Олма-ота яқинида яна бир қуролли тўқнашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бўралдай поселкасидаги отишма бир неча соат давом этгани айтилмоқда. (Фотосурат "TENGRI NEWS" вебсаҳифасидан олинди.)

Қозоғистон расмийларининг билдиришларича, Олма ота шаҳридан узоқ бўлмаган Бўралдай поселкасидаги отишма натижасида 5 нафар жиноий гуруҳ аъзолари ва 2 нафар миллий хавфсизлик қўмитаси ходими ҳалок бўлган.

Бир неча соат давом этган амалиёт давомида тинч аҳоли вакилларига зиён етмагани айтилмоқда.

Расмийлар жиноий гуруҳ турган уйдан қурол аслаҳа топилганини маълум қилдилар.

Қозоғистонда шу йил бошидан буён содир этилган қатор ҳужумлар ва амалиётлар ортидан 20 га яқин ҳуқуқ тартибот органи ходимлари ўлдирилган. Маҳаллий сиёсатшунослар аҳолининг 70 фоизи ўрта қатламга ҳам кирмайдиган мамлакатда радикал гуруҳлар бундан-да ривожланиши мумкинлигини айтишмоқда.

3 декабр куни кечқурун Олма ота шаҳридан унча узоқ бўлмаган Боралдай поселкасида 4 соат чамаси давом этган отишма овозлари одамларни хавотирга солди.

Поселка аҳолиси воқеа жойидан эвакуация қилинди, жангарилар жойлашган уйга олиб борувчи йўллар тўсилди.

Қозоғистон Бош Прокуратураси расмий вакили Нурдаулет Суйиндиқовнинг айтишича, 5 кишидан иборат террористик гуруҳ йўқ қилинди.

Унга кўра, ушбу гуруҳ Олма ота шаҳрида қўпорувчилик амалиёларини оширишни режалаган. Амалиёт давомида Миллий хавфсизлик қўмитасига қарашли “Аристан” махсус хизматининг 2 нафар ходими ҳам ҳалок этилган.

“Жиноятчилар паноҳ топган уйдан иккита граната, иккита Калашников автомати ва Макаров тўппончаси топилди. Тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ. Махсус амалиёт 3 декабр, 23:50 да ниҳоясига етди”, - деди Нурдаулет Суйиндиқов.

Ҳозирда жиноий гуруҳ аъзоларининг шахси аниқланаётгани билдирилган.

Прокуратура берган маълумотларга кўра, ушбу жиноий гуруҳ шу йилнинг 8 ноябри куни Олма ота шаҳридаги икки нафар йўл полицияси ходимини отиб ўлдирган. Жиноий тўда яширинган уйда топилган қуроллардан полиция ходимлари отилгани айтилмоқда.

Бош прокуратура расмий вакили ҳодиса юзасидан жиноий иш очилганини ва тергов ушбу гуруҳга алоқадор одамларни текширишини маълумлади.

Жорий йил давомида Қозоғистоннинг турли минтақаларида бир неча маротаба турли қўпорувчилик ва худкушлик амалиётлари содир этилди. Ҳужумлар давомида ҳуқуқ тартибот органларининг 20 га яқин ходимлари ҳалок бўлди.

Республикада давлат муассасаларида ибодат қилишни тақиқловчи қонун кучга кириши билан “Жунд-ал Хилафа” жангари гуруҳи интернет орқали таҳдидлар билан чиқди ва Қозоғистоннинг ғарбида содир этилган портлашларни ўз зиммасига олди.

Қозоғистонлик таниқли сиёсатшунос Дўсим Сатпаев аҳолининг асосий қисми кам таъминланган давлатда радикализм пайдо бўлиши табиий ҳол эканлигини айтади.

“Муаммо шундаки, 60-70 фоиз аҳоли ўрта қатламга кирмаган давлатда ва аксар ёшлар ўз истиқболи борасида бирор тасаввурга эга бўлмаган жамиятда эрта кечми радикализм пайдо бўлади. Бу диний жабҳада бўлиши шарт эмас, умуман радикал ғояларни назарда тутаяпман. Ҳукумат ўзини тинчлантириб, чекланиб олди, мана энди бунинг самарасини кўраяпти”, - дейди Дўсим Сатпаев.

Ҳукумат терроризм билан курашиш мақсади-да бир қатор режалар қабул қилган, аммо ушбу қарорлар фақат куч ишлатиш ва тақиқларга асослангани мутахассислар томонидан танқидларга сабаб бўлмоқда.