Душанбеда муҳожирлар учун махсус марказ очилди, аммо...

Меҳнат муҳожирлари
Image caption Россия расмийларига кўра, мамлакатда бир ярим миллионга яқин тожикистонлик меҳнат муҳожири бор.

Душанбе шаҳрида Тожикистон ва Россия Муҳожират хизматлари ҳамкорилигида муҳожирлар учун касб ва рус тилини ўргатиш маркази очилди.

Ушбу марказда юзга яқин ўқувчилар рус тили, касб-ҳунар ва Россия қонунларини ўрганишади.

Россиядаги муҳожират хизмати келгусида рус тилини яхши биладиган муҳожирларгина бу мамлакатда ишларлари мумкинлигини таъкидлаб келишади.

20 ёшли Фаромуз Ашуров Россия-Тожикистон иш марказига шарқий Тожикистондаги Рашт туманидан келган.

У ўрта мактабни битириб, икки йил Москва шаҳрида қурилиш иншоотларида ишлаган.

Фаромуз Икки йил Россияда яшаган бўлса ҳамки, рус тилида қийналиб гапиришини айтади.

Фаромуз Россияда фақат тожиклар орасида яшагани ва руслар билан мулоқотга кирмаганини айтади.

"Ўрта мактабда ҳам рус тилини ӯрганиш имкони бўлмади, эслайди Фаромуз.

"Мактабда муаллим бўлмагани учун рус тили ўрганмадик. Бизга сабоқ берган баъзи муаллимлар ўзлари рус тилида яхши гапира олишмасди. Менинг мақсадим - рус тили ва бир касбни яхши ўрганиш. Россияга кетмоқчиман. Бизнинг ноҳияда ҳамма йигитлар мактабни битириб, иш излаб Россияга кетишади," - дейди Фаромуз Ашуров.

Россиянинг Москва шаҳрида бир неча йил ишлаб келган Олмахон Ҳайдарованинг айтишича, у ерда рус тилини билмайдиган шахс жуда кўп қийинчиликларга дуч келиши аниқ.

Тожикистон Славян Университетининг устози, Россия-Тожикистон иш маркази рус тили муаллимаси Илмира Самадованинг айтишича, ушбу марказда талабаларга Россияда энг зарур бўлган сўзлар ва жумлалар ўргатилмоқда.

"Улар ўзлари ҳақида гапириш, ўзларини таништриш, савол ва жавоб беришни ўрганмоқдалар. Масалан, дастуримизда қачон, қаерда, қайси кун, ой ва йилда туғилгани ҳақидаги мавзулар бор. Зеро Россияга қадам қўйиш билан муҳожирга бундай саволлар берилади ва улар жавоб беришга тайёр бўлишлари лозим. Аммо беш ой давомида уларга грамматика ўргатиш ва рус тилини тўла ўргатиш имкони йўқ," - дейди Илмира Самадова.

Мазкур марказда 20-35 ёшлар орасидаги ва ўрта мактабни энди битирган йигитлар сабоқ олишади.

Уларга келгуси йилнинг феврал ойида рус тили ва ўзлаштирган касблари бўйича шаҳодатнома берилади.

Душанбедаги касб-ҳунар билим юртининг раиси Ражабали Қурбоновнинг айтишича, ушбу марказда тажрибали мутахасссис ва устозлар талабаларга пайвандчилик, элекромонтёрлик ва токарлик ҳунарларидан таълим беришади.

"Ҳозир билим юртимизда ишлаш учун Россияга бориш ниятида бўлган юзта Тожикистон фуқароси таълим олаяпти. Улар Россия Муҳожират хизмати таклиф қилган уч касб-ҳунарни ўрганмоқдалар. Яқинда Санкт-Петербургдан бир ҳаъйат келиб, таълим жараёни билан танишиб чиқди," - дейди Ражабали Қурбонов.

Баъзи кузатувчилар фикрича, мазкур марказ беш ой давомида, бор-йўғи юз нафарга яқин йигитга таълим берган, холос.

Ҳолбуки, ҳар йили юз минглаб Тожикистон фуқаролари иш излаб Россияга йўл олади.

Кузатувчиларга кўра, мазкур муаммони ҳал қилиш учун нафақат Душанбеда, балки мамлакатнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам бепул ё пулли рус тили ва касб ўрганиш марказлари ташкил этилиши зарур.

Акс ҳолда бундай тадбир ижобий натижа бермайди.

Бу мавзуда батафсилроқ