'Темир йўл муаммоси боис Тожикистонда озиқ-овқат танқислиги келиб чиқиши мумкин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўзбекистоннинг Тожикистонга борувчи темир йўл қатновини вақтинча тўхтатиш қарори ортидан тожикистонликлар озиқ-овқат танқислигига юз тутишлари мумкин.

Бу ҳақда Жаҳон Озиқ-овқат ташкилотининг Тожикистондаги директори Алзира Феррейра хавотир билдирган.

Ўзбекистон тарафи ўз қарорини темир йўл кўпригини таъмирланиши билан изоҳлаганди. Ўтган ой Ўзбекистонни Тожикистон жануби билан боғловчи "Ғалаба-Амузанг" темир йўлида содир бўлган портлаш оқибатида кўприкнинг устунларига зиён етгани айтилади.

Жаҳон Озиқ-овқат ташкилотининг Тожикистондаги идорасидан бир манбаъга кўра, ҳозиргача ташкилотга тегишли озиқ-овқат маҳсулотлари ортилган 23та вагон Ўзбекистон чегарасида қолиб кетган. Ушбу озиқ-овқат маҳсулотлари Хатлон минтақасидаги камбағал оилалар ва мактаб болалари учун олиб келинаётган бўлган. Октябр ойи бошларида Жаҳон Озиқ-овқат ташкилоти 1 миллион долларлик қийматга эга 1000 тоннадан ортиқ ун, 60 тонна нўхат, 240 тонна ўсимлик ёғи сотиб олган ва Хатлонга жўнатган. Алзира Феррейра эса, ушбу юкларнинг ҳанузгача ўз манзилига етиб бормаганидан хавотир изҳор қилган. Айтилишича, "Ғалаба-Амузанг" темир йўлида қатновнинг чеклангани боис ёқилғи, ун, буғдой ва бошқа кундалик эҳтиёж моллари ортилган жами 350та вагон Ўзбекистон чегарасида тиқилиб қолган. Айни ҳолат маҳаллий бозорлардаги нарх-наволарнинг ўсишига сабаб бўлган. Бу эса, аксар аҳолиси учун моливий қийинчиликлар келтириб чиқарган. Ўзбекистон эса, темир йўлда портлаш туфайли келиб чиққан муаммолар ҳалигача бартараф этилмаганини айтади.