Хуан Мендес: 'Қирғизистонда қийноқлар ва ноинсоний муносабатлар кенг тарқалган'

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендес Қирғизистонга бир неча кунлик сафари ниҳоясида мамлакатда маҳбусларга нисбатан қийноқлар ва ноинсоний муносабатлар кенг тарқалган, дея хулоса қилган.

Жаноб Мендесга кўра, расмийлар бу аҳволдан бохабарлар ва қайсидир маънода қарши курашга ҳам ҳаракат қиладилар, аммо бу каби амаллар ҳануз жазосиз қолмоқда.

Хуан Мендес қийноқлар қўлланишидан мақсад милиция ходимлари истаган айбловларга мажбуран иқрор қилдириш эканини айтган.

Мендес жаноблари Ўш шаҳридаги тергов қамоқхонасидаги маҳбуслар унинг сафаридан огоҳлантирилгани ҳамда уларга нималарни гапириш тўғрисида кўрсатма берилганини айтган.

Шу боис, маҳбуслар БМТ расмийсига у қадар жиддий бўлмаган келишмовчиликлар ҳақида гапиришган.

Ўзган шаҳрида эса, Мендес жаноблари маҳбуслар билан суҳюатлашаётганда идора ходими суҳбатни куч қўллаб тўхтатган. Худди шундай ҳолат Чуи вилоятининг Москва туманидаги ҳибсхонада ҳам кузатилган.

БМТ мулозимининг билдиришича, Қирғизистонда қийноқлар жуда кенг тарқалган, лекин уларни йўқотиш учун ҳаракатлар оз.

У, шунингдек, маҳбусларни қийнаш ҳоллари аниқланиб, исботланганига қарамай, бу ишга қўл урган милиция ходимлари куни кеча Олий Маҳкама томонидан оқланганини танқид қилди.

"Қирғизистонда бундай амалларни тўхтатишга ҳаракат қилинмоқда. Лекин, улар етарли эмас. Давлат қонунларида қийноқ қўллаш моддасига алоқадор айблов ҳукмлари йўқ. Бу борада жиноий ишлар қўзғатилмайди. 2011 йилда илк бор жиддий тергов ўтказилган. Лекин ички ишлар ходимларидан 5 нафари қийноқларда эмас, ўз лавозимларини суиистеъмол қилганликда айбланган. Уларнинг иши юзасидан маҳкама юмшоқ ёки шартли ҳукм чиқарган", деб айтган БМТ расмийси.

У бу ҳолатни "қайғули", дея таърифлаган.

Мендес жаноблари тиббий текширувлар қийноқлардан бир неча ҳафта ўтганидан сўнг ўтказилганини айтган.

Хуан Мендес Қирғизистон маҳкамаларининг қийноқларга нисбатан беэътиборлигини таъкидлайди. Жабрланганлар эса, бу ҳолларни ўзлари исботлашга мажбур бўлаётганини қабул қилиб бўлмас, дея таърифлаган.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси 2010 йил июнида юз берган миллий низолардан сўнг, Қирғизистон жанубида қийноқлар қўлланганлигини ва адолатсиз ҳукмлар чиқарилганлигини айтди.

Шу билан бирга жаноб Мендес ҳукумат қийноқлар билан боғлиқ вазият ўзгартиришига умид қилишини билдирган.

"Менимча, Қирғизистон шу масалани ҳал қила олади. Чунки, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўзлари ҳам муаммодан хабардор. Ҳар ҳолда, менинг айтганларимни Қирғизистон ҳукуматига босим ўтказиш, дея қабул қилманг", деган БМТ расмийси.

Қийноқларни қўллаш сабаблари сифатида Мендес жаноблари тегишли ходимларнинг жазога тортилмаслигида эканини айтган.

Хуан Мендеснинг таъкидлашича, қийноқларга масъул ходимлар камида ўз лавозимларидан четлатилиши лозим.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси маҳбуслар, айниқса, ўтган йилги зўравонликлардан сўнг чидаб бўлмайдиган шарт-шароитларда сақланаётганлигини билдирди.

Мендес жанобларининг айтишича, Қирғизистондаги маҳбусларнинг сақлаш шароитлари энг қуйи талабларга мос келмайди.

Ҳибсхоналардаги одамларга ҳатто кўрпа-ёстиқ ҳам берилмайди. Улар фақат совуқ сув билан таъминланади.

Айни пайтда Хеан Мендес Қирғизистон расмийларига қатор тавсиялар ҳам берган. Мендес жаноблари, шунингдек, баъзи ҳибсхоналарни бутунлай ёпишга чақирган.

Жаноб Мендес Қирғизистон Бош прократурасининг қийноқлар қарши саъй-ҳаракатлари мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот органларига намуна бўлиши кераклигини айтган.

Қирғиз Бош прократураси қийноқлар қўллашни чидаб бўлмас ҳолат сифатида таърифлаганди.

БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендес бир хафта давомида жами 15та тергов ҳибсхоналари, жумладан, Миллий Хавфсизлик Хизмати тергов изоляторини бориб кўрган.

Аввалроқ, Хуан Мендес Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев билан учрашган. Атамбаев жаноблари: "Биз жазо муассасаларидаги жорий вазиятни яхшилашни жуда ҳам истаймиз. Қийноқларга қарши аёвсиз кураш олиб борамиз", деб айтган.