Россиялик учувчилар Тожикистонда 8 ярим йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Россиялик учувчилар Қўрғонтепа қўналғасига қўниш учун рухсатга эга бўлганликларини айтмоқдалар.

Жанубий Тожикистондаги Қўрғонтеппа шаҳар маҳкамаси Россия фуқароси Владимир Садовничий ва Эстония фуқароси Алексей Руденкони чегардан ноқонуний тарзда ўтиш, контрабанда ва халқаро ҳаво йўллари қоидаларни бузиш айбловлари билан 8 ярим йил қамоқ жазосига ҳукм этди.

Учувчилар бошқариб келган АН-72 учоқлари Тожикистон давлати фойдасига мусодира қилинган.

Бу икки учувчи жорий йилининг март ойида икки "АН-72" учоғида Қўрғонтеппа шаҳар аэропортига фавқуллода рвишда қўнишга мажбур бўлган вақтлари Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингандилар.

Владимир Садовничий ва Алексей Руденконинг ҳимоячиси Ғулом Бобоев уларга қўйилган айбловларни сохта ва ҳукмни одил эмас, дея таърифлаб, ҳукм устидан ариза ёзишини билдирган.

"Бу икки учоқнинг Афғонистондан Тожикистонга ўтиши учун барча зарурий ҳужжатлар мавжуд бўлиб, оғзаки тарзда ижоза ҳам берилган. Аммо "Тожикаэронавигация" ширкати учоқларга Қўрғонтеппа аэропортига қўнишга ижозат бермай, Афғонистон ҳудудига қайтиб кетишларини талаб қилган. Учоқларда бир тоннага яқин ёнилғи қолган бир пайтда улар Кобул шаҳар қўналҳасига етиб бора олмасдилар", -деб айтди жаноб Бобоев.

Шуниндек, Ғулом Бобоев учоқ ичида топилган учоқ мотори контрабанда бўлмай, балки эҳтиёт қисм сифатида мавжуд бўлганлигини айтди.

Лекин ҳакам Темур Бобоев айбланувчиларга қўйилган айбловларда далиллар борлигини таъкидлади.

Жумладан, унинг айтишича, бу икки учоқда Россиянинг "Ролкан Инвестмент ЛТД" хусусий ширкатига тааллуқли эканлиги борасида ҳужжат йўқ. Ҳамда, учувчилар учоқ мотори контрабанда эмаслигини исботлаб бера олмаганлар.

Россия Ташқи Ишлар Вазирлиги вебсаҳифасида эълон қилинган баёнотда Садовничий ва Руденколарга нисбатан чиқарилган ҳукмга "ўта оғир ва сиёсий", дея баҳо берилган.

Баёнотда айтилишича, маҳкамага тортилганларнинг айбларини исботловчи қатъий далиллар тақдим этилмаган, айблов хулосаси эса тахмин ва асоссиз эҳтимолларга қурилган.

Россия Ташқи Ишлар Вазирлигига кўра, бу қадам билан Тожикистон мавжуд халқаро нормаларни ошкорона бузмоқда.

Вазирликка кўра, Тожикистон маҳкамаси ҳукми "икки мамлакат ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилмайди, аксинча бу муносабатларга жиддий зиён етказади.