Қирғизистоннинг янги президенти Алмазбек Атамбаев шахсига бир назар

Алмазбек Атамбаев Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Алмазбек Атамбаев Қирғизистондаги энг ёрқин сиёсатчилардан бўлмаслиги мумкин, аммо у узоқ йиллардан буён мамлакат сиёсий элитаси аъзосидир.

Жаноб Атамбаев 1980 йилларда ёш коммунист фирқа фаоли сифатида танила бошлади.

Совет Иттифоқи парчалангач у Қирғизистоннинг энг муваффақиятли ишбилармонларидан бири сифатида ном чиқарди.

Кейинчалик Алмазбек Атамбаев ишбилармонликдан сиёсатга ўтди: дастлаб парламент аъзоси бўлди, кейинчалик савдо ва саноат вазири этиб тайинланди.

Собиқ президент Қурманбек Бакиев иқтидорда экан жаноб Атамбаевга бош вазир вазифаси берилди.

Аммо Алмазбек Атамбаев бу лавозимда бор йўғи саккиз ой қолди.

У аввалига истеъфо берди ва кейинчалик Қурманбек Бакиевни қудратдан кеткизган мухолифат сафларига қўшилди.

Ҳукумат алмашинуви жаноб Атамбаевга иккинчи бор бош вазирлик қилиш имконини берди.

Орадан бир неча ҳафта ўтар-ўтмас Қирғизистон жанубида қонли этник низолар бошланиб кетди.

Жаноб Атамбаев бошчилик қилган муваққат ҳукумат қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги миллатлараро можарони бартараф эта олмагани учун танқидлар остида қолди.

Сиёсий манфаатлар минтақаларга қараб бўлинган Қирғизистонда жаноб Атамбаев шимоллик сиёсатчи сифатида танилган.

Кузатувчилар унинг Россия билан чуқур алоқаларга эга эканига ишора қилишади.

Жаноб Атамбаев ҳам бош вазирлиги пайти ва ҳам президентликка номзод бўлган пайтлари Москвага кўплаб марта сафар қилгани маълум.