Россия 100дан ортиқ тожик меҳнат муҳожирларини чиқариб юборишга қарор қилди

Тожик меҳнат муҳожирлари
Image caption Россияда минглаб тожикистонлик меҳнат муҳожирлари ризқ теришади

Россия ўз ҳудудидан 100дан ортиқ Тожикистон фуқаросини чиқариб юборишга қарор қилган. Федерал Муҳожирлик Хизматидан хабар беришларича, уларнинг барчаси Россия ҳудудида қонунни бузишда айбдор деб топилганлар.

Федерал Муҳожирлик Хизмати вакили тожикистонликларни депортация қилиш қарорига Москва ва Душанбе ўртасидаги алоқаларнинг совуқлашуви сабаб бўлгани ҳақидаги даъволарни на рад этган ва на тасдиқлаган.

Шу ҳафта бошида Тожикистонда Россия ҳаво ширкатига қарашли икки учувчи 8 ярим йилга озодликдан маҳрум этилиши ортидан икки мамлакат муносабатлари совуқлашган эди.

Текширувлар

Россиядан келаётган хабарга кўра, кейинги икки кун асносида Масква шаҳри бозорларида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан муҳожирларни текшириш ва тутиш ҳоллари кескин кўпайган.

Россиядаги Тожик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоя этиш ташкилоти раиси Гавҳар Жўраеванинг телефон орқали суҳбатда айтишича, ўнлаб тожик муҳожирлари полиция томонидан турли хил баҳоналар билан қўлга олинмоқда.

-Бундай текширувлар, тутиш ва "облава" ҳолларига қарамай, бизнинг ташкилотимизга ҳозирча муҳожирлардан бирон-бир шикоят келгани йўқ. Расмий мурожаат бўлмаганлиги сабабли, биз Россия ташкилотларига бундай вазиятни шарҳлашни сўраб мурожаат қилмадик, дейди Жўраева хоним.

Айни дамда, Россия Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Павел Клиновский Масква шаҳарнинг жануби-шарқий минтақаларидаги бозорда ҳақиқатан ҳам текширув бўлаётганлигини тан олди. Аммо, у текширувлар фақат Тожикистон муҳожирларига нисбатан бўлаётганлиги рад этди.

-Жануби-шарқ минтақасида жуда катта бозор бор. Бу бозорда муҳожирларни текшириш ишлари амалга оширилган. Аммо, бу фақат тожик муҳожирларига қаратилмаган, ўзбек, қирғиз ва бошқа муҳожирлар ҳужжатларни текшириш амалиётлари ўтказилмоқда. Бу ишнинг Тожикистондаги ҳодисаларга ҳеч бир алоқаси йўқ, - деди Клиновский жаноблари.

Қасос амалими?

Тожикистондаги Қўрғонтеппа шаҳар суди Россия ва Эстония фуқаролари Владимир Садовничий ва Алексей Руденкони чегарадан ноқонуний тарзда ўтиш, контрабанда ва халқаро ҳаво йўллари қоидаларни бузиш айбловлари билан саккиз ярим йил қамоқда ҳукм этиши ортидан Россия расмийлари Тожикистонга турли баёнотлар, айбловлар ва ҳатто таҳдидлар билан чиқишган.

Россия Президенти Дмитрий Медведев Москва шаҳридаги ёшлар билан мулоқотида Тожикистонга нисбатан симметрик ва ё носимметрик чоралар кўриши хусусида айтган эди.

Тожикистон расмийлари бундай баёнотлар ва таҳдидларга муносибат билдирмас экан, мамлакатдаги сиёсий фирқалар ва зиёлилар Россия икки учувчининг озодликдан маҳрум этилиши учун Тожикистондан қасос олмоқда деган фикрни билдиришади.

Мухолиф Ислом Уйғониш фирқаси раиси биринчи ўринбосар ва парламент вакили Сайидумар Ҳусайнига кўра, учувчилар масаласи на фақат Россия расмийларига, балки у ердаги миллатчилари учун ҳам баҳона бўлган.

-Россиядаги экстремистик гуруҳлар, скинхедларга Тожикистондаги ҳодисанинг таъсири бор. Энди улар тожик муҳожирларга қарши ҳаракатларга қўл уришлари мумкин. Тожикистон ҳукумати Россия билан муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилиши керак. Акс ҳолда, Россиядаги тожик муҳожирлари қийин бир вазиятда қолишлари эҳтимоли бор, - дейди Ҳусайни жаноблари.

Айни дамда, Россиянинг "РИА Новости" агентлиги Россия Федерал Муҳожирлик Хизмати раҳбари Константин Ромадоновскийга иқтибосан 134 тожик муҳожири қонунни бузишда айбдор топилгани ва улар мамлакатдан чиқариб юборилиши ҳақида хабар берган.