Раҳмон наркотиклар савдосига қарши курашишда ёрдам сўради

Имомали Раҳмон Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Имомали Раҳмон Афғонистонда кўкнори етиштириш кўлами ортиб бораётганидан ташвишда

Олмонияга сафар қилган Тожикистон президенти халқаро ҳамжамиятдан наркотик моддалар савдосига қарши курашишда Тожикистонга ёрдам беришни сўради.

Рейтерс ахборот агентлигининг маълум қилишича, Президент Раҳмон Олмония канцлери Ангела Меркел билан учрашуви чоғида наркотиклар моддаларнинг Афғонистондан Тожикистонга ва у ердан Оврўпо мамлакатларига олиб ўтилишига қарши курашишда Оврўпо мамлакатлари Тожикистонга ёрдам бериши зарурлигини айтган.

Жаноб Раҳмоннинг таъкидлашича, Тожикистон Афғонистоннинг шимолий ҳудудлари билан 1400 километрлик умумий чегарага эга ва Олмония мазкур минтақалар хавфсизлигини таъминлашни ўз зиммасига олган.

Унинг айтишича, Афғонистон ҳероин ишлаб чиқариш бўйича дунёда биринчи ўринда туради ва ҳероин савдосидан олинадиган даромад Толибон сингари ифротий гуруҳлар фаолиятини сармоялашга сарфланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисоб-китобига мувофиқ, қуролли гуруҳлар гиёҳванд моддалар савдосидан ҳар йили 100 миллион доллардан 400 миллион долларгача даромад кўришади.

Олмония расмийлари билан мулоқоти чоғида Тожикистон президенти мамлакатининг наркотик моддалар савдосига қарши курашишда Афғонистон шимолида жойлашган Олмония кучлари билан "яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр" эканини айтган.

Олмония Канцлери Ангела Меркел Имомали Раҳмоннинг ушбу таклифини олқишлаб, Олмония ва Тожикистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилишидан манфаатдор эканини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ