Қозоғистон Путиннинг Овроосиё Иттифоқи ғоясига хайрихоҳ, аммо бу қандай иттифоқ бўлади?

Image caption Қозоқ таҳлилчиларга кўра, Путиннинг Овроосиё ғояси асли Назарбоевдан чиққан

Россия бош вазири Владимир Путиннинг Овроосиё Иттифоқини яратиш ғоясини яна ўртага ташлаши Қозоғистонда турли акс садоларга сабаб бўлмоқда. Назарбоев томонидан бундан 17 йил олдин ўртага ташланган бир иттифоқ қанотлари остида бирлашиш ғояси нима учун айнан бугунга келиб яна жонлангани савол остига олинган.

Қозоғистон расмийлари ушбу иттифоқнинг маркази Остона бўлишини урғуларкан, маҳаллий мутахассислар бундай иттифоқларга қўшилишдан олдин халқнинг олдидан референдум қилиб бир ўтиб қўйиш лозимлигини таъкидламоқда.

Россия Бош Вазири Путинннинг келгуси президентлик сайловларида иштироки эълон қилиши ортидан Овроосиё Иттифоқи ғоясини яна кўтариб чиқди.

Аввало, Президент Нурсултон Назарбоев россиялик ва беларуслик ҳамасбларига ушбу ғоя унга тегишли эканлигини эътироз сифатида билдирди.

Лекин, Қозоғистон расмийлари Путин томонидан янграган амбицияларга бой ғояни қанчалик қўллаб-қувватлаши борасида эҳтиёткорона муносабатда бўлмоқдалар.

Парламент депутати Рўзиқул Холмуродовнинг айтишича, Путин томонидан ушбу ғоянинг кўтарилиши сайловолди кампаниянинг бир қисми бўлиши мумкин.

"Путин президент бўлиш учун янги ғояни кўтариши керак. Мумкин бу унинг сайлов олди кампаниясидир. Чунки бу асли Назарбоевнинг ғояси. Энди шуни Путин қўллаб ўз электоратини кўпайтириш мақсадида ишлаётган бўлиши мумкин", - дейди Рўзиқул Холмуродов.

Россия, Беларус ва Қозоғистон иштирокида бу вақтгача турли ҳамжамият ва иттифоқлар тузилган. 2012 йилнинг биринчи апрелидан Божхона иттифоқи остида бирлашган ушбу давлатлар ягона иқтисодий ҳудуд барпо қилишни мўлжалламоқда.

Овроосиё иқтисодий ҳамжамияти бош котиби Таир Мансуров ушбу давлатлар аста-секинлик билан сиёсий жиҳатдан ҳам иттифоқ тузиш учун қадам ташламоқда деган фикрда.

"Биз Овроосиё иқтисодий иттифоқи тузиш учун қадам ташлаяпмиз. Иқтисодий иттифоқдан сўнг ҳамма жабҳаларни қамраб олувчи интеграция маҳсули бу - Овроосиё иттифоқидир. Ушбу иттифоқда давлатлар устидан структуравий органлар, халқ томонидан сайланадиган парламент тузилади. Кейинчалик эса ягона пул бирлиги иттифоқи устида иш олиб борилади", - дейди Таир Мансуров.

Ғояни кенг омма ўртасига яна ташлаган Путиннинг иддао қилишича, ушбу иттифоқнинг тузилиши билан тадбиркорлар ва ишчиларга кенг имкониятлар очилади. Унга аъзо исталган давлатда яшаб ишлаш борасида ҳеч қандай тўсиқлар бўлмайди. Путинга кўра, шўролар даврида ҳам бунчалик кўп имкониятлар бўлмаган.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Расул Жумали бундай иттифоқнинг келажакда бўлишига шубҳа қилмайди, аммо у давлатлар ушбу иттифоққа турли мақсадлар билан қарашини айтади.

Россия учун бу аввало геосиёсий бир тузилма бўлиши мумкин. Қозоғистон ва Беларус эса иттифоққа аввало иқтисодий бир бирлашув дея қарайди. Айни дамда, ушбу давлатларнинг иқтисодлари интеграцияга тайёр эмас. Уларнинг ҳамкорликда барпо қилган божхона иттифоқи қоғозларда кўрсатилганидек аъло даража ишлаб кетгани йўқ.

"Божхона иттифоқининг тузилиши арафасида жуда кўплаб истиқболлар кутилганди. Рақобатнинг кучайиб, нарх-навонинг тушиши кутилганди. Аммо, ҳаётда бунинг тескариси бўлаяпти. Нархлар ошмоқда, бошқа давлатлардан импорт ортмоқда, айрим ижтимоий кўрсатгичлар ёмонлашмоқда. Бунда божхона иттифоқининг маълум ҳиссаси бор", - дейди Расул Жумали.

Қозоғистонлик иқтисодчи Қанат Берентаев Овроосиё иттифоқининг келажагига умид билан қарайди. Божхона иттифоқи ўзини оқламаяпти деган фикрларга қўшилмайди.

Унга кўра нархлар иқтисодий инқироз ортидан ҳамма жойда қимматламоқда. Хитойдан келаётган молларнинг қимматлашиши ички ишлаб чиқарувчилар учун қўшимча имконият бўлиши керак.

Берентаев жаноблари Овроосиё иттифоқи келажакда кўпқутбли дунёни яратишда ўзига хос бир тузилма бўла олишига ишонади. У айрим иқтисодчилар томонидан Беларус ва Қозоғистон иқтисодлари Россия томонидан ютиб юборилиши мумкин дея янграётган тахминлардан хавотирланмайди.

"Янги механизмда ички сиёсатни сақлаб қола олиш мумкин. Миллий манфаатларни ўзаро келишиб олиш учун умумий стратегияни ривожлантириш керак. Яъни кўп масалалар бир давлат манфаатлари фойдасига эмас, умумжамият фойдасига ҳал қилинади", - дейди Қанат Берентаев.

Ғояни қўллаб-қувватлаётган давлат раҳбарлари уни шўролар иттифоқига ўхшамаслигини таъкидламоқда.

Маҳаллий мутахассислар эса бундай муҳим масалалар референдум орқали халқ ихтиёрига қўйилиши керак деган фикрни билдиради.

Жамиятдаги қарама-қарши фикрларга қарамасдан, Қозоғистон афтидан Овроосиё Иттифоқи томон қадам ташламоқда. 2012 йилнинг апрелида божхона иттифоқига аъзо давлатлар ягона иқтисодий ҳудуд барпо қилиши мўлжалланган.

Кейин навбат Овроосиё иттифоқига. Лекин, унинг қандай бир иттифоқ бўлиши ва давлатларнинг роли қай даражада бўлиши каби масалалар ноаниқлигича қолмоқда.