Қозоғистон президенти тўнғич қизининг номзоди депутатликка илгари сурилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Дариға Назарбоева яқинда отасининг шарафига қўйилган ҳайкалнинг очилиш маросимида ҳам иштирок этганди

Дариға Назарбоева Қозоғистондаги бўлажак парламент сайловларида президент Нурсултон Назарбоевнинг "Нур Отан" партиясидан иштирок этувчи номзодлар рўйхатига киритилди.

Қозоғистон оммавий-ахборот воситаларига кўра, энди 127 номзоддан иборат рўйхат кўриб чиқиши учун партиянинг сиёсий кенгаши ихтиёрига ҳавола этилади.

Мамлакат парламенти қуйи палатасига сайловлар муддатидан илгари уюштирилмоқда. Янги сайловлар келаси йилнинг январ ойига режаланган.

Яқинда депутатлар янги йилда юз бериши кутилаётган глобал иқтисодий инқироз Қозоғистонни ҳам четлаб ўтмаслигини сабаб қилиб келтириб, президент Назарбоевдан парламентни тарқатиб юборишини сўрашганди.

Чунки, Қозоғистон қонунчилигига мувофиқ, сайлов натижалари қандай бўлишидан қатъиназар, мамлакат парламентининг кўппартиявий бўлиши кўзда тутилган.

Вакиллар эса, ушбу жараённи ортга сурмасликни исташади.

Бунинг ортидан, Қозоғистон президенти 16 ноябр куни мамлакат парламентини тарқатиб юбориш қарорига келганди.

Айрим фаразларга кўра эса, расмийлар парламент қуйи палатасига яна бир партияни киритиш истагидалар.

Чунки бундан аввалги сайловлар натижаларига мувофиқ, вакилларнинг барчаси бошқарувдаги партия аъзоларидан ташкил топишганди.

Аммо кўзда тутилаётган "Ак жол" партиясига ҳам собиқ нур отанчи Азат Перуашев бошчилик қилади.

Қозоғистонлик айрим сиёсатшуносларга кўра эса, янги парламент сайловлари президент Назарбоевнинг ўзига сиёсий ворис тайёрлаш йўлидаги яна бир қадами ҳам бўлиши мумкин.

Чунки мамлакат конституциясига мувофиқ, президентга расман фақат уч киши, яъни Сенат, Мажлис раислари ва Бош вазир ворислик қила олишади.

"Президент Назарбоевнинг ўзи томонидан тайин этилгани, бунинг устига ёши анча жойга бориб қолгани учун сенат раиси бундай қилмаса керак. Агар депутат этиб сайланса, парламентдаги энг йирик сиёсий фракция аъзоси сифатида Дариға Назарбоева Мажлис раиси бўла олади. Аммо, айни ўринда шуни ҳам назарда тутиш жоизки, Дариға оилавий сулола, деб кўрмасликлари учун, сиёсий ворисликдан воз кечиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Шунда ягона ворис бўлажак Бош вазир бўлиши мумкин", дейди маҳаллий сиёсатшунос Қанот Берентаев.

Унинг айтишича, Дариға Назарбоева учун ҳокимиятдан кўра, Қозоғистоннинг обрўси муҳимроқ бўлиб чиқиши мумкин.

Дариға Назарбоева бундан аввал "Асар" партиясига раҳбарлик қилган.

Аммо кейинчалик унинг партияси отаси бошчилик қилувчи "Нур Отан" партиясига қўшилиб кетган.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаш керакки, Қозоғистон президентининг тўнғич қизи жорий пайтда отасининг жамғармасига раислик қилади.

Таҳлилчиларга кўра, президент бўлиш истаги Дариға Назарбоевани фақат узоқ келажакда қизиқтириши мумкиндир, жорий пайтда эса, у ўз отасини дастаклашни маъқул кўради.

Қозоғистонлик айрим сиёсий фаоллар эса, президент Назарбоеванинг тўнғич қизи сиёсий карьера нуқтаи назаридан классик йўлни босиб ўтгани, тегишли маълумоти борлиги, сиёсатшунослик фанлари доктори экани, матбуот билан ишлаш, ўз партиясини тузиш тажрибасига ҳам эгалигини урғулашади.

Улар қудратдаги шахсларнинг яқинлари демократик йўлда сиёсий жараёнларда иштирок этган дунёдаги айрим бошқа давлатларни мисол келтириб, Дариға Назарбоева ҳақли равишда сиёсий жараёнларда иштирок этиши мумкинлигини айтишади.

Айрим кузатувчилар эса, жорий йил Қозоғистонда оғир йиллардан бири бўлгани, қийин иқтисодий шароит туфайли суиқасд ҳоллари кўпайгани, бир қатор террорчилик амаллари содир этилганини назарда тутиб, бўлажак парламент сайловлари аҳолини ушбу муаммолардан вақтинчалик бўлса-да, чалғитиш учун қилинаётган иш, дейишади.

Қозоғистон парламенти 2008 йилда сайланган, кейинги сайловлар 2012 йилнинг июль ойида бўлиши режаланган эди.