'Россияда бир ярим мингга яқин Тожикистонлик муҳожир қўлга олинган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Россия бўйлаб 1 ярим мингга яқин Тожикистонлик муҳожир қўлга олинган.

"Россиядаги тожик муҳожирлари " ташкилотининг хабар қилишича, бир ярим минг Тожикистонлик меҳнат муҳожири яшаш ва ишлаш рухсатномаси йўқлиги рўкач қилиниб, ҳибсга олинган.

Ташкилоти раиси Каромат Шариповга кўра, уларни депортация қилиш бўйича ҳали қарор қабул қилинмаган.

Кўплар томонидан бу чоралар Душанбеда икки россия ширкати учувчисининг қамоққа олиниши билан боғлиқ, дея кўрилмоқда.

"Россиядаги тожик муҳожирлари" ташкилоти раиси Каромат Шариповнинг Би-би-сига айтишича, фақат Масква шаҳар ва вилоятида беш юздан ортиқ тожик муҳожирлари муҳожират қонунига риоя қилмаслик баҳонаси билан қўлга олиниб, вақтинча ҳибсхоналарда жойлаштирилган.

Аммо ҳозирча, тожик муҳожирларини Россиядан чиқариб юбориш амалиёти бошланмаган.

Жаноб Шариповга кўра, Россиядаги муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилотлари давлат идоралари ва халқаро ташкилотларга муҳожирлар ҳуқуқларини поймол этиш ҳоллари борасида шикоят қилишган. Аммо Россия ҳукумат идоралари бу каби шикоятларга ҳозирча расман жавоб бемаганлар.

Айни дамда, Россия хабар агентликларининг хабар беришларича, сешанба куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Россиянинг бу мамлакатдаги элчиси Юрий Попов билан учрашиб, рус ва эстон учувчилари иши тўғрисида келушувга эришишган.

Аммо бу келишув тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Икки ҳафта олдин, жанубий Тожикистондаги Қўрғонтеппа шаҳар суди Россия ва Эстония фуқаролари Владимир Садовничий ва Алексей Руденкони чегарадан ноқонуний тарзда ўтиш, контрабанда ва халқаро ҳаво йўллари қоидаларни бузиш айбловлари билан 8,5 йил қамоқ жазосига ҳукм этганди.

Учувчилар бошқариб келган "АН-72" учоқлари Тожикистон давлати фойдасига мусодира қилинган эди.

Бу икки учувчи жорий йилининг март ойида икки "АН-72" учоғида Кобулдан ҳавога кўтарилиб, ёқилғилари етарли бўлмаганлиги туфайли Қўрғонтепа шаҳар аэропортига қўнишга ижозат сўрагандилар ва кейинчалик улар ҳибсга олинганлар.

Бугун, чоршанба 16 ноябр куни Тожикистон парламенти сессиясида Россия билан муносабатлар ва тожик муҳожирлари тақдири муҳокамага қўйилиши режаланган эди.

Аммо бу масала парламент мажлиси кун тартибидан туширилди.

Норасмий манбаларга кўра, Президент Раҳмон парламент ва расмий ахборот воситаларида Россиядаги тожик муҳожирлари вазияти ва учувчилар ишини муҳокама қилишни тақиқлаган.