Тожикистон яқин орада Вахш дарёсини тўсиб қўйиши мумкинми?

Вахш дарёси
Image caption Роғун ГЭСини қуриш режаси Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатларини совуқлаштирган

Жорий ой охирларида Роғун гидростансияси қурилиши учун Вахш дарёси олдини тўсиш амалиёти ўтказилиши кутилмоқда.

Жаҳон Банки Роғун стансияси қурилиши атрофидаги халқаро экспертлар текшируви охирига етмагунича, қурилиш ишлари бошланмаслиги кераклигини айтган.

Қўшни Ўзбекистон эса ушбу йирик гидроиншоот туфайли минтақадаги экология вазъияти ёмонлашиши мумкинлигидан хавотирда.

Тожикистонинг баъзи доираларида ва қўшни Ўзбекистонда жорий ноябр ойи охирлари ё декабр ойида Вахш дарёси олди тўсилиб, Роғун сув омбори қурлиши бошланиши борасида хабарлар тарқалган.

Жумладан, икки ҳафта олдин Россиядаги "Независимая газета" Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаъларга таяниб Тожикистон томони халқаро экспертиза хулосаларини кутмасдан Вахш дарёси олдини тўсиш ниятида эканини ёзган.

Ўзбекистон томони бу ҳодиса минтақада техник ва экологик фалокатларга олиб келиши мумкинлиги айтган.

Аммо Тожикистондаги "Барқи Тожик" ширкатидаги манба бу хабарларни рад этиб, Роғун гидростансиясида тиклаш ишлари давом этаётгани, сув қувурларида тозалаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилаётганини айтган.

Ушбу манбага кӯра, жорий йилда мазкур қурилишда тиклаш ишлари учун икки юз милён доллар миқдорида маблағ сарфланган.

"Барқи Тожик" ширкати бош муҳандиси Рашид Гулов яқин келажакда Вахш дарёсини тўсиш амалиёти ўтказилиши ҳақидаги хабарларни "асоссиз" дея баҳолади.

"Жаҳон Банки экспертлари хулосалари эълон этилмагунча, бу амалиёт ўтказилмайди. Ҳозир халқаро экспертлар Роғун қурилиши лоиҳасининг техник ва иқтисодий асосларига оид ҳужжатни ва ушбу иншоотнинг экологик вазъиятга таъсирини ўрганмоқдалар. Текширувлар келгуси йилнинг иккиничи ярмида охирига етиши кўзда тутилган. Халқаро экспертиза асосида Рогун гидростансиясида қурилиш ишлари бошланади," - деб айтди Гулов жаноблари.

Тожикистон парламенти энергетика қўмитасининг аъзоси Шоди Шабдолов ҳам сув ташлаш туннелларида бетонлаш ишлари давом этаётгани ва Роғун сув омбори қурилиши учун шароит муҳайё эмаслигини айтди.

"Мен ушбу қурилишни бориб кўрдим. Ҳозир тиклаш ишлари охирга етмаган. Саксонинчи йилда қурилган сув қувурларининг кўп жойи яроқсиз ҳолга келган. Уларни тиклаш учун кўп вақт лозим бўлади. Мени назаримда жорий йилда бу ишлар охирга етмайди," - деди Шабдолов жаноблари.

Бироқ тожикистонлик таҳлилчилар ноябр ойида Вахш дарёсини тўсиш ва тўғон қурилиши бошланишига ишонишларини айтадилар.

Мустақил таҳлилчи Абдулғани Маҳмадазимов фикрича, тўғон қурилиши ҳам тиклаш ишлари жумласига киради. Зеро 1990-йиллар бошида дарё олди тўсилган ва тўғон қурилган эди.

"1993-йил сел келиб, Роғун тўғони бузилган пайтда, унинг баландлиги ўттуз-қирқ метрни ташкил этарди. Икки йилдан буён қайта тиклаш ишлари давом этмоқда. Наҳотки беш минг ишчи бу муддат ичида туннелдаги тозалаш ва тиклаш ишларини охирга етказмаган бўлса. Менимча, тиклаш ишлари ниҳоясига етган, аммо Тожикистон давлати буни эълон қилмай, тўсатдан дарё олдини тўсиб қўяди," - дейди Абдулғани Маҳмадазимов.

Унинг айтишича, агар ноябр ойида Вахш дарёсида тўғон қурилиши бошланса, 2014-йилда Роғун гидростансиясида икки агрегат ўрнатилиши мумкин.

Акс ҳолда Тожикистон давлати халққа берган ваъдасини уддасидан чиқмаслиги ва мамлакат келгуси йилларда ҳам электр тақчиллигига дуч келиши эҳтимоли бор.

Таҳлилчи Давлат Усмон ҳам жорий йилда тўғон қурилиши зарурлигини айтади.

"Роғун сиёсий масалага айлаган. Тожикистон учун икки йўл бор: биринчиси, Тожикистон Роғунда ўз кучи билан қурилиш ишларини давом эттираверади. Иккинчиси, минтақадаги кучли давлатлар олдида бошини эгиб, қурилиш ишларини номаълум вақтга қолдиради," - деб айтди Давлат Усмон.

Техник Фанлар доктори Алимхон Бурҳонов "Азия-Плюс" ахборот агентлиги билан суҳбатда Роғун каби буюк ва жуда қиммат иншоотлар ўрнига кичик ва ўрта гидростансиялар қурилиши Тожикистон учун манфаатли эканини айтган.

Жаноб Бурҳоновга кўра, Роғун гидростансияси қурилиши жараёнида жуда кўп қишлоқлар, ўрмон ва яйловлар сув остида қолиб, минглаб аҳолини бошқа минтақаларга кўчиришга тўғри келади.

У шунингдек 335 метрли тўғон тез-тез зилзила бўлиб турадиган Тожикистон ва минтақа учун жиддий хавф туғдириши мумкинлигини айтган.