Омма сўрови: россияликларнинг қарийб чорак қисми СССРни қайта тиклаш тарафдори

Image caption Россияликларнинг аксарияти Михаил Горбачевни СССРнинг парчаланишида асосий айбдор сифатида кўришларини айтишган.

ВЦИОМ омма фикрини ўрганиш маркази олиб борган сўров натижаларига кўра, россияликларнинг қарийб ярми собиқ совет ҳудудини бирлаштириш тарафдори.

Сўралганларнинг 23 фоизи эса СССРнинг қайта тикланишини истайди.

Яна 15 фоиз аҳоли Божхона иттифоқи, 10 фоиз сўралганлар эса Овроосиё иқтисодий ҳамжамияти тарафдорлари эканликларини билдиришган.

Сўровда қатнашганларнинг 34 фоизи собиқ совет давлатлари билан шериклик алоқалари тамойилини маъқуллашган.

Россияликларнинг 8 фоизи аввалги алоқаларнинг қайти тикланишига қарши эканликларини билдиришган.

Аввалроқ ВЦИОМ россияликларнинг СССРнинг биринчи ва охирги президенти Михаил Горбачевга муносабатларини ўрганган.

Унга мувофиқ, россияликларнинг аксарияти Михаил Горбачевни СССРнинг парчаланишида асосий айбдор сифатида кўришади.

Озарбайжон қарши

Сўров бошқа собиқ совет давлатларини ҳам қамраб олган.

Унинг натижаларидан маълум бўлишича, собиқ СССРнинг қайта тикланишига энг кўп озарбайжонликлар қарши экан.

Сўралганларнинг 39 фоизи эски алоқаларнинг тикланишига қарши эканликларини айтишган.

Айни пайтда озарийлар тенг ҳуқуқли шериклик алоқаларини энг кўп қўллаб-қувватлайдиганлар орасидан ўрин олишган.

Сўралганларнинг 26 фоизи ягона ититфоққа бирлашмаган ҳолда шериклик алоқаларига эга бўлишни маъқуллашган.

Шериклик алоқаларини энг кўп литваликлар қўллаб-қувватлашган.

Литвада бундай фикрда бўлганлар 52 фоизни ташкил этган.

Собиқ совет давлатлари орасидаги интеграция ғояси Беларус ва Қирғизистонда ҳам аксарият томонидан қўллаб-қувватланади.

Қозоғистон яна биринчи

Октябр ойида ўтказилган сўнгги сўров натижаларига кўра, россияликлар ҳануз Қозоғистонни собиқ совет ҳудудидаги энг муваффақиятли ва барқарор давлат, деб ҳисоблашади.

Иккинчи ўринда Беларус, учинчи ўринда эса Украина.

Ўзбекистон, россияликлар назарида фаровонлик ва барқарорлик нуқтаи назаридан 8-ўринда.

Россияликлар шунингдек, Қозоғистон, Беларус ва Украинани энг ишончли ҳамкор, деб аташган.

Ўзбекистон бу борада бир поғона юқори, 7-ўринда.

Сўралганларнинг 3 фоизи Президент Каримовга ишонишини айтган.

Россияликларнинг ишончини қозонган раҳбарлар орасида Ислом Каримов Қозоғистон, Беларус, Украина, шунингдек, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларидан кейин 6-ўринда.

Сўралган россияликлар энг ишончсиз раҳбар, деб Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни аташган.

'Айни вақти'

Охирги сўров натижаларини келтирган ВЦИОМ раҳбари Валерий Федоров ҳозир собиқ совет ҳудудида 'бирлашишнинг айни вақти' эканини таъкидлаган.

Унга кўра, Россия бош вазири Путин ҳамда Қозоғистон ва Беларус президентлари томонидан қўллаб-қувватланган Овроосиё лойиҳасини, жамоатчиликни кенг огоҳ қилган ҳолда тезроқ амалга ошириш керак.

Ўтган ой бошида "Известия" газетасида чоп этилган мақоласида Россия Бош вазири Владимир Путин янги иттифоқ Шўролардан кўра кўпроқ Оврўпо Иттифоқига ўхшаш бир тузилма бўлишини айтган эди.

Келаси йил учинчи муддатга президентликка сайланиши кутилаётган Владимир Путиннинг янги иттифоқ ғояси ҳозирда амалда бўлган Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасидаги Божхона Иттифоқига Қирғизистон ва Тожикистоннинг ҳам аъзо бўлиб киришини назарда тутади.

Ўзбекистон Путиннинг янги иттифоқ ғоясига ҳозирга қадар ҳеч қандай муносабат билдирмаган.

Расмий Тошкент собиқ СССР ҳудудидаги интеграция жараёнларига шубҳа билан қараб келади.

Президент Назарбоев ташаббуси билан тузилган Овросиё Иқтисодий Ҳамжамиятида бир муддат аъзо бўлган Ўзбекистон 2008 йилда ташкилотдан чиққан.

Расмий Тошкент ЕврАзЭснинг иқтисодий истиқболи йўқ, деб ҳисоблашини билдирган.

Президент Каримов МДҲ худудида интеграцион жараёнлар иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилиши кераклиги ва давлатлар устидан турадиган тузилмалар бўлмаслиги лозимлигини таъкидлаб келади.

АҚШ дипломатларининг Викиликс саҳифасига сизган ёзишмаларида Президент Каримов Россиянинг империячилик интилишларидан шубҳаланиб келиши айтилган.