Қозоғистонда нималар бўлаяпти ўзи? - таҳлилчи фикрлари

Тараз
Image caption Тараз шаҳрида худкушлик ҳужуми илк бор юз берди

Тараздаги ҳужум ва аввалроқ Атирауда содир булган портлашлар "Қозоғистонда нималар бўлаяпти?" деган саволни ўртага чиқарган.

Аввалрок, май ойида Оқтўба шаҳридаги Миллий хавфсилик идорасига қилинган ҳужум ва бошқа қатор ҳодисалар Қозоғистоннинг "минтақадаги энг барқарор давлат", деган имижига путур етказди.

Хўш, нима ўзгарди? Жон Ҳидершав Англиядаги Экзетер университетининг ҳозирда Қирғизистонда ишлаётган Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси.

Жон Ҳидершав: Қозоғистон билан боғлиқ қизиқ факт шундаки, ҳозиргача Марказий Осиёда диний экстремизм диндор бўлган этник гуруҳлар, яъни асосан ўзбеклар ва тожиклар орасида тарқалган, деб ишониб келинарди. Асосан, Фарғона водийсида. Шу маънода Қозоғистондаги воқелик "Исломий" ёки "Жиҳодий" деб айтилаётган умумий манзарага унчалик ҳам мос келмайди. Кўпинча минтақадаги диний эктремизм деб аталмиш кўриниш бошқа бир зиддиятлар, сиёсий, ижтимоий ёки иқтисодий норозиликлар мавжуд бир муҳитда пайдо бўлиб келган. Масалан, Андижондаги "Акромийлар" сингари. Қозоғистондаги экстремизмнинг эҳтимолий саббаларини ҳам шу каби омиллардан излаш мумкиндир. Аммо Қозоғистондаги "Жиҳодийлик" ёки "Исломий экстремизм" деб айталаётган кўринишнинг табиати ҳақида биз ҳозирча аниқ бир нарса айтолмаймиз. Бу ҳужумлар учун масъул эканини даъво қилган "Жунд ал-Хилафа" гуруҳи ҳақида ҳам кўп нарса маълум эмас.

Би-би-си: Қозоқ расмийларидан бири ушбу гуруҳ Афғонистон ва Покистон чегарасида жойлашган бир гуруҳ эканини айтган. Яъни Афғонистондаги зўравонликларнинг Марказий Осиёга ёйилиши ҳақида сўз кетмоқда. Сизнинг-ча, зиддият Қозоғистонга қадар ёйилиши мумкинми?

Жон Ҳидершав: Албатта, бу каби гуруҳлар учун жўғрофий чегаралар рамзий, улар Покистондан туриб, бошқа жойларда ҳужумларни амалга оширишлари мумкин, деб ишониб келинади. Аммо менимча, Қозоғистондаги ҳужумлар ҳақида гап кетганда, уларнинг маҳаллий сабабларини қидириши тўғрироқ бўлади. Қозоғистон ҳукумати ваё минтақадаги бошқа ҳукуматларнинг муаммонинг манбайи сифатида Афғонистонни кўрсатишларини тушунса бўлади. Аммо ҳужумлар уларнинг тупроқларида бўлаётган экан, мамлакатнинг ўзида қандайдир гуруҳлар бўлиши керак. Эҳтимол сиёсий тузум, эҳтимол сиёсий элита орасидаги келишмовчилик...Қозоғистода хорижий сармоялар билан боғлиқ муаммолар, маҳаллий ишчиларга кам ҳақ тўланиши сингари ҳолатларни кўрамиз. Булар эҳтимолий омиллар бўлиши мумкин. Аммо мен ҳозирча бу борада фаразларга берилишдан тийилган бўлардим.

Би-би-си: Иккинчи томонда диний эркинликларни чеклаши айтилган янги қонун ҳам бор. Умуман, ҳукумат кўраётган чоралар қанчалик самарали, деб ўйлайсиз?

Жон Ҳидершав: Муаммо шундаки, расмийлар, прокурорлар бу каби ҳужумларнинг табиати, уларнинг ортида ким тургани ҳақидаги шошилинч хулосалар, "Жиҳодийлар" ҳақидаги баёнотларни қилган пайтлари, назаримда бу ердаги контекстни эсдан чиқариб қўйишади. Натижа эса қаттиққўл чораларни оқлаш бўлади. Диний эркинликликларни чекловчи янги қонун нафақат жангарилар, балки оддий, тинчликсевар мусулмонлар, насронийлар ва бошқа диний гуруҳларга ҳам таъсир қилади. Унда диинй ташиклотни рўйхатга олиш қийинлаштирилган, ибодатлар кескин чекланган. Диний экстремизмга қарши диний ўз-ўзини изҳор қилишни жиноийлаштириш йўли билан курашиб бўлмайди. Бу самарасиз ва акс натижа бериши мумкин.