Қозоғистон Президенти парламентни тарқатиб юборди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Қозоғистон Президенти глобал инқироз таъсирига қарши тура олиши учун мамлакат кўп партияли парламентга эга бўлиши керак демоқда, аммо танқидчилар бу даъвога шубҳа билан қарамоқдалар.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат парламентининг қуйи палатаси Мажлисни тарқатиб юбориш ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Қозоғистон Президенти Девони вебсаҳифасида эълон қилинган фармонда айтилишича, Мажлисга эрта сайловлар "Қозоғистонда сайловлар ҳақидаги" қонунга мувофиқ 2012 йил 15 январ кунига белгиланган.

Марказий Сайлов Комиссиясига сайловларни ташкиллаштириш ва ўтказиш вазифаси юкланган.

Аввалроқ Президент Назарбоев Қозоғистон Сенатининг раиси Қайрат Мами, Қозоғистон Мажлиси раиси Урал Мухамеджанов, Бош вазир Карим Масимовлар билан учрашганди.

Қозоғистон президенти матбуот хизматига кўра, ушбу учрашув Қозоғистон парламенти қуйи палатаси 53 депутатининг Мажлисни тарқатиб юбориш ҳақидаги мамлакат раҳбарига мурожаати муносабати билан бўлиб ўтган.

Қозоғистон парламенти аъзолари ҳозирда аксар президент Назарбоев раҳбарлариги остидаги "Нур Отан" партияси аъзоларидан ташкил топган.

Жаноб Назарбоевнинг ўзи шу йил бошларида ўтказилган эрта сайловларда 95 фоиз овоз билан қайта сайланганди.

Бу сайловлар асосий мухолиф партиялар томонидан бойқот қилинган бўлиб, халқаро кузатувчилар томонидан танқид остига олинганди.

Лекин 2009 йил қабул қилинган сайловлар ҳақидаги янги қонунга мувофиқ келгуси сайловларда иккинчи энг кўп овоз олган партия талаб этилган етти фоиз овозни қўлга кирита олмаган бўлса ҳам парламентда ўринларга эга бўлиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Лекин кузатувчиларга кўра бу ҳолат ҳам, ҳақиқий мухолиф партияга парламентга кириш имконидан кўра, "Нур Отан"га яқин бўлган "Ак Жол" партиясига йўл очиш учун қилинган бўлиши мумкинлигини айтадилар.

"Ак Жол" партияси жаноб Назарбоевга яқин бўлган шахс томонидан бошқарилади.