Тараздаги ҳужум учун масъулиятни Жунд-ал Хилафа гуруҳи ўз зиммасига олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Айни гуруҳ аввалроқ Ақтўба шаҳридаги ҳужум учун ҳам масъул эканини даъво қилганди

Жиҳодий интернет форумларда пайдо бўлган баёнотда афғон-покистон чегарасида амал қилиши айтилган гуруҳ Қозоғистондаги 7 кишининг ўлимига сабаб бўлган Тараздаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Жиҳодий янгиликларга ихтисослашган SITE Intelligence Groupнинг иқтибос келтиришича, гуруҳ Президент Назарбоев тузумига уруш эълон қилганини айтган.

"Золим шуни билиб қўйсинки, унинг аскарлари яшашга қанчалик ташна бўлса, биз ўлимга шу қадар ташнамиз, у урушда ҳеч қачон бизга тенг келолмайди", дея Жунд-ал Хилафа гуруҳига нисбат берилган баёнотдан иқтибос келтиради SITE Intelligence.

Гуруҳ Президент Назарбоев режиминиг "вайрон бўлган қолдиқларига" янада кўпроқ зарба бериш билан таҳдид этган.

Қозоқ расмийлари ҳозирча интернетда пайдо бўлган баёнотга муносабат билдирмаганлар.

Жунд-ал Хилафа гуруҳи аввалроқ Ақтўба шаҳрида содир этилган ҳужум учун масъуллигини даъво қилган эди.

Гуруҳ қозоқ ҳукуматини мусулмонларнинг диний эркинликларини чеклашда айблаган.

'Жиҳодчи'

Шанба куни Тараз шаҳрида содир бўлган портлаш ва отишмалар натижасида 7 киши ҳалок бўлган эди.

Уларнинг 5 нафари полиция ходимларидир.

Қозоқ расмийлари ҳужум жиҳод тарафдори бўлган 34 ёшли Мақсат Кариев томонидан амалга оширилганини айтишган.

Расмийларга кўра, 12 ноябр куни Кариев ўзини кузатиб юрган икки миллий хафвсизлик қўмитаси ходимига ҳужум қилиб, уларни ўлдирган.

Шундан сўнг қурол-яроқ дўконига ҳужум қилиб, у ерда ҳам қоровул ва яна бир шахсни ўлдириб, қуролларни олган ҳолда, воқеа жойидан кетади.

Тушгача Кариев яна икки полиция ходимини ўлдириб, иккитасини яралайди.

Ҳуқуқ тартибот идоралари уни ўраб олгач, яраланган ҳолда худкушлик содир этади ва яна бир полиция ходимини ўзи билан ҳалок этади.

Жиҳод тарафдори экани даъво қилинган худкуш ҳужумчининг шахсига оид маълумотларда унинг Исломда тақиқланган амалларга мойил бўлгани ҳам айтилган.

"Кариевнинг характери ноодатий эди, гаплашганда жуда ҳам кўп сўкинган. У бешафқатлиги, қарор қабул қилишда бетартиблиги ва жиноятга мойиллиги билан ажралиб турган", - дейди Жамбил вилоят Ички ишлар департаменти раҳбарининг ўринбосари Марат Кожаев.

Мақсат Кариевнинг якка ҳаракат қилгани айтилади.

Ўсиб бораётган хавф

Қозоғистонлик айрим таҳлилчиларга кўра, мамлакат диний экстремизмга қарши курашда кеч қолган.

Шарҳловчи Дўсум Сатпаев қозоқ ҳуқуқ-тартибот идоралари вазиятни назорат остига олишга қодир эканига шубҳа қилади.

"Вазият тобора назорат остидан чиқиб бормоқда", деб ёзади Досум Сатпаев Қозоғистоннинг "Время" рўзномасида чоп этилган мақоласида.

Ғарблик таҳлилчилар Марказий Осиёнинг энг барқарор давлати бўлган Қозоғистон исломий жангарилик таҳдиди билан юзма-юз келганини айтишмоқда.

Душанба куни қилган чиқишида Президент Нурсултон Назарбоев қозоғистонликларни ўсиб бораётган экстремизм хавфидан огоҳ бўлишга чақирган.

"Давлат терроризмнинг ҳар қандай кўринишини енгиш учун етарли имконият ва заҳираларга эга", - деб айтган жаноб Назарбоев.