Қозоқ парламенти Афғонистон учун юкларнинг Қорақалпоғистондан ўтишига рози бўлган

Қозоғистон Мажлиси ва Сенати Афғонистонга мўлжалланган юкларнинг янги йўналиш бўйича етказилишини назарда тутган келишувни маъқуллаган.

Бу Қозоғистон билан АҚШ ўртасидаги битим бўлиб, темир йўл юкларининг Қорақалпоғистон ҳудуди орқали ўтишини кўзда тутган.

Ўзбекистон билан Қозоғистонни икки темир йўл боғлайди.

Бири Тошкент яқинидаги Келес станциясини Қозоғистоннинг Сариоғочи билан, иккинчиси Қорақалпоғистон темир йўл станциясини Қозоғистоннинг Бейнеу станцияси билан.

Қозоғистон Сенати ратификация қилган келишув Афғонистонга мўлжалланган юклар Ўзбекистоннинг икки темир йўл тизими орқали ҳам манзилга етказилишини кўзлайди.

Қозоғистон парламенти қуйи палатасига янги келишув тафсилотларини Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Константин Жигалов тақдим этган.

"Ушбу келишув Афғонистон муаммосини ҳал этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларга қўшиладиган муҳим ҳисса", деб айтган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари.

"Келишувга ўзгартиришлар ҳеч қандай ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий оқибатлар келтирмайди, ёки қўшимча бюджет харажатларини талаб қилмайди. Транзит тужжорий асосда амалга оширилади, бунда АҚШ тарафи Қозоғистон ҳудуди орқали ўтадиган юкларни ўтказиш, хизматлар учун, ишга ёллаш, товарларни сотиб олиш учун ҳақ тўлайди", деб айтган Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари.

Афғонистондаги АҚШ ҳарбийлари учун мўлжалланган юкларнинг Қозоғистондан ўтишига бағишланган ҳужжатга ўзгартириш шу йилнинг июл ойида Вашингтонда имзоланган.

Сенат ратификациясидан кейин келишув имзолаш учун Қозоғистон президентига юборилган, у президент имзолаганидан кейин кучга киради.

Афғонистондаги жанговор амалиётларга жалб этилган АҚШ қўшинларини 2014 йилда олиб чиқиб кетиш режаланган.

Охирги йилларда Покистоннинг тоғли, қавмлар назорати остидаги ҳудудлар орқали Афғонистондан халқаро кучларга таъминот етказиш мушкуллашган, ёқилғи ва бошқа таъминот юклари ортилган автомобилларга Покистон ҳудудида кўп маротаба ҳужумлар уюштирилган.

Бу Ғарб давлатларининг Афғонистон учун "Шимолий Транзи йўли"га кўпроқ эътибор қаратишларига ундаган.

Афғонистон шимолида эса Қирғизистоннинг Бишкекдаги "Манас" аэропортидан, Ўзбекистоннинг Термиз аэропортидан фойдаланилади, Оврўподан Россия орқали Афғонистонга мўлжалланган юклар Ўзбекистоннинг Термиз станциясигача етказилади.

Ўзбекистон раҳбарияти шу пайтгача мамлакат ҳудудидан Афғонистонга мўлжалланган жанговор бўлмаган юкларнинг олиб ўтилишига рухсат берилганини айтиб келади.