Ўзбекистон МХХси: 'Шимолий Кавказ ва ўзбек жангарилари биргаликда ҳаракат қилишмоқда'

Image caption Доку Умаров сўнгги йилларда Россияда содир этилган барча йирик портлашлар ортида тургани айтилади

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ЎИҲ ва Доку Умаровнинг Шимолий Кавказ гуруҳи ўртасида ҳамкорликнинг кучайиб бораётганига доир далиллар борлигини айтган.

Centralasiaonline.com нашрининг Ўзбекистон МХХси таҳлилий маркази тадқиқотчиси Абдували Ташировдан иқтибос келтиришича, одатда "чеченлар" деб аталадиган кавказлик жангчилар Афғонистонда жойлаштирилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати бўлинмалари билан ёнма-ён жанг қилмоқда".

"Хусусан, 2010 йилнинг ёзида Вазиристонда ўлдирилган бири доғистонлик ва иккинчиси озарбайжонлик бўлган икки жангарининг ЎИҲ аъзолари экани тасдиқланган", деб айтган Ўзбекистон МХХ си вакили.

Ўзбекистон расмийлари ЎИҲ халқаро террорчи тармоқнинг бир қисми эканини аввалдан урғулаб келишади.

Аммо бу сафар ўзбек жангариларининг Шимолий Кавказда Исломий Халифалик қуришни мақсад қилиб олган Доку Умаров бошчилигидаги гуруҳ билан алоқалари алоҳида таъкидланмоқда.

Доку Умаров гуруҳи сўнгги йилларда Россия ҳудудида амалга оширилган йирик террорчи амалиётлар, жумладан, пойтахт Москва транспорт тизимидаги портлашлар учун масъул, деб кўрилади.

Ўзбеклар, сони бўйича Покистонда паноҳ топган хорижий жангарилар орасида энг кўп, деб ишонилади.

Покистон расмийлари чегарадаги қабила ҳудудларида бир неча юз ўзбек жангариларининг амал қилишларини айтишади.

АҚШ ва иттифоқчиларининг Афғонистон ва афғон-Покистон чегарасидаги амалиётлари натижасида ЎИҲнинг кўплаб жангарилари ўлдирилган.

Ал-Қоида билан алоқаларга эга, деб кўриладиган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг 2009 йил августида АҚШнинг дрон ҳужумида ҳалок бўлганини орадан бир йил ўтиб, тасдиқлаган.

Ҳаракатнинг янги раҳбари этиб Усмон Одилнинг тайинлангани хабар қилинган.

АҚШнинг террорчи ташкилотлар рўйхатида бўлган ҳаракатнинг ҳарбий раҳбари Жума Намангоний 2001 йилда Американинг Афғонистондаги ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилган.

'Ишонарли эмас'

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати таҳлилий маркази ходимидан иқтибос келтирилган мақола Қозоғистоннинг Атирау шаҳрида юз берган сўнгги портлашлар манзарасида пайдо бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Aq Jayiq
Image caption Атираудаги портлашда "Кавказ изи" ҳақида гапирилмаган

Қозоқ расмийлари портлашларда "Жунд ал-хилафа" гуруҳи турганини даъво қилишган.

Аввалроқ гуруҳ номидан интернетда эълон қилинган видео мурожаатда Қозоғистон расмийларидан давлат муассаларида намоз ўқишни тақиқловчи қонунни бекор қилиш талаб этилади.

Аммо россиялик таҳлилчи Аркадий Дубнов Қозоғистондаги сўнгги портлашлар манзарасида кавказлик ва марказий осиёлик жангариларнинг бирлашаётгани ҳақидаги фаразларни шубҳали, деб ҳисоблайди.

"Атираудаги портлашлар юзасидан ҳисбга олинганлар орасида биронта кавказлик жангари борлигини эшитмадик", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

Жаноб Дубновнинг фикрича, собиқ совет ҳудудидаги хавфсизлик хизматлари бирон хавф ҳақида гапирган вақти бу хавфни бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қиладилар.

"Бир неча ҳафта аввал мен Коллектив Хавсизлик Шартномаси Ташкилоти Бош Котиби Бордюжа билан суҳбатлашгандим. Унинг айтишича, ҳозирда бир неча ўн ташкилотнинг КХШТ доирасида террорчи гуруҳлар деб тан олиниши масаласи муҳокама этилмоқда. Яъни ҳар бир давлат ўзича ўзларида мавжуд гуруҳларга қарши курашиб ётибди", - дейди Аркадий Дубнов.

Унинг айтишича, бундай гуруҳлар мавжудлигининг ўзи уларнинг ҳамкорлик қилаётганини англатмайди.

"Келажакда бу каби ҳамкорлик бўлмайди, деб айта олмаймиз албатта. Лекин ҳозирда айтилаётган "самарали ўзаро ҳамкорлик йўлида ҳаракатлар" ҳақидаги даъволарда мутлақо хавфсизлик хизмати таҳлилчилари оҳанги сезилиб турибди. Бу даъволарда бирон асос бўлса ҳам, ҳозирча ишонарли туюлмаяпти, - дейди россиялик таҳлилчи.