Ўшлик қочоқ: 'Ким президент бўлишидан қатъиназар халқни бир кўзда кўрсин'

Россияда муҳожиратда яшаётган ўшлик суҳбатдошим Фарида билан Қирғизистон жанубида ўтган йил юз берган қонли миллий низолар ортидан Москвадаги ҳамкасбим орқали сиртдан танишиб олганимизга ҳам икки йилча бўлди. Ўшандан буён касбим тақозоси билан тез-тез суҳбатлашиб, орада ҳол-аҳвол ҳам сўрашиб турамиз. Бу гал Қирғизистондаги президентлик сайловлари сабаб, Фаридани яна безовта қилишимга тўғри келадиган бўлди. Ҳар қандай иш жойида муайян бир юмушни бажариш учун аниқ бир муҳлат белгиланмайдими, ушбу лавҳани тайёрлаш учун менинг ҳам ихтиёримда бор-йўғи бир кун бор эди. Шу боис, бу гал ҳам минг хавотир ва яна шунчалик умид билан Фаридага қўнғироқ қилдим: “Ишқилиб, йиғ-тер, пишир-куйдир билан банд бўлиб, қўл телефонини ўчириб қўймаган бўлсин-да. Устига устак, уй соҳиблари ҳам уйда бўлишса, ноқулай бўлмасмикан?..”Фарида ҳалиям ўзи ва 6 яшар қизалоғининг кўз ўнгида уйининг кули кўкка совурилган ўша воқеалар ортидан икковлашиб амал-тақал қилиб қочиб борганлари – Москвада туради. Зиёли бир хонадоннинг уйини тозалаб, кирини ювиб, овқатини пишириб, кундалик тирикчилигини ўтказади. Ўшаларнинг уйида ижарада ҳам туради. Йўқ, бахтимга, Фарида узоқ куттирмади. Бир-икки қисқа гудокдан сўнг, гўшакдан, “Лаббай”, деган жавоби эшитилди. Салом-алигимизданоқ Фариданинг хурсандлиги сезилиб турарди: “Феруза опа, биласизми, ҳозиргина бир неча ойдан буён санаторийда ётган қизалоғимни кўриб келдим. Ўқишни ўша ерда бошловди. Ўқитувчилари қизимни роса мақташди. Менга, “Яхши қиз тарбиялабсиз”, дейишди...”Жажжи қизчасининг ютуқлари билан табрикларканман, секин мақсадга кўчдим. Мени Фариданинг ўз она Ватани – Қирғизистондаги бўлажак президентлик сайловлари ҳақидаги ўй-фикрлари қизиқтирарди. Чунки айрим таҳлилчилар наздларида агар бугунги сайловлар муваффақият қозонадиган бўлса, бу Қирғизистоннинг 20 йиллик тарихида илк бор тинч йўлда қудрат алмашиши бўлади. Ва шу боис, ушбу сайловларга тикилаётган умид кўзлари ҳам озмунча эмас.Фариданинг оҳанги эса, бирдан ҳазин тортди: “Ишонасизми, Қирғизистон нимагадир мени умуман қизиқтирмайди. Тўғри, туғилиб, ўсган жойимиз. Шунча обод шаҳарни бир кунда вайрон қилишдию...Шуниси менга ҳануз алам қилади. Нимагаки, ўша воқеаларни ўзим, ўз кўзим билан кўрдим-да!” Фарида ҳафсаласи қанчалик пир эканини яширмаган оҳангда яна сўзларида давом этади. У сайловлар, президент деган гапларга бугун Москва кўчаларида саргардон ўзи билган кўплаб тақдирдошларининг ҳам ҳеч бир қизиқишлари қолмаганини айтади: “Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Бизни президент қизиқтирмайди. Қаер тинч экан, деб, худди лўлиларга ўхшаб дарбардарликда юрибмиз-да...Қаерга бошимни уришни билмайман, деган халқлар бор бу ерда”. Фарида муҳожиратдаги ўзлари-ку, майли, ҳатто, бугун Ўшда ёлғиз боши билан қолган 82 ёшли кекса онасининг ҳам асосий ташвиши президентлик сайловлари ёки янги президент эмас, халқнинг тинч яшаши бўлиб қолганини айтади. Шундай деркан, Фариданинг овозлари титраб кетади.

“Бошимиз қотиб қолган”

Қирғизистондаги президентлик сайловлари ўтган йил июн ойида жанубий Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида юз берган қонли миллий низолардан ҳеч қанча вақт ўтмай бўлиб ўтмоқда. Маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар орасида келиб чиққан ўша тўқнашувлар юзлаб инсонларнинг умрларига зомин бўлганди. Минглаб уй-жой ва тижоратларга ўт қўйилганди. Юз минглаб одамлар эса, дарбадарликка юз тутишганди. Орада кечган вақт давомида қочоқлардан аксарияти ортга, ўз уйларига қайтишган. Аммо, халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига қаралса, улардан 60.000 га яқини ҳануз Қирғизистон ва дунё бўйлаб дарбадарликда ҳаёт кечиришмоқда. Қочоқлардан аксариятининг ўзбеклар экани айтилади. Уларнинг зўравонликлардан қочиб, бош уриб борган жойлари эса, асосан Россия ва Туркия. Ўшлик икки боланинг отаси 34 ёшли Нодиржон ҳам ана шундай қочоқлардан бири. Аёли миллий низолар чоғида қаттиқ қўрқиши натижасида беш ойлик ҳомиласидан айрилган. Нодиржон ўзи ва оиласининг хавфсизлигини ўйлаб, зўравонликлардан қисқа вақт ўтмай, Қирғизистонни тарк этган. Ўшандан буён Туркияда муҳожиратда яшашади. У ерга борган заҳоти расман қочқинлик мақоми беришларини сўраб, Бирлашган Миллатлар Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг ваколатхонасига мурожаат этган. Аммо ҳануз тайинли бир жавоб ололмаган. Нодиржон бутун оиласининг тақдири номаълум бўлиб турган бир пайтда, президентлик сайловлари кўнглига сиғмаслигини айтади: “Гап қизиқиш, қизиқмасликда ҳам эмас. Овоз беришга ҳақлимизми, йўқми, буни ҳам билмаймиз. Биз оиламиз билан БМТга мурожаат қилганмиз. Женевадан жавоби келади, деган, ўшани кутиб ётибмиз. Энди, қанақа жавоб келади, қочқинлик мақоми бериладими, йўқми, ё уёғли ва ё буёғли бўлади-да...Бошимиз қотиб қолган – агар қочқинлик мақоми берилмайдиган бўлса, Туркияда қоламизми, нима қиламиз, ўйлаб ўйимизга етолмай ётибмиз ҳозир”. Нодиржоннинг шундан кейин мендан сўраган ягона саволи ҳам, қай бир Оврўпо давлатида муҳожир бўлиб яшашнинг осонроқ экани ҳақида эди...

Аросатдаги ҳаёт

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Нодиржон каби Туркиянинг биргина Газиантеп вилоятида аросатда қолган қирғизистонлик қочоқ оилаларнинг сони ҳануз ўнлабдир. Икки боланинг онаси 35 ёшли Гуласал ҳам улардан бири. У мақоми боис Туркияда расман ишлашга ҳақли эмас. Молиявий ёрдам ҳам ололмайди. Қочиб борган давлатингизда яшашингизга изн берувчи ҳужжат эса, сизга на-да фуқаролик ва на-да ишлаш ҳуқуқини беради. Гуласал бугунги асосий ташвишлари она Ватанларида бўлиб ўтаётган президентлик сайловлари эмас, болаларининг қорнига ул-бул олиш учун қандай қилиб бўлса-да, тўрт танга пул топиш эканини айтади: “Кимдир банан сотаяпти, кимдир қайсидир дўконга ёрдам берган, соатлик, кунлик, ҳафталик қанақадир ишлар қилишяпти. Ҳеч кимнинг кўнглига сайловлар сиғаётгани йўқ. Чунки эртага эшигингизни қоқиб, ҳали ижара пулини сўраб келади, сувга тўлашингиз керак бўлади, ҳали светга, ҳаммаси бирпасда келиб қолади...” Суҳбатдошим бу ердаги ҳаётнинг қийинчилиги сабаб, жуда кўпчилик қирғизистонлик қочоқларнинг мажбур бўлиб Россияга чиқиб кетишганини ҳам таъкидлайди. Гуласал ўзларининг кунларига ҳам Россияда ишлаб, пул топаётган турмуш ўртоғи аро кириб турганлигини айтади. Унга кўра, ҳозир аксарият қариндош-уруғлари ҳам Россияда ва Ўшда деярли ҳеч кимлари қолмаган.

Ватан илинжида

Москвадан суҳбатдошим Фарида ҳам ён-атрофларида миллий низолардан қочиб келган ватандошлари озмунча эмаслигини урғулайди. Буёғи Самарадан тортиб, Свердловск, Хабаровсккача, уларни ҳаммаёқда учратасиз, дейди у. Ўз ўрнида, суҳбатдошларимнинг барчаси фақат учинчи бир давлатга чиқиб кетиш имкони бўлиб қолар, деган умиддагина шунча қийинчиликларга чидаб яшаётганларини айтишади. Фариданинг ишонтиришича, ўзи таниган билган қолган кўпчилик ҳам бугун келажагини Қирғизистонда эмас, ўзга юртларда кўрмоқда. Ва улардан ҳеч бири ортга қайтмоқчи эмас. Чунки уларнинг барчаси Қирғизистоннинг келажаги йўқ хулосага келиб бўлишган, дейди Фарида. “Ҳамма Тошкент, Андижон, Фарғонани мўлжал қилиб юрибди. Ўзимизнинг ўзбекнинг ичида яшаймиз, эрта-индин биз ўлиб кетсак, бола-чақамизнинг бошига яна шундай азоблар тушмасин дейишяпти. Одамлар ҳаммасини ўз кўзлари билан кўришди-да, шунинг учун ҳам ортиқ яхшилик кутмай қўйишган...” Фарида ўзи ҳам ана шу илинжда қизи билан бирга Россия фуқаролигини олиш истагида эканини айтади. Аён бўлишича, Россия паспортигина ўзига ўхшаш қочоқларнинг Ўзбекистонда яшаш ва Қирғизистонга ҳам бориб, келиш имкониятларини осонлаштиради.

Идеал президент

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қирғизистонда ҳар икки гал ҳам қудрат алмашинуви билан якунланган инқилоблар ортидан бўлиб ўтаётган илк президентлик сайловларида рекорд сондаги – яъни йигирмага яқин номзод беллашмоқда. Аммо бугун ўзга юртларда саргардон суҳбатдошларим ўзлари кечираётган муҳожирлик ҳаётининг барча аламларига қарамай, бундан умидбахш эмасликларини айтишади. Улар Қирғизистонда шу пайтгача нечта президент қудратга келган бўлса ҳам, ҳаммаси халқни эмас, кўпроқ ўзини ўйлади-ку, дейишади. Аммо бугун ўзини на-да Қирғизистон, на-да сайловлар ва на-да номзодлар қизиқтираётганини таъкидлаган Фарида эса, суҳбатимиз сўнггида идеал президент ҳақидаги орзуларини яширолмайди: “Ким президент бўлишидан қатъиназар, энг аввало миллатчи бўлмасин. Ҳамма халқни бир кўзда кўрсин. Ўш яна кўркам, обод бўлишини, бола-чақамнинг келажаги бўлишини хоҳлайман...”