'Тараздаги ҳужумлар ва портлашни жиҳод тарафдори содир этган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Тараз шаҳрида етти киши ўлимига сабаб бўлган ҳужумларни жиҳод тарафдори бўлган шахс уюштирган.

Тараздаги ҳодиса Қозоғистондаги сўнгги йиллардаги энг қонли ҳужум бўлган.

"Жиҳод тарфдори бўлган шахс қонли жиноятларни содир этди, бунинг оқибатида етти инсон ҳалок бўлди. Уларнинг беш нафари хавфсизлик кучларининг ходими", деб айтган Қозоғистон Бош прокурори ўринбосари Нурмуханбет Исаев.

Остона шаҳрида журналистлар қаршисида гапирган Қозоғистон Бош прокуратураси вакили, ҳужумлар учун масъул шахс 1977 йилда туғилган Қориев, деб айтган.

Бош прокурор ўринбосари айтишича, эрталабки соатларда исломий жангариликда гумон қилинган шахс унинг изидан тушган икки хавфсизлик ходимини отиб ўлдирган.

Шундан кейин у бир автомобилни гаровга олган ва қурол-яроғ дўконига ҳужум қилган.

Бу ҳужумда қурол-яроғ дўконининг қўриқчиси ва бир йўловчи ўлдирилган, деб айтган прокуратура вакили.

Дўкондан икки ов милтиғини олган ҳужумчини икки полиция ходими қўлга олишга уринганлар, у полициячиларни отиб ўлдиргани айтилган.

Нурмуханбет Исаев сўзларига кўра, ҳужумчи полиция ходимларининг қуролларини қўлга киритган.

Шундан кейин у хавфсизлик идорасининг биносини ўққа тутган.

Полиция уни қуролсизлантиришга ҳаракат қилган, шу пайтда у ўзини ўзи портлатиб юборган, натижада ҳужумчи ва бир полиция ходими ҳалок бўлган, деб айтган бош прокуратура вакили.

Яна уч полициячи жароҳатланган.

Ушбу қотилликлар юзасидан "терроризм хуружи" банди бўйича жиноят иши очилган.

"Бундай ҳодисалар бизнинг шаҳримизда ҳеч юз беради, деб ўйламагандик", деб айтган таразликлардан бири.

"Жунд ал-Хилафа" ва давлат идораларида намоз ўқишни тақиқловчи қонун

Қозоғистон жанубидаги Тараз шаҳри анча тинч бўлиб келган шаҳар, сўнгги ҳужум умуман Қозоғистон учун ҳам одатдан ташқари ҳодиса, деб кўрилмоқда, бироқ у сўнгги ойларда мамлакатда кузатилаётган инсонлар ўлимига сабабчи бўлган қонли ҳодисаларнинг навбатдагиси бўлган.

Икки ҳафта олдин Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳрида ҳам икки портлаш рўй берган, расмийлар бу портлашлардан бирида фақат худкуш ҳужумчининг ўзи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганлар.

Қозоғистон расмийлари Атираудаги портлашларда шу пайтгача номи танилмаган "Жунд ал-Хилафа" гуруҳини айблаган.

Ушбу портлашга алоқадор шахслар қўлга олингани ва ҳукумат органларига Интернет орқали таҳдид қилган "Жунд ал-Хилафа" гуруҳи аъзолари қозоғистонликлар эканлигини маълум қилган.

Шу йил май ойида Қозоғистон шимолидаги Ақтўба шаҳрида вилоят хавфсизлик идораси яқинида худкуш ҳужумчи ўзини портлатгани, икки киши яралангани хабар қилинган.

Жорий йилга қадар нефтга бой Қозоғистон Марказий Осиёдаги бошқа айрим қўшниларидан фарқли жангарилик фаолиятларини бошидан кечирмаган.

Зўравонликларда жангари гуруҳларни айблаш ортидан Қозоғистон ҳукумати радикал диний гуруҳлар устидан назоратни кучайтиришни мақсад қилган янги қонунни қабул қилган.