Дуня Миятович: 'Тожикистондаги сўз эркинлиги вазиятидан хавотирдаман'

Image caption Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг вакили Тожикистондаги сўз эркинлиги вазиятидан хавотирда эканлигини билдирди.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги бўлинмаси раҳбари Тожикистондаги сўз эркинлиги ва журналистларга тазйиқлардан хавотир билдирди.

Душанбега сафар билан келган Дуня Миятович Тожикистон Ташқи Ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ва Ички Ишлар вазири Абдураҳим Қаҳҳоров билан учрашуви мобайнида мамлакатдаги сўз эркинлиги вазияти, мустақил журналистларга босим ва таъқиб, шунингдек ҳибсга олиш мавзуларини муҳокама қилди.

Тожикистон ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Маҳмадулло Асадуллоевнинг айтишича, Миятович хоним Тожикистонда сўз эркинлиги вазиятининг ямонлашгани ва мустақил журналистларнинг ҳибсга олиш ҳолларининг кӯпайишидан хавотир билдирган.

Ўз навбатида Тожикистон расмийлари журналистлар, жумладан Би-би-си мухбири Ўринбой Усмонов, касбий фаолиятлари учун эмас, балки турли жиноятларга кўл урганликлари сабабли ҳибсга олинганини айтишган.

Бундан аввалроқ Миятович хоним Тожикистондаги журналистлар уюшмалари ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан мулоқот килган эди.

Мазкур учрашувда иштирок этган адвокат Файзинисо Воҳидованинг айтишича, Дуня Миятович Ӯрунбой Усмонов ва "Нури зиндаги" газетасининг мухбири Маҳмадюсуф Исмоиловнинг ҳибсдан озод бӯлишларни олқишлаб, айни дамда, жаноб Усмоновга нисбатан Суғд вилояти маҳкамасиинг ҳукми ноодил эканлигини таъкидлаган.

Миятович хонумга кўра, Ўрунбой Усмонов амаллари мутлақо журналистик фаолияти билан боғлиқ эди ва унга қўйилган айблар ўз исботини топмаган.

Ушбу мулоқот мобайнида тожикистонлик журналистлари охирги бир йил давомида мамлакатда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашгани, мустақил журналистларга нисбатан таъқиб ва босим ҳоллари кўпайганлиги, мустақил журналистлар ва газеталар фаолияти билан боғлиқ ўндан ошиқ маҳкама жараёнлари кетаётгани ҳаиқда сўз юритишган.

Мустақил газетлар бош муҳаррирлари Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотидан Тожикистонда сўз эркинлиги таъминлаш учун мустақил ва халқаро ташкилотлар ҳимояси остида босмахона ташкил этишда ёрдам кўрсатишни сўрашди.

Ўтган йилнинг охирларида Душанбе шаҳридаги босмахоналар давлат расмийларини танқид остига олган мақолаларни чоп этган "Фараж", "Пайкон" ва "Нигоҳ" газеталарини чоп этишдан бош тортган эдилар.