Қирғизистонда 'келин ўғирлаш аънанаси'га чек қўйиш мақсадидаги кампания бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Шу ҳафтада Қирғизистонда келин ўғирлашни тўхтатиш мақсадини кўзлаган махсус кампания бошланди.

Қирғизистон омбудсмани бошлаган бу тадбир келин ўғирлаш кўчманчиларнинг қадимдан қолган удуми экани ҳақидаги қараш хато эканини исботлашни кўзлайди.

Мамлакатда ҳар йили минглаб қизлар ўғирланади ва кейин "ўғри" томонидан турмушга чиқишга мажбур қилинади.

Келин ўғирлаш қонунга зид деб кўрилса-да, бундай ҳолатлар бўйича жиноий иш очилиши камдан-кам кузатилади.

Махсус кампания Қирғизистонда тарқалган удум борасида аксар аҳолининг эътиборини қаратиш мақсадини кўзлаган илк ҳаракатдир.

Кампаниянинг ташаббускори Қирғизистон омбусдмани - мамлакат парламенти томонидан инсон ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан назорат маъсулияти юклатилган мансабдор Турсунбек Акун бўлди.

Қирғиз омбудсмани ушбу тадбир мобайнида асосий эътиборни ёшлар ва уларнинг ота-оналарига қаратмоқчи.

Ушбу кампания доирасида мактабларда ўқувчилар ва талабалардан келин ўғирлаш ҳақидаги фикрлари битилган иншолар ёзиш сўралади, ота-оналар билан учрашувларда бу қадимдан сақланиб қолган одат эмаслиги тушунтирилади.

Омбдусманга кўра, бошланган тадбир келин ўғирлашни Қирғизистонда буткул йўқ қиладиган улкан кампаниянинг илк қадами, холос.

Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили ўғирланадиган қизлар сони 16 мингга етади.

Қирғиз омбудсмани келин ўғирлаш инсоннинг ҳуқуқларига қарши энг жиддий жиноят, қиз боланинг шаъни ва номусини поймол этиш, дейди.

Сўнгги йилларда мамлакатда келин ўғирлашни муаммо сифатида кўтариб чиқиш ҳаракатлари кузатилади.

Мушкулликлардан бири, мамлакатдаги ҳамма оила ҳам тўй харажатларига етадиган маблаққа эга эмас.

Кўплаб ёш қизларнинг ўзи истамаган кишига турмушга чиқишдан ўзга чоралари қолмайди, улар яна оиласига қайтиш билан оиласини уятга қўйишни истамайдилар.

Ўғирланган келинлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари рўй берган.