Оврўпо ва Осиё банклари МО бўйича янги стратегияни ишлаб чиқишди

ОТТБ ва ОТБ
Image caption ОТТБ ва ОТБ Марказий Осиё мамлакатларида хусусий секторга кўпроқ эътибор қаратиш ниятида

Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банки ва Осиё Тараққиёт Банки ўртасидаи келишув Марказий Осиёдаги давлат ва хусусий секторлари ҳамкорлигини амалий жиҳатдан кучайтиришга қаратилган.

Ушбу келишув моҳияти нимада? Хусусий сектор жуда заиф бўлган ва кучли назорат қилинадиган Марказий Осиё мамлакатларида бундай ҳамкорлик иш берадими?

Би-би-си айни саволлар билан Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банкининг матбуот котиби Антони Уиллиамсга боғланди.

Уиллиамс: Аксарият Марказий Осиё давлатлари, жумладан, давлат иқтисодда етакчилик қилаётган мамлакатлар ҳам, хусусий секторни кенгайтириш режаларини эълон қилишган. Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банки эса барча давлатлар, айниқса, Марказий Осиёда хусусий секторни қўллаб-қувватлайди. Бунинг йўлларидан бири, масалан, хусусий ширкатларнинг инфратузилмалар соҳасида иштирок этишини рағбатлантиришдир. Яъни инфратузилмаларни молиялаш, қурилиш ва юритишда. Бу ерда рисклар фақатгина хусусий ширкатлар зиммасига тушмайди, балки давлат ва хусусий сектор ўртасида бўлинган бўлади. Шунингдек, тендерлардаги рақобат ҳам бу соҳада муҳим рол ўйнайди.

Би-би-си: Сиз хусусий сектор иштирокида молияланган биронта лойиҳани мисол қилиб келтира оласизми?

Уиллиамс: Масалан, Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банки Қозоғистон ҳукумати билан хусусий сектор фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш соҳасида яқин ҳамкорлик қилмоқда. Сармоялар ва янги технологияларга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олсак, инфратузилмаларнинг ривожланишидан хусусий сектор жуда катта фойда кўради. Банкнинг Қозоғистонда тажрибадан ўтказилаётган лойиҳаларидан бири

Олма-Ота халқа йўлини молиялаш лойиҳасидир. Яна бир мисол, "Олма-Ота енгил темирйўл транзит тизими" деб номланган лойиҳа. У шаҳардаги транспорт қатновини енгиллаштириш ва ҳавонинг ифлосланишини камайтиришга ёрдам беради. 2015 йилга келиб битказиладиган Тоза транспорт тизими Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банки билан Осиё Тараққиёт Банкининг Марказий Осиёдаги ҳамкорлигининг рамзига айланиши мумкин.

Би-би-си:Термиз-Мозори Шариф темир йўли ҳам ана шундай ҳамкорлик натижаси эканини биламиз. Бошқа яна қандай лойиҳалар бор?

Уиллиамс: Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт Банки ҳозирда Тожикистонга Душанбени Ўзбекистон чегараси билан боғловчи автомобил йўлини таъмирлаш учун молия ажратишни режаламоқда. Ушбу йўл Тожикистонни жанубда Эрон ва Покистоннинг денгиз бандаргоҳлари билан, шимолда Ўзбекистон орқали Россия билан боғлайди. Шунингдек, Каспий орқали Туркия ва Ғарбий Оврўпога чиқиш йўллари билан боғлайди. Бу йўлни таъмирлаш транс-Осиё тармоғи учун ҳам муҳим.