Туркманистон: ‘Марҳум Туркманбошининг зарҳал ҳайкали яна қад ростлади’

Қўшни Туркманистондан олинган хабарларга кўра, марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг Қуёшга қараб айланувчи ҳайбатли зарҳал ҳайкали яна пойтахт Ашхободда қайта тикланган.

Президент Ниёзов даврида шахсга сиғинишнинг энг кульминацион нуқтаси, деб кўрилган ва ўзининг бутун туриш-турмуши билан дунёда кўпчиликнинг эътиборига тушган ҳайкал бу гал 95 метрлик Нейтралитет ҳайкали устида қад ростлаган.

Аммо президентлик саройига яқин аввалги ерида эмас, шаҳар чеккасидан жой эгаллаган.

Айрим кузатувчиларга кўра, ҳайкалнинг бошқа ерга кўчирилиши президент Бердимуҳаммедовни марҳум Туркманбошининг рамзий ҳозирлигидан халос этади.

Россиянинг РИА Новости ахборот агентлиги тарқатган хабарларга кўра, янги жойида ҳам Туркманистон илк президентининг ҳайкали айланиб туради.

Бундан аввал Нейтралитет аркини безаб турган 12 метрлик ҳайкал марҳум Туркманбошининг бошқаруви даврида, яъни 1998 йилда ўрнатилган.

Собиқ Туркманбошининг юзига доимо қуёш тегиб туриши учун эса, ҳайкал кун давомида айланиб турадиган қилиб қурилганди.

Ўтган йил август ойида президент Гурбангули Бердимуҳаммедов ҳайкални бузишга буйруқ берганида, бу кўпчилик томонидан марҳум Сапармурот Ниёзов даврида мамлакатда авжига чиққан шахсга сиғинишга чек қўйиш ҳаракати сифатида баҳо топганди.

Буёғи қандоқ бўлди?

Image caption Қурилиш ишлари...

Унинг ўрнига янада баландроқ қилиб Нейтралитет ҳайкали қуришга қарор қилинган ва янги мажмуада марҳум Туркманбошининг ҳайкали бўлмаслиги айтилганди.

Хабарларда бу ҳақда шахсан президент Бердимуҳаммедовнинг буйруғи борлиги ҳам таъкидланганди.

Аммо бундай бўлиб чиқмади. Янги ҳайкалнинг расмий очилиш тантаналари эса, 12 декабр – Туркманистон Нейтралитет куни бўлиб ўтиши айтилмоқда.

Сатҳда бўлиб қайтишга муваффақ бўлган айрим ғарблик журналистларга кўра, унинг остида фавворалар отилиб туради, тепасида эса, ресторан фаолият юритади.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов марҳум Туркманбоши тадбиқ этган антиқа ислоҳотларнинг анчасини бекор қилди.

Аммо Бердимуҳаммедов Туркманистонни ислоҳ қилиш ваъдаси устидан чиқмади.

Кўплаб кузатувчиларга кўра, Туркманистон ҳали ҳам бир партия ҳукми остидаги авторитар тузумдир.

Уларнинг наздларида Гурбангули Бердимуҳаммедов марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзовнинг ғайриодатий йўлини мерос қилиб олмас, деган умидлар сўниб бормоқда.

Ўтган ҳафта президент Бердимуҳаммедов жаноб Ниёзов олти маротаба лойиқ деб топилган унвон соҳибига айланган ва "Туркманистон қаҳрамони" шарафига нойил бўлганди.

Бундан ташқари, Туркманистон президентининг собиқ Туркманбоши, марҳум Сапармурот Ниёзовнинг “Руҳномаси”нинг ўрнига ўрин туркман халқига ўз илоҳий йўл-йўриқлари битилган асарини чоп этишга ҳозирлик кўраётганига оид хабарлар ҳам тарқалганди.