Россия Тожикистонга қарши яна нима қила олиши мумкин?

Тожик меҳнат муҳожирлари Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик тангликдан жабр кўраётганлар меҳнат муҳожирлари дейилмоқда

Россия ва Тожикистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар тобора таранглашмоқда.

Россиядаги тожик муҳожирларини текшириш ва чиқариб юбориш таҳдидлари кучаётир. Бунга сабаб - Тожикистонда Россия учувчисининг контрабанда айбловлари билан қамоққа ҳукм қилинганидир.

Москва расмийлари учувчининг озод этилишини, акс ҳолда, Кремль йўлидаги барча воситаларни ишга солишини урғулашмоқда.

Биз бу борада Москвадаги МДҲ институти вакили Владимир Жарихинни суҳбатга тортдик:

Владимир Жарихин: Россиянинг бир учувчига алоқаси бор ва ҳозир ноҳақ ҳукм этилган бу учувчининг озод этилишини талаб қилмоқда. Қолган ҳамма гаплар ширкатнинг муаммолари, у ширкатнинг турли жойдаги мураккаб мулкларига боғлиқ муаммолар. Россияда ушлаб турилган Тожик муҳожирлари эса ҳали чиқариб юборилгани йўқ. Уларнинг чиқариб юборилиш эҳтимоли бор. Келинг, аниқ ҳодиса ҳақида гаплашайлик. Аниқ бўлгани, ҳозир - Россия фуқаросининг узоқ йилга ҳукм этилди. Ҳали чиқариб юборилмаган Тожик фуқароларига оид ҳолатни учувчининг қамоққа ташланишига тенглаштириб бўлмайди. Менимча, Тожик тарафи буни тушуниб, муросага боради. Буни Тожикистон Бош прокурори ва Президенти гапларидан ҳам илғаб олиш мумкин. Хуллас, ҳозир вазиятга анячли тус бермайлик. Биз келишиб оламиз.

Би-би-си: Қандай қилиб гаплашиб олмоқчисизлар? Яъни, Россия қилаётган депортация таҳдидидан бошқа йўллар ҳам борми?

Владимир Жарихин: Албатта, шахсий масъулиятни назарда тутиш керак. Афтидан, учувчи қандайдир қоидаларга риоя этмагандир балки. Айниқса, қандайдир оролларда Ҳиндистонми, Гуржистонми, қаердадир бир нечта мураккаб мулкларга эга бўлган авиа ширкат борасида гапирганда Тожикистон қонунлари қандайдир бузилгандир. Бу учувчи фақат ижрочи бўлган. Шундай экан, унга бу қадар узоқ ҳукм ўқилмаслиги керак. Лекин, ҳозир кўринишидан, Тожик тарафи Россия талабларини тушуна бошлаган кўринади.

Би-би-си: Лекин, дейлик, Тожикистон тарафи учувчини бутунлай озод қилмаса-чи? Унда Москва қандай йўл тутмоқчи?

Владимир Жарихин: Менимча, бунга бир ечим топишади. Назаримда, Россиядаги Тожик фуқароларини оммавий равишда чиқариб юборишмаса керак. Балки, кимдир шундай бўлишини истаётгандир, лекин бу амалга ошмайди.

Би-би-си: Лекин, замонавий дунёда Россияники каби йўл тутишмайди. Яъни, дейлик учувчимизни озод қилмасанг, муҳожирларингни чиқариб юборамиз, деган маънода бир сиёсат юргизилиши қанчалик дипломатик меъёрларга мос?

Владимир Жарихин: Ҳозирда фақат Россиядаги ноқонуний муҳожирларни чиқариб юбориш билан таҳдид қилишмоқда. Қонуний муҳожирларга ҳеч ким тегаётгани йўқ. Дарвоқе, Россия учувчиси ортидан ўртага чиққан тожикистонлик муҳожирлар масаласи бошқа кўплаб муаммоларни ҳам юзага чиқариб қўйди. Дейлик, Марказий Осиёлик гастербайтерлар Россияда ҳозир мунтазам ва уларни тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга тиббий суғурта бериш ва иши учун энг кам миқдордаги маош қийматини белгилаш зарурлигини ойдинлаштирди. Бу масалаларни эса, мавжуд қонун-қоидалар доирасида ҳал этиш лозим.

Би-би-си: Айрим таҳлилчилар эса, Москва тарафи Душанбега нисбатан мавқеини кучайтирса, бу Россияга ҳам фойда келтирмаслигини мумкин деган хавотирлар бор. Дейлик, Тожикистон Афғонистон келадиган бангивор моддалар йўлида жойлашган мамлакат...

Владимир Жарихин: Россия аниқ вазиятни назорат қилиш йўлларини жуда яхши билади. Бундай таҳдидлар қилиш шарт эмас. Россия катта давлат сифатида ўз фуқароларини ҳимоя қилишни ўрганмоқда. Тўғри, бунга ҳар доим ҳам муваффақ бўлаётгани йўқ. Лекин, мана худди Америка сингари ўз фуқароларини муҳофаза этишга интилаётир. Ёки нима сиз АҚШ ўзини бошқача тутмоқда, деб ўйлайсизми? Мен бундай фикрда эмасман. Улар улкан давлат сифатида ўз қўлидаги ҳам иқтисодий ва ҳам сиёсий воситаларни ишга солишади. Тожикистон эса, шуни тушуниши керакки, у Россия каби улкан мамлакат ёнида яшайди. Бу худди Мексика АҚШ ёнида яшашини тушунгани каби, Жанубий Шарқий Осиё давлатлари Хитой ёнида яшашни англашгани каби бир ҳолатдир. Ҳа, бу - халқаро муносабатлардаги мавжуд ҳақиқий ҳолат.