Тожикистон Россиядан қайтарилган муҳожирларга ёрдам кўрсатади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Россияда 1 миллиондан ортиқ тожикистонлик меҳнат қилади

Тожикистондан келаётган хабарларга кўра, пойтахт Душанбе, шунингдек, Хўжанд ва Қўрғонтепа шаҳарларида Россиядан бадарға қилинган ноқонуний меҳнат муҳожирларига ёрдам кўрсатиш марказлари тузилган.

Азия-Плюс агентлигининг Тожикистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш вазирлигига иқтибосан хабар беришича, ушбу марказларда меҳнат муҳожирларига шошилинч руҳий кўмак ҳамда уларнинг иш топишларига ёрдам берилади.

Вазирликдаги манбаънинг билдиришича, янги ташкил этилаётган марказларда, шунингдек, собиқ меҳнат муҳожирларига ватанларида ўз бизнесларини очиш учун кичик кредитлар олишда ёрдам кўрсатилади.

Москва бўлмаса Минск?

Айни пайтда тожикистон ҳукумати қошидаги Муҳожирлик бошқармаси бошлиғи Сафиалло Девонаев Тожикистон Россиядан қайтарилган меҳнат муҳожирларини Беларусга жўнатишни режалаётганини маълум қилган.

Душанбеда муҳожирлик муаммоларига бағишланган анжуманда гапирган жаноб Девонаев жамоатчиликни муҳожирлар масаласида тинчлантиришга уринган.

"Фуқароларимизнинг Россиядан депортация қилинишидан хавотир олманглар. Биз уларни тўплаб, Беларусга юборамиз", деб айтган мулозим.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида шу йилнинг октябрида имзоланган ҳукуматлараро битим муҳожирларга Беларусда иш топиш имконини беради.

Мулозимнинг айниқлик киритишича, муҳожирларни Беларусга юбориш жараёни келаси йилдан бошланади.

Айни пайтда Тожикистон президентининг маслаҳатчиси Россия ўз учувчилари билан боғлиқ можаро сабаб, Тожикистонни бой бериши мумкинлигини айтган.

"Тожикистонни йўқотиш билан Россиянинг геосиёсий устунлиги янада камаяди", - деб айтган Тожикистон Президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти директори Суҳроб Шарипов.

Рақамлар

Тожик расмийларига кўра, охирги беш кун мобайнида Россиядан 57 нафар Тожикистон фуқаролари чиқариб юборилган.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Муҳожирлик бошқармасининг билдиришича, улардан 14 нафари Россияда вақтинчалик яшаш тартибини бузганликлари учун маҳкама қарори билан депортация қилинганлар.

Ушбу муҳожирларнинг 14 нафари поезд билан Хўжанд шаҳрига, 2 нафари эса учоқда пойтахт Душанбега етиб келишган.

Тожик мулозимининг айтишича, яна 43 нафар Тожикистон фуқаролари Россия ташқарисига чиқариб юборилган.

Россиядаги тожик меҳнат муҳожирлари ташкилотларига кўра, 11 ноябрдан буён 1500 нафар тожикистонлик меҳнат муҳожири қўлга олинган.

Аммо Россия Федерал муҳожирлик хизмати бошлиғи Константин Ромодановский тожик фуқароларининг оммавий равишда ҳибсга олинаётгани ҳақидаги хабарларни рад этган.

"Рақамлар билан муомала қилганда эҳтиёт бўлиш керак, уларнинг ортида анқи одамлар турибди", -деб айтган Россия мулозими.

Сиёсий можаро

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ўтган ҳафта тожик маҳкамаси бири россиялик, иккинчиси эса эстон фуқароси бўлган учувчиларни контрабандада айбдор, деб топиб, саккиз ярим йиллик қамоқ жазосига маҳкум этганидан сўнг ёмонлашиб кетган.

Президент Медведев учувчиларнинг ҳукм этилиши билан ноқонуний муҳожирларнинг чиқариб юборилиши ўртасида боғлиқлик йўқлигини айтган.

Пайшанба куни Россия парламентининг қуйи палатаси - Дума ўз мажлисида учувчиларнинг тақдири юзасидан баёнот қабул қилиши кутилмоқда.

Кремлпараст "Ягона Россия" партияси Тожикистон билан вақтинчалик виза тартиби жорий этиш таклифини илгари сурган.

Айни пайтда тожик муҳожирлик бошқармаси мулозимларидан иборат ҳайъат муҳожирлар атрофидаги вазиятни муҳокама этиш учун Москвага йўл олгани хабар қилинган.

Тожикистон муҳожирлик хизматига кўра, ҳозирда Россияда 1 миллион 32 минг 600 нафар тожик фуқароси истиқомат қилмоқда.