'Ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, Ўшнинг Черёмушкисида инсоний инқироз юз бериши мумкин'

Қирғизистон жанубидан олинаётган сўнгги хабарларга кўра, Ўшнинг ўтган йилги қонли миллий низолардан энг кўп азият чеккан Черёмушки мавзеси аҳолиси қишнинг совуқ кунларида кўмак беришларини сўраб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожаатнома йўллаган.

Уларнинг мурожаатномаларидан аён бўлишича, бугун озиқ-овқат ва кўмирга фавқулодда эҳтиёжлари бор.

Ўшдаги июн зўравонликлари жабрдийдаларига ҳуқуқий кўмак кўрсатиш маркази раҳбари Иззатулла Раҳматуллаевнинг айтишича, тадқиқотлари мавзеъдаги эҳтиёжманд хонадонларнинг сони ўнлаб эканини кўрсатган.

Унга кўра, шаҳарнинг Черёмушкига яқин Тельман ва Фурқат кўчалари аҳолиси ҳам бугун ёрдам сўраб, мурожаат билан чиқишган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари эҳтиёжмандларнинг аксарияти миллий низолар чоғида уй-жойлари буткул ёниб, кул бўлган инсонлар эканлигини айтишади.

Уларнинг сўзларига қаралса, бу йилги қиш мавсумида ҳам бутун оилалари билан ниҳоятда оғир аҳволда қолишган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Июн воқеалари юзасидан текширув ишлари олиб борган халқаро ҳайъат хулосаларига кўра, тўрт кунлик низолар чоғида Черёмушкидаги ҳовли-жойларнинг 75 фоизчаси вайрон бўлган.

Фаол Иззатулла Раҳматуллаевнинг таъкидлашича, агар эҳтиёжманд жабрдийдаларга ўз вақтида инсонпарварлик ёрдами кўрсатилмаса, инсоний бўҳрон ҳам юз бериши мумкин.

"Жабрдийдалар ўтган йилнинг апрел ойидан буён бирор марта инсонпарварлик ёрдами олишгани йўқ".

Инсон ҳуқуқлари фаоли нафақа ёки бирор хил имтиёз олаётганларининг аҳволи бироз яхши экани, аммо мавсумий ишларда банд бўлганлари жудаям чорасиз бир шароитда эканликларини айтади.

"Мен уларнинг мурожаатномасини шахсан ўзим Бирлашган Миллатларнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги ваколатхонасига элтиб бердим, аммо уларнинг жавобига қараганда, бу йил миссияларида инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш кўзда тутилмаган экан. Улар биз юқори ташкилотларга мурожаат қиламиз, деб ваъда беришди", дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, ҳаволар совуб, кимнингдир ерини қазиш, лойини қориш ёки томини ёпиш каби мавсумий ишлар ҳам тўхтаб қолган.

"Айнан меҳнатга лаёқатли, 18 ёшдан 45-50 ёшгача бўлган, куч-қудратга тўлган одамлар ишсиз".

Эҳтиёжмандлар нима дейди?

Маҳаллий аҳолидан бирининг биз билан суҳбатида айтишича эса, Черёмушки мавзесида бу йил қайта тикланаётган уйларнинг бор-йўғи ўнтачасининг томи ёпилган, холос.

"Қолганларнинг пойдевори ҳам қурилмаган, девори ҳам урилмаган", дейди у:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Унинг айтишича, ўн жондан иборат оиласининг тирикчилиги онасининг 3.500 сом нафақа пули ва аёлининг тикувчилик орқасидан топаётган ҳаминқадар даромадига тақалиб қолган.

"Бу пулни ҳам фақат ейиш-ичишимизга сарфлаймиз, холос. Ҳаттоки, ҳозир ёш болаларимиз резина шиппакларда юришибди", дейди суҳбатдошимиз.

У бу йил ҳам кўпчиликнинг кунига ўтган йили халқаро ташкилотлар томонидан қуриб берилган бир-икки хонали вақтинчалик уйлаб яраб тургани, лекин уни иситиш учун ҳам фақат электр токига қараб қолганликлари, агар ток бўлмаса, ҳолларига маймунлар йиғлашини айтади.

Суҳбатдошим икки миллат орасидаги этник танглик ҳамон сақлаб қолаётганига ишора қилиб, маҳаллий идораларга кўмак сўраб, қилган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолаётганини таъкидлайди.

У жорий пайтда ўзларига озиқ-овқат, кийим-кечак ва кўмир кераклигидан шикоят қилади.

"Агар озгина кўмак беришганида, бир амаллаб баҳорга чиқиб олсак, уёғига ҳаракат қилиб, бу кунларни ҳам ортда қолдирармидик", дейди суҳбатдошим.

У ишлай деса, иш йўқлиги, ўзларини ҳеч ким ишга олмаслигини ҳам таъкидлайди.

Суҳбатдошим эҳтиёжларига яраша кўмак олишолмаса, нажотни ёлғиз Аллоҳдан тилашдан бошқа чоралари қолмаслигини айтади.

Ўш вилояти масъулларига кўра эса, эҳтиёжмандларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилмоқда ва уларнинг аҳволлари ўтган йилдагидан кўра яхшироқдир.

Ўз ўрнида, вилоят губернатори муовини Талай Зикировнинг айтишича, инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш масаласида бу йил бироз бошқачароқ йўл тутишмоқда ва эҳтиёжмандларнинг ўзларидан ҳам ҳаракат бўлмоғи лозим.

Чорасиз аҳвол

Қирғизистонлик масъулларга кўра, ўтган июн ойида мамлакатнинг жанубий минтақаларида кечган миллий зўравонликлар оқибатида ўн минглаб иш ўринлари йўқотилган.

Уларнинг таъкидлашларича, қарз олиб, савдо-сотиқ билан шуғулланаётган тижоратчилар бор-будлари қолиб, иш жойларидан ҳам айрилишган.

Унга кўра, шу сабабдан ҳам энг аввало ушбу муаммо ҳал этилмоғи лозим.

Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар асосан тижорат билан шуғулланиб келишган. Дўкон, нонвойхона, турли кичик корхоналарни юритиб, шунинг орқасидан даромад қилишган.

Ўтган июн ойидаги қонли зўравонликлар ортидан уларнинг аксарияти вайрон этилган ёки ўт қўйилган.

Миллий низолар чоғида, бундан ташқари, юзлаб одамлар қурбон бўлган, кўплаб турар-жойларга зиён етган ва ўн минглаб одамлар ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.

Халқаро ҳамжамият эса, ўтган август ойида жанубий минтақаларини қайта тиклаш учун Қирғизистонга бир миллиард доллардан ортиқроқ маблағ ажратишга ваъда берганди.