Қозоғистонда диний экстремизм не қадар кенг тарқалган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Aq Jayiq
Image caption Қозиғистон расмийлари Ақтўба шаҳридаги портлашда диний экстремистик ташкилотлар турганлигини айтмоқдалар.

Қозоғистон ғарбидаги Ақтўба шаҳрида терроризмда айбланиб ҳибсга олинган 8 киши устидан маҳкама бошланди.

Маҳкама жараёни тергов изоляторининг ўзида ёпиқ ва кучли қўриқлов остида бўлиб ўтмоқда.

Бу Қозоғистон ғарбида экстремизмда айбловлари билан ўтаётган иккинчи маҳкамадир.

31 октябр куни Атирау шаҳри марказида содир этилган портлашлар ортидан ҳам ҳибсга олишлар бўлиб ўтган. Қозоғистон ҳуқуқ тартибот органи ходимлари сўнгги портлашларни содир этганликни тан олган "Жунд ал хилафа" гуруҳининг мавжудлигини текширишга киришганини маълум қилган.

"Жунд ал хилафа" интернет орқали видео чиқишида Қозоғистон расмийларидан давлат муассаларида намоз ўқишни тақиқловчи қонунни бекор қилишни талаб қилганди.

Ўз навбатида худкушлик амалиёти содир этган йигитнинг шахси аниқланди. Ҳуқуқ тартибот органлари берган маълумотга кўра у 24 ёшли Атирау шаҳридан Бауржан Султангалиев бўлиб чиқди.

Қозоғистон ғарбида рўй берган сўнгги ҳодисалар жамоатчиликда турли акс садоларига сабаб бўлмоқда. Айрим мутахассислар ушбу портлашлар ортида ижтимоий муаммолар турганлигини айтишади.

Қозоғистондаги КазТАГ халқаро ахборот агентлиги Афғонистондаги бир манбага таяниб "Жунд ал хилафа" "Туркистон Исломий Ҳаракати"нинг бир бўлинмаси эканлигини айтган. Агентликка кўра, "Туркистон Исломий Ҳаракати" аввал "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" номи остида фаолият юритган ташкилотдир.

"Жунд ал хилафа" гуруҳи номидан чиққан интернетдаги мурожаатда Атираудаги портлашларни уюштиришни ушбу гуруҳ зиммасига олинган. Ҳукумат давлат идораларидаги намоз ўқишга тақиқни олиб ташламаса, бундан-да даҳшатли оқибатлар билан огоҳлантирган.

Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси вакиллари мамлакатда бундай жангари гуруҳнинг фаолият юритиши бўлмаган гаплигини айтишади.

Ақтўба вилоят бош имоми Абдумуталлиб Давронбековнинг Би-би-сига айтишича, Қозоғистонда портлашларни амалга оширишга қодир гуруҳнинг мавжуд бўлишига замин йўқ.

Унга кўра, ибодат қиламан деганларга шароитлар яратилган, намозхон одамларнинг сони эса давлат идораларида намоз ўқиш талабини кескин қўядиган даражада кўп эмас.

"Ҳозирда ҳамма намозхон эмас. Ушбу талаб Мисрда кўтарилса, майли дердик. Чунки у ерда вазирлар ҳам намозхон. Саудия Арабистони ва Қатарда кўтарилса ажабланмасдик. Ҳаттоки Ўзбекистон, Тожикистонда ҳам бунча кўп одам намоз ўқимайди. Ўқийман деган кишиларга имконият бор, масжидга бориши мумкин, ҳар доим очиқ турибди", - дейди Абтумуталлиб Давронбеков.

Қозоғистон расмийлари томонидан экстремистик оқимларга алоқадорликда гумон қилинган мусулмонлар ҳам бу каби портлашларнинг Ислом номидан қилиниши қоралашларини айтадилар.

Қозоғистон жанубидаги Сузоқ туманида пайвандчи бўлиб ишловчи Бағдад Шайдазимовни бундан сал олдинроқ туман ҳокими соқолини қириб юришни талаб қилган. Ҳуқуқ тартибот органлари уни таъқиқланган диний оқимларга алоқадорликда гумон қилган. Бағдад Шайдазимов иш билан бўлиб сўнгги портлашлар ва талаблар ҳақида эшитмаган. Аммо у талабнинг бундай кўринишда янграшига мутлоқо қарши.

"Бу тўғри эмас. Сабаби муаммони ақл билан ечиш керак. Исломда ўзини портлатиш ва ўлдириш каби амаллар йўқ. Шу мамлакатда шу халқ билан яшагандан сўнг муаммони ақл билан ечиш керак. Бизнинг соқол билан боғлиқ муаммомизни ҳам журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига айтиш орқали ечдик. Ўзини портлатиш ёки отиш бу масалага ечим бўла олмайди. Мен бу амалларга 100 фоиз қаршиман", - дейди сузоқлик мусулмон Бағдад Шайдазимов.

Биргина Атирау вилоятида сўнгги вақтларда экстремистик оқимларга аъзоликда айбланиб 40қа яқин киши ҳибсга олинган ва тергов ишлари олиб борилмоқда. Ақтўба вилоятида қўлга олинган 4 киши устидан маҳкама бўлиб узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Виолятда яна 8 киши устидан маҳкама ўз ишини бошлади. Бундан ташқари Остонадаги портлашлар юзасидан ҳам теров ишлари олиб борилмоқда.