Тожикистон Россия авиаширкатининг икки учувчисини озод этди

Image caption Тожикистонда икковлонга қарши чиқарилган ҳукм Россиянинг кескин муносабатига сабаб бўлди

Сўнгги хабарларга кўра, расмий Москванинг кучли босими остида Тожикистон маҳкамаси Россия авиаширкатининг узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган икки учувчисини қўйиб юборишга қарор қилди.

Бугун кун аввалида Тожикистон прокуратураси Россиянинг Rolkan авиаширкати учувчилари Владимир Садовничий ва Алексей Руденколарнинг қамоқ муддатини қисқартириб, уларни авф этишни сўраганди.

Мазкур авиаширкат учувчилари Владимир Садовничий ва Алексей Руденко икки ҳафта бурун Тожикистоннинг Қўрғон-тепа шаҳар маҳкамаси томонидан қаттиқ тартибли колонияда ўташ шарти билан 8.5 йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этилишган, улар фойдаланган учоқлар эса, давлат фойдасига мусодара этилганди.

Икковлон контрабанда ва давлат чегараларини бузишда айбланишганди.

Шу йилнинг март ойида Тожикистонда юз берган ҳодиса ортидан уларга қарши жиноий иш очилганди.

Ўшанда Rolkan авиаширкатига қарашли Ан-72 русумидаги иккита учоқ бирор бир рухсатсиз Тожикистон аэропортига қўнган ва бунинг ортидан экипаж аъзолари ҳибсга олинишганди.

Орадан икки ой ўтиб, экипаж аъзолари қўйиб юборилган, учувчилар чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, халқаро парвозларга оид тартиб-қоидаларни бузиш ва контрабандада айбланишганди.

Россия томони "асоссиз" ва "сиёсий важларга асослангани"ни айтиб, ҳукмга кескин муносабат билдирган ва учувчиларнинг ортга қайтарилишини талаб этганди.

Орадан қисқа вақт ўтмай, Россия Федерал Муҳожирлик хизмати 100 дан ортиқ тожикистонлик муҳожирни мамлакатдан чиқариб юборишга қарор қилганди. Яна минглаби депортация хавфи остида эдилар.

Россиялик айрим масъуллар эса, Тожикистондан меҳнат муҳожирлигига буткул чек қўйишга ҳам даъват этишганди.

Сўнгги тафсилотлар

Аён бўлишича, прокурорлар маҳкамадан учувчиларнинг қамоқ муддатини икки йилу олти ой ва 14 кунга тушириб, авф тўғрисидаги қонунга мувофиқ, суд залидан озод этишни сўрашган.

Қораловчиларнинг иддао этишларича, Қўрғон-тепа шаҳар маҳкамасининг ҳукми "асоссиз" ва "ноқонуний"дир.

Аммо, шунда ҳам, прокурорлар учувчиларнинг уларга қўйилган барча айбловлар бўйича айбдор, деб топилиши истагида эканликларини ҳам билдиришганди.

Айбланувчилар эса, гуноҳсиз эканликларини айтиб, ҳакамдан ўзларини буткул оқлашини сўрашганди.

Россиянинг Душанбедаги элчихонаси вакили мамлакати икковлоннинг буткул оқланишига эришмай қўймаслигини ҳам баён қилганди.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти маҳкамаси бугун учувчиларнинг шикоят аризаларини кўриб чиқиб, ўзнинг якуний ҳукмини эълон қилган.