Қирғизистон: икки асосий номзод қонун бузилишлари ҳақида айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

30 октябр куни Қирғизистон фуқаролари президентлик сайловида овоз берганлар.

Сайлов расмийларига кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга уч миллион фуқаронинг 50 фоиздан ортиғи сайловда иштирок этган.

Парламент бошқарувига ўтган мамлакатдаги ушбу президентлик сайлови Қирғизистоннинг Марказий Осиёдаги бошқа яккаҳукмрон қўшниларига демократия намунаси бўлиб хизмат қилиши айтилган.

Мухбирларга кўра, кўп сондаги номзодларнинг иштироки таъминланган сайлов халқаро кузатувчилар томонидан олқишланганига қарамасдан, у Қирғизистондаги шимол ва жануб ўртасидаги тарангликни кучайтириши мумкин деган хавотирлар билдирилган.

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 19 да ёпилган.

Пойтахт Бишкекда овоз берган Президент Роза Ўтинбоева барча номзодларга тенг имкониятлар яратилган, деб айтди.

"Бу сайлов, худди парламент сайловларига ўхшаб, барча номзодларга мутлақо баробар шароитлар яратган, деб ҳисоблайман. Номзодларнинг бирортасида ҳам бошқаларига нисбатан қандайдир устунлик йўқ".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Адахан Мадумаров мисли кўрилмаган қонун бузилишлари ҳақида гапирган

Президентлик сайловида 16 номзод илгари сурилган, уларнинг орасида энг машҳурлари Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Алмазбек Атамбоев, Адахан Мадумаров ва Қамчибек Ташиев бўлдилар.

Алмазбек Атамбоевнинг бошқа рақибларига нисбатан кўп овоз тўплаши мумкинлиги тахмин этилган.

Якшанба куни кечга яқин Алмазбек Атамбоевнинг икки асосий рақиби овоз бериш жараёнидаги қонун бузилишлари ҳақида баёнот бердилар.

Етакчи миллатчи номзодлардан бири деб кўрилган Қирғизистон парламентининг собиқ спикери Адахан Мадумаровнинг овоз бериш якунланганидан кейин журналистларга айтишича, улар "беқиёс қонун бузилишларининг" гувоҳи бўлганлар.

"Биз бундан олдин бунчалик бебошликни кўрмаганмиз", деган жаноб Мадумаров ўз сайловчиларининг ҳуқуқлари учун "барча қонуний механизмларни ишга солишга" ваъда берган.

Қирғизистон шимолидаги Норин вилоятида овоз берган яна бир миллатчи номзод Қамчибек Ташиев, сайловда сохтагарчиликларга йўл қўйилса, одамлар кўтарилиши мумкин, деб баёнот берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қамчибек Ташиев Алмазбек Атамбоев фойдасига маъмурий ресурслардан фойдаланилган, деб айтган

"Биз олаётган хабарларга кўра, бутун республика бўйича сайлов қонунлари бузилишига йўл қўйилган. Расмийлар ҳукумат номзоди Атабмоев учун давлат ресурсларини ишга солганлар. Афсуски, улар донолик овозига қулоқ солиш ёки адолатли сайлов ўтказишни хоҳламаяптилар. Агар овоз бериш адолатсиз бўлса, Қирғизистон халқи бу сайловни тан олмайди", деб айтган Қамчибек Ташиев.

Қирғизистондаги бу йилги сайловда илк бор овоз берган сайловчининг чап қўлига сиёҳ суртиш амалиёти жорий этилган.

Айрим сайловчиларнинг қўлига сиёҳ суртишни истамагани сабабли овоз беришда иштирок этмаганлари хабар қилинган.

Ўзбеклар кўпроқ қайси номзодга мойиллар?

Овоз бериш жараёнида сайлов участкасига борган кўплаб сайловчилар рўйхатда ўзларининг исм-шарифларини тополмаганлар.

Бутун бошли оила аъзолари исмини рўйхатдан тополмаган Ўш шаҳридаги сайловчилар норозилик изҳор этишган, маҳаллий сайлов мулозимининг телевидение орқали узр сўрашига тўғри келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

2010 йил июнида ўзбеклан билан қирғизлар ўртасида қонли низолар кечган ва расман 500 га яқин инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида овоз беришлар тинч ўтган.

Президентлик сайлови туфайли зўравонликлар юз бериши олдини олиш мақсадида жанубга қўшимча хавфсизлик кучлари ташланган, бир ой давомида қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилган.

2010 йилдаги қонли зўравонликлар пайти аксар азият чеккан ҳамда ундан кейинги даврда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзбошимчалиги билан юзма-юз яшашига тўғри келаётган Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар ушбу президентлик сайловига ўзлари учун тинчлик ҳамда қонун ижросини таъминлайдиган раҳбарни олиб келадиган тадбир сифатида қараганлар.

Мухбирлар билан гаплашган аксар ўзбеклар бошқа миллатчи номзодларга қараганда собиқ бош вазир Алмазбек Атамбоевни кўпроқ дастаклашлари ҳақида айтганлар.

Бунда оддий ўзбеклар жаноб Атамбоевнинг Россия билан, Россия Бош вазири Владимир Путин билан яқин экани миллатлараро фожеа такрорланиши олдини олади, дея умид қилишларини билдирганлар.