Россияликлар Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорликка қандай қарашади?

Россиянинг “Ижтимоий фикр” жамғармаси томонидан олиб борилган янги сўров натижаларидан аён бўлишича, мамлакат аҳолисининг қарийб ярми Тожикистон ва Қирғизистоннинг Ягона Иқтисодий ҳудуд таркибига киришини ёқлашади.

Сўров иштирокчиларининг 35 фоизи бунга қарши, чорак фоизчаси эса, бу хусусда нима дейишни билмас экан.

Аҳолининг бор-йўғи учдан бир қисмига яқини эса, Россия, Беларус ва Қозоғистон шундай ҳудуд барпо этаётганидан бохабар эканлар.

Яна шунча фоизи бу ҳақда биринчи марта эшитиб турганликларини айтишган.

Сафлар кенгайса...

Агар Ягона Иқтисодий ҳудуд сафлари кенгаядиган бўлса, аксарият россияликлар ушбу иттифоққа собиқ Шўро давлатларидан энг аввало Украина(24%), кейин Арманистон(19%), учинчи ўринда эса, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон(15%)нинг киришини исташаркан.

Аммо кўпчилик сўров иштирокчилари Гуржистон, Литва, Латвия ва Эстонияга кўзлари учиб тургани йўқлигини изҳор этишибди.

Айни ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Россия аҳолисининг 60 фоиздан ортиқроғи собиқ Шўро давлатларининг бирлашишига хайрихоҳ эканлар.

Бу фикрга қарши бўлганларнинг сони эса, бор-йўғи 20 фоизни ташкил этибди.

Ягона Иқтисодий ҳудуд сафлари кенгаймайди, дегувчилар ҳам ниҳоятда озчиликдан иборат экан.

Сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпроғига кўра, Россия, Беларус ва Қозоғистон ўртасида божхона тўловларининг бекор қилиниши ҳамда товарларнинг эркин ҳаракатланиши ўзлари учун яхши ва Россия иқтисоди учун ҳам ниҳоятда фойдали бўлади.

Ушбу сўров ўтган ҳафта Россиянинг 100 та аҳоли яшайдиган пунктида 1.500 та киши орасида ўтказилган.

Янги лойиҳа

Келаси йилнинг 1 январидан бошлаб, бу уч давлат Ягона Иқтисодий ҳудуд остида бирлашишади.

Ушбу лойиҳа ижроси шахсан Россия Бош вазири Владимир Путин назорати остида экани айтилади.

Яқинда жаноб Путин энг аввало Қирғизистон ва Тожикистонни назарда тутиб, Божхона иттифоқи ва Ягона Иқтисодий ҳудуд бошқа аъзолар учун ҳам очиқ эканини баён қилганди.

Ягона Иқтисодий ҳудуд барпо этишга оид декларация эса, ўтган ҳафта уч давлат президентлари иштирокида Россия пойтахти Москвада имзоланганди.

Ушбу декларациянинг якуний мақсади – Оврўосиё Иқтисодий иттифоқини тузиш экани айтилади.

Ушбу ғоя бундан ўн йилча бурун Россия, Қозоғистон, Беларус ва Украина томонидан ўртага ташланганди.

Ўзбекистондан муносабат

Ўзбекистон собиқ СССР ҳудудидаги интеграция жараёнларига шубҳа билан қараб келади.

АҚШ дипломатларининг "Викиликс" веб саҳифасига сизган ёзишмаларида Президент Каримов Москванинг "империячилик" интилишларидан хавотир билдиргани қайд этилган...

Хўш, Владимир Путиннинг Ягона Иқтисодий ҳудуд барпо этиш, Оврўосиё Иттифоқи ташкил этиш ғояси борасида оддий ўзбекистонликлар нима деб ўйлашади? Улар бу каби ташаббуслардан қанчалик бохабарлар?

Биз ушбу савол билан Ўзбекистондаги "Эксперт" ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга мурожаат қилдик:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди