"Қозоғистондаги сайловлар адолатли бўлмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи bc
Image caption "Либерти" жамоат ташкилоти раиси ва мухолифатдаги "Азат" партияси аъзоси Галим Агелеуовга кўра, Қозоғистонда эрта сайловларни ўтказишга умуман эҳтиёж йўқ эди.

Қозоғистон Президенти мамлакат парламентининг қуйи палатаси Мажлисни тарқатиб юбориб, келгуси йил январ ойининг 15 кунига эрта сайловларни белгилади.

Жаноб назарбоевга кўра келгуси йил "кутилаётган глобал иқтисодий инқирознинг иккинчи палласи" дан аввалроқ сайловларни ўтказиб, кўп партияли Мажлисга эга бўлиш муҳимдир.

Аммо мамлакатдаги мухолиф партиялар вакилларига кўра, эрта сайловлар адолатли бўлмайди ва хўжа кўрсинга ўтказилмоқда холос.

Қозоғистондаги "Либерти" жамоат ташкилоти раиси ва мухолифатдаги "Азат" партияси аъзоси Галим Агелеуов Би-би-си билан суҳбатда эрта сайловларни ўтказишга умуман эҳтиёж йўқлигини айтди.

Галим Агелеуов: Бу сайловларни ўтказишга эҳтиёж йўқ эди, чунки давлат манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб айтадиган бўлсак бу сайловлар ҳеч нима учун керак эмас. Лекин мамлакатдаги сиёсий элита аллақачон мамлакатдаги қудратни мутлақо эгаллаб олган ва давлат билан уйғунлашиб кетган. Шунинг учун ҳам улар сайловларни олдинга суриб, ўзларига қулай йўлда фойдаланишни кўзда тутадилар. Бу сайловларнинг адолатли бўлмаслиги ҳозирданоқ аён бўлмоқда, чунки баъзи партиялар аллақачон сайловларда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди. "Умуммиллий социал-демократик партия" ва "Азат" уюшмаси эса "Азат"сиз иштирок этишга мажбур, чунки уюшган ном остида рўйхатдан ўтказишга рухсат берилмаяпти.

Би-би-си: Лекин жаноб Назарбоев ва унинг тарафдорларининг айтишларича, мамлакатга кўп партияли парламент керак ва келгуси парламент шундай бўлишига имкон ҳам яратилган, масалан етарли овозга эриша олмаса ҳам иккинчи кўп овоз олган партияга парламентда ўринлар бериларкан?

Галим Агелеуов: Гап шундаки ўша иккинчи ўринда келиши кутилган "Ак Жол" партиясининг ҳозирда Мажлисни эгаллаб олган "Нур Отан"дан деярли фарқи йўқ. "Аделет" партияси ҳам шундай мавқеда. Бу партияларнинг ҳаммаси умуман олганда "Нур Отан"нинг бўлнимачалари сифатидадир. Қозиғистонда сиёсий тизим умуман айтганда пуч бир нарса. Охирги йилларда авторитар режимни кучайтириб келган ҳукуматнинг ҳаракатлари натижасида мамлакатда фуқаро институтлари эмас, ана шу каби пуч нарсалар келиб чиққан. Бизнинг мамлакатда рўй бераётган ишлар ва жараёнлар асосида хулоса қиладиган бўлсак бу каби ташкилотлар табиий равишда келиб чиққан нарсалар эмас, тепадан берилган буйруқлар асосида ташкил қилинган нарсалардир.

Би-би-си: Айнан "Нур Отан"га яқин партиялар сайловларда иккинчи ёда учинчи ўринда бўладилар, дея хулоса қилишга қандай асос бор сизда?

Галим Агелеуов: Россияда "Правое дело" партияси билан бўлган ўйин каби Қозоғистонда ҳам "Ак Жол" билан ҳудди шундай ўйинлар амалга оширилган. Бу партиянинг раҳбари аввал ким бўлган ва қандай қилиб раҳбар бўлганлиги тарихига қарасак, партияларнинг сони ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслиги ҳақидаги хулосага келишга ундайди. Парламентнинг қандай тарқатиб юборилганига қаранг, уларга буйруқ берилганидан кейин улар шундай таклиф билан чиқишди. Ҳамма нарса аввалдан ташкиллаштирилган сценарий бўйича қилинаётгани бизни шундай хулосага ундайди.

Би-би-си: Демак сизнинг партиянгиз каби ҳаракатлар ўзлари учун бу сайловларда ҳеч қандай имкониятларни кўрмаяптилар, сизнинг қадамларингиз қандай бўлади?

Галим Агелеуов: Ҳали айтганимдек бизнинг "Азат" партиямиз сайловларда Социал-Демократик партия таркибидаги бўлинма сифатида эмас, ўша партия номи остида иштирок этади. Бу ҳолат 2007 йилги сайловлар даврида ҳам бўлганди. Мен бу партия аъзоси сифатида сайловларда иштирок этаман, лекин ёрдамчи сифатида. Бу ҳаракат аъзолари орасида танқидий фикрлаш қобилиятига эга ва жамият билан мамлакатга фойдали фикрларни изҳор эта оладиган шахслар бор. Лекин афсуски мамлакат парламенти бундай шахсларни хуш кўрмайди. Натижада парламентда яна диалог бўлмайди. Шуниси афсусланарлики, бу сайловларни деб яна улкан маблағлар кўкка совурилади. Ҳукуматнинг ўзи ҳам бу қадам хўжа кўрсинга ўтказилаётганини ва ўз мақсадларига эришиш йўлидагина қилинаётганини яхши билса керак.