфа минтақаларига бўлинганди. Бизнес одамлари ҳам сиёсатда эмас эдилар, аммо қудратга эга эдилар. Бу эса сиёсатда рақобат маданиятини юзага чиқарди. Ўзбекистон ва Қозоғистонда жуда тезликда қудратнинг пирамидага ўхшаш марказлашган шакли жуда тез яратилди. Бу мамлакатларда бошқарув тузуми бошқача, Қирғизистон уларга ўрнак эмас, аксилўрнак бўлади деб ўйлайман. Албатта халқаро ҳамжамият бу давлатларга кўпроқ босим ўтказиши мумкин, аммо Қозоғистон ва Ўзбекистондаги тузумлар Қирғизистон модели томон жиддий қадамлар ташлайди деб ўйламайман.

Би-би-си: Янги президент учун асосий ва биринчи ўриндаги муаммо нима бўлади деб ўйлайсиз? Жон Ҳезершоу: Менимча, қудрат бўлашишнинг бир неча ойи давомида ноаниқлик муҳити юзага келади. Парламентдаги турли фракциялар ва президент ўртасида қизғин мубоҳасалар кечади, муроса йўллари кўрилади. Мен Қирғизистон ҳукумати мамлакатдаги ўзбеклар ҳаётига доир тезлик билан бирор бир чора кўради деб ўйламайман. Америка ҳаво базасининг тақдирига доир ҳам жиддий ўзгаришларни бу яқин келажакда кутмайман.