Жанаўзенда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтган Жанаўзен шаҳрида фавқулотда ҳолат жорий қилинди. Бу ҳақда Жанаўзен ҳодисалари муҳокама қилинган хавфсизлик кенгаши йиғилиши сўнгида мамлакат Президенти Нурсултон Назарбоев кўрсатма берган.

"Жанаўзен шаҳридаги иқтисодни тиклаш, ўт қўйилган бинолар, ва энг муҳими, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Конституция ва фавқулотда ҳолатлар тўғрисидаги қонунга асосланиб Жанаўзен шаҳрида фавқулотда ҳолат жорий қилиш борасида фармон бераман", деган Нурсултон Назарбоев.

Фавқулотда ҳолат 20 кун, яъни 5 январгача амал қилиши айтилди. Агар унгача барча масалаларга ойдинлик киритилиб, тинчлик ўрнатиладиган бўлса, фармон исталган вақти бекор қилиниши мумкин.

Президент тартибсизликлар давомида полиция кучлари ўзларининг хизмат вазифаларини аниқ бажарганини ва қонунда кўрсатилган ваколатлари доирасида амал қилганини таъкидлади.

Элбоши ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлигини билдирди ва ҳалок бўлган ҳамда жароҳатланганларнинг оиларига ёрдам берилишини айтди.

Давлат раҳбари айни дамда шаҳарда вазият ҳуқуқ-таротибот органи ходимларининг назорати остида эканлигини, тартибсизликни амалга оширганлар қонун бўйича жавобгарликка тортилишини урғулади.

Президент тартибсизликлар қўллаш учун молиявий кўмак қайси томондан келаётганини ва бу иш билан ким шуғулланаётганин ўрганишга ваъда берди.

Жанаўзен шаҳрига нефтчиларнинг муаммосини ҳал қилиш учун ҳукумат ва "Қазмунайгаз" томонидан тузилган махсус комиссия боражаги маълум қилинди.

Қозоғистон ғарбидаги намойиш ўтказиб келаётган нефтчиларни қўллаш мақсадида ташкил қилинган "Халқ майдони" демократик кучлар коалицияси Жанаўзендаги ҳодисаларни ўрганиш учун махсус комиссия тузишга чақирди.

Коалиция вакилларига кўра ушбу комиссия таркибига ҳуқуқбон, журналист, сиёсатчи, касаба уюшмаси лидерлари ва давлат хизматчилари кириши керак.

"Халқ майдони" ойнаи жаҳон орқали берилаётган байрам концертларини тўхтатиб, парламент сайловларини кейинга қолдириш таклифи билан ҳам чиққан.

Бундан сал олдинроқ, Қозоғистон ички ишлар вазири кеча ғалаён бўлган Жанаўзен шаҳридан туриб вазият барқарорлашганини ва майдонда ҳеч ким қолмаганини билдирди.

Аммо, вазирнинг гапларини мустақил манбаадан тасдиқлашнинг имкони йўқ. Шаҳардаги мобил ва интернет алоқаси буткул узилган. Расмий маълумотларга кўра тўқнашувлар натижасида 10 киши ҳалок бўлган ва 75 фуқаро шифохонага ётқизилган.

Вазир тинч фуқаролар билан бирга 6 полиция ходими ҳам яраланганини ва уларнинг бири оғир аҳволда эканлигини билдирган.

Айни дам полиция 70 атрофида гумондор шахсларни қўлга олган.

Ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг маълумотларини мустақил манбаалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ. Марказий телеканаллар Жанаўзендаги вазиятнинг тинчига борасида ва умуман бу воқеалар тўғрисида ҳеч қандай лавҳа бергани йўқ.

Қозоғистон Твиттер сайтига тўсиқ қўйилган. Бундан аввалроқ, Масимов ҳукумат томонидан махсус комиссия тузилганини Твиттердаги ўз саҳифасида ёзган бўлса-да, бу хабарни Қозоғистон ичидан туриб ўқиб бўлмади.

Шаҳарда мобил ва интернет алоқаси узиб қўйилган. Ташқи дунё билан бир чорасини қилиб боғланаётган нефтчилар, майдонда ҳали ҳам намойишчилар турганини айтишмоқда.

Жароҳатланган ва ҳалок бўлганарнинг сони расмий маълумотлардан анча кўп эканлиги айтилмоқда.

Олма ота шаҳридан тартибсизликлар рўй берган жойга олиб борувчи учоқлар бекор қилинган.

Жанаўзен шаҳридаги "Ўзенмунайгаз" нефт компанияси ишчилари бир қисми хавфсизлик хавотирлари боис бугун ишга чиқмагани расмий хабарларда айтилди.

Тартибсизликлар бўлган ҳудудга катта сондаги ҳарбийларнинг юборилгани айтилмоқда.

Ҳаммаси нимадан бошланди?

Қозоғистоннинг нефт ва газга бой ушбу ғарбий минтақасида маошларнинг камлигидан иш ташлашлар мунтазам ўтказиб келинади. Ҳар сафар нефтчилар ўзларининг талабига маълум миқдорда эришарди.

Аммо, бу йилги иш ташлашларга сабаб коллектив шартноманинг қайтадан тузилгани сабаб бўлди.

Мутахассислар бу вақтга коллектив шартномалар маҳаллий ҳокимиятнинг иштирокида тузилгани ва бу сафар эса ҳокимият билан маслаҳатлашмай компания томонидан тузилганига эътиборни жалб қилишади.

Янги шартнома ишчиларни қаноатлантирмайди.

Ўз навбатида "Қаражанбасмунай" компанияси касаба уюшмаси юристи Наталя Соколова мавжуд қонунчиликдаги меъёрлардан фойдаланиб ишчиларнинг маошларини сезиларли даражада кўтаришни талаб қилади.

Аммо, компания юристнинг таклифларини рад этади ва улар ҳам меҳнат кодекси орқали ўзларининг ҳақлигини исботлашга ҳаракат қилади. Шу билан бир қаторда Соколова хонимга нисбатан бир неча таҳдидлар ва босимлар бўлиб туради.

Наталя Соколова ишчиларга ўз ҳақини қонунлар асосида тушунтириб бергач, унинг атрофида қўллаб қувватловчилар кўпаяди ва улар меҳнат шартномаси қайта кўриб чиқилишини талаб қилиб иш ташлаш эълон қилишади.

Бу вақтда Наталя Соколова ноқонуний намойиш ташкиллаштиришда айбланиб ҳибсга олинади ва орадан 2,5 ой ўтгач маҳкама қарори билан қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Иш ташлаш натижасида "Қаражанбасмунай" компаниясига катта миқдорда молиявий зарар етказганликда айбланган Соколова хоним 6 йил умумий жазо колониясида муддатини ўташи белгиланди.

Намойишга чиққан 2 мингдан ортиқ ишчи маҳкама қарори билан ишдан бўшатилди.

Май ойидан буён Ақтау ва Жанаўзен шаҳридаги нефтчилар узликсиз намойиш ўтказиб келаётган эди.

Мустақиллик куни, яъни 16 декабрда Жанаўзендаги нефтчилар бошқа ишчи ва тинч аҳолини ҳам ўзларига қўшилиб марказий майдонда норозилик намойиши ўтказишга чақирди. Ушбу намойиш турли сабаблар билан оммавий тартибсизликларга айланиб кетди.

Бу мавзуда батафсилроқ