Путинни томошабинлар ҳуштак чалиб 'ҳайдашгани' муҳокама этилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Путин авваллари фақат олқиш билан қарши олинарди

Москвадаги кураш мусобақасида россиялик жангчини табриклаш учун рингга чиққан Путинни мухлислар ҳуштак чалиб, қарши олишган.

Якшанба куни "Лужники" олимпия спорт мажмуасида россиялик Федор Емеляненко ва америкалик Жефф Монсон ўртасида аралаш яккакураш бўйича жаҳон чемпиони унвони учун ўтган жангни томоша қилгани 20 мингдан ортиқ мухлислар келишган.

Россиялик курашчининг ғалабасидан сўнг бош вазир Владимир Путин уни табриклаш учун рингга кўтарилган.

Аммо Путиннинг табрик сўзи томошабинларнинг ҳуштак ва ер тепиниш шовқинлари остида қолиб кетган.

Жанг ва Путиннинг чиқиши "Россия" телеканали орқали жонли эфирда кўрсатилган.

'Қаҳрамон қиёфаси'

Путиннинг нутқи бир дақиқадан камроқ давом этган.

Кузатувчилар одатда томошабинлар томонидан олқишлар билан кутиб олинадиган Путиннинг биринчи марта бу каби манзара билан қарши келганига эътибор қаратишмоқда.

Аммо Путиннинг тарафдорлари томошабинлар жангда ютқизган америкалик курашчини ҳуштак чалиб кузатганларини даъво қилишган.

Москвадаги Би-би-си мухбири Стив Розенбергнинг ёзишича, гоҳ қирувчи учоқда парвоз қилаётган, гоҳ дзюдо тушаётган ва ҳатто йўлбарс билан олишаётган Путиннинг образи россияликларда ижобий таассурот қолдирган.

Аввалроқ социологлар Путиннинг обрўси сезиларли даражада тушиб бораётгани ҳақида огоҳлантиришганди.

Уларга кўра, россияликларни Путиннинг "қаҳрамон қиёфаси" қониқтирмай қўйган.

"Левада маркази" ўтказган омма сўрови натижаларига кўра, келаси йили президентликка қайтишини эълон қилган Владимир Путиннинг фаолиятини 61 фоиз аҳоли маъқуллайди, 38 фоиз эса маъқулламайди.

Ўтган йили бу нисбат 80 га 20 ни ташкил этган эди.

'Қоидасиз сайлов'

Айни пайтда Путиннинг рингдаги чиқиши россиялик блоггерлар томонидан фаол муҳокама этилмоқда.

"Қоидасиз кураш мухлислари қоидасиз сайловлар ғолибини ҳуштак чалиб, ҳайдашди", деб ёзишган Твиттердаги KermlinRussia ҳажвий микроблоги муаллифлари.

Россиялик машҳур блоггер Алексей Навалний эса " Россия Федерацияси Президенти бўлиш истагини билдирган бош вазир ва фуқаро Путин Владимир Владимирович сайловолди мусобақасида очко олиш ва "электорат"нинг муҳаббатига сазовор бўлмоқчи эди. Аммо уни ҳуштак чалиб ҳайдашди", деб ёзади.

Навалний ўз шарҳига "Даврнинг тугаши" деб сарлавҳа қўйган.

Бу шарҳлар жангни томоша қилган мухлисларнинг баъзилари Youtube сайтида Путиннинг чиқиши акс этган видео лавҳани эълон қилганларидан сўнг пайдо бўлган.

Лавҳада "Ҳурматли дўстлар, бугун барча жанговар санъат мухлислари учун катта байрам..." деган сўзлар янграган пайт залда "фу" деган ҳайқириқлар эшитилади.

Шунингдек, лавҳа сўнггида "кет" деган овозни баралла эшитиш мумкин.