Яқинда қонли миллий низоларга саҳна бўлган Ўш энди газ инқирозига юз тутмоқда

Қирғизистон жанубидан олинган хабарларга кўра, уч кундирки, минтақада ўн минглаб кишилар табиий газсиз қолишган.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, 29 ноябр куни ҳеч бир огоҳлантиришсиз, газ таъминоти узиб қўйилган.

Аён бўлишича, ўтган йилги миллий низолардан жиддий жабр кўрган Ўш шаҳри ва Қора-Сув туманларида газ умуман йўқ.

Минтақанинг қолган қисмларида эса, газ таъминоти билан боғлиқ аҳвол ҳаминқадар экани айтилади.

Масъулларга кўра, бунга Ўзбекистондан Қирғизистонга газ таъминотининг кескин пастга тушиб кетиши сабаб бўлган.

Қирғизистоннинг AKIpress ахборот агентлиги келтирган иқтибосида Ўш шаҳар ҳокими муовини Рустам Мирзаматов, "Ўзбекистондан келаётган бор-йўқ газнинг иссиқлик электр станциясига юборилаётгани, шу сабабдан ҳам, 29 ноябрдан бошлаб, аҳолига газ таъминоти кесиб қўйилгани"ни билдирган.

Жабрдийда аҳоли

Ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли Иззатулла Раҳматуллаевнинг айтишича, газ йўқлигидан, айниқса, маҳаллаларда истиқомат қилувчи аҳоли ниҳоятда қийналмоқда:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Кимдир ўтин, кимдир кўмир, кимдир электр печкалардан фойдаланмоқда, дейди у.

Аммо фаолнинг айтишича, ҳозир, ҳатто, берилаётган электр энергиясининг қуввати ҳам пасайган.

"Электр печкани қўшсангиз, спирали зўрғагина қизаради", дейди у.

Қирғизистонлик мулозимлар 28 ноябр куни қиш мавсумида электр энергиясидан фойдаланиш ўтa кучайиб кетгани боис, унинг истеъмолига чекловлар киритишларини эълон қилишганди.

Иззатулла Раҳматуллаевнинг айтишича эса, айниқса, ўтган йилги миллий низолардан жабр кўрган аҳолининг на-да гази, на-да ўтини ва на-да кўмири бор.

"Уларнинг бугунги ҳаётлари фақат электр энергиясига тақалиб қолган".

Фаолга кўра, бугун маҳаллий бозорларда кўмир ҳам қимматлаб кетган.

"50 килоли битта қопдаги кўмир 400 сом туради. Бу қарийб 1 АҚШ доллари дегани".

У аҳолининг аксарияти ишсиз экани боис, кўмир сотиб олишга қурблари етмаслигини айтади.

Ўз ўрнида, инсон ҳуқуқлари фаолига кўра, кўпқаватли уйларда яшовчи одамларнинг қишнинг совуғида очиқ ҳавода ўчоқ-қозон қилиб, газета ёқиб овқат пиширишаётганига ҳам гувоҳ бўлган.

У маҳаллий ҳокимият ҳозирча фақат электр токини ўчириб қўймасликка ваъда бераётгани, улардан бошқа ҳеч қандай ёрдам бўлмаётганини ҳам таъкидлайди.

Фаолнинг сўзларидан аён бўлишича, мулозимлар газ таъминотининг қайта тикланиши буткул Ўзбекистонга боғлиқ масала эканини урғулашаркан, аҳолининг яна қанча газсиз ўтириши номаълум.

Ўш шаҳар ҳокимияти масъуллари эса, Би-би-си билан суҳбатда бугундан бошлаб газ таъминоти тўлиқ йўлга қўйилишини айтишган.

Бугунги ҳаёт

Буткул газ йўқлигидан азоб чекаётган Қора-Сув туманилик суҳбатдошимиз ҳозир ўтин ва тезак ёқиб, кунларини ўтказишаётганини айтади.

"Тандирга деб ёзда йиғиб қўйган ўтинларимиз бор эди, ҳозир ана шуларни ёқаяпмиз":

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбатдошим ўзларининг оилада олти жон эканликлари, яқинда кўзи ёриган келини, унинг учта боласи билан битта хонага тиқилиб, совуқда жон сақлашаётганини ҳам айтади.

У ёрдам сўраб маҳаллий идораларга ҳам мурожаат қилишгани, масъуллар бирор иложини қилишга ваъда беришганини, аммо ҳеч нарсага умид қилишмаётганини таъкидлайди.

"Бирор нарса қилиб эплаб турсанглар, газ бўлиб қолиши мумкин деди, қачон беришини номаълум деди".

Суҳбатдошим бу яқин-орада газ таъминоти йўлга қўйилмаса, нима қилишни билмай ҳайрон эканликлари, кимдир арава етаклаб, кимдир мардикорчилик қилиб, беш-ўн танга ишлаб, кўмир олиши, хуллас, бир амаллаб тирикчиликларини ўтказишларини айтади.

Ўтган ҳафта Ўш шаҳрининг ўтган йилги этник зўравонликлардан энг кўп азият чеккан Черёмушки маҳалласи аҳолиси қишнинг совуқ кунларида озиқ-овқат ва кўмирдан ёрдам беришларини сўраб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига расман мурожаат этишганди.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари жабрдийда аҳолига ўз вақтида кўмак берилмаса, бу йил қишда инсоний инқироз юз бериши мумкинлиги билан ҳам огоҳлантиришганди.

Аммо, бугун аён бўлишича, улар ҳали-ҳануз ўз мурожаатларига бирор бир жавоб олишолмаган.