Тожикистон: Тўражонзода Москвадаги намойишни "иғво"га тенглаштирди

Тўражонзода Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳожи Акбар Тўражонзода ўз муаммосини Тожикистонда ҳал қилиш ниятида эканини айтади

Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ўнгида "Муҳаммадия" масжиди фаъолиятини вақтинча тўхтатиш қарорига эътирозан кичик намойиш бўлиб ўтди.

Бироқ Ҳожи Акбар Тўражонзода намойишни "иғво" деб баҳолади ва ундан мақсад Тўражонзода оиласи ва мамлакат президенти ҳамда ҳукумати муносабатларини ёмонлаштириш эканини айтди.

Сешанбанинг иккинчи яримида Москвадаги Тожикистон элчихонаси ўнгида 15-20 киши тўпланиб, Тожикистон ҳукуматидан Тўражонзода оиласига нисбатан босимларни тўхтатиш ва "Муҳаммадия" масжидининг фаъолиятига тўсқинлик қилмасликни талаб қилди.

Ҳожи Акбар Тӯражонзода мазкур намойишни унинг оиласига нисбатан "навбатидаги иғво" дея баҳолади.

"Биз буни энди, албатта, провокация, деб биламиз. Чунки, бундан хабаримиз йўқ. Биздан ҳеч ким маслаҳат сўрагани йўқ... Қирқ кишига яқин элчихона ўнгига чиқишар экан... Биринчидан, Худога шукр, бизнинг Россияда ўн минглаб, юз минглаб тарафдорларимиз бор. Бизга керак бўлса, ўн минглаб одамни чиқараман. Лекин, биз бу ишларни қилмоқи эмасмиз. Россияда туриб бу ишни қилиш - Тожикистон обрўсини тушириш. Биз муаммоларимизни шу ерда, Тожикистоннинг ўзида ҳал қилмоқчимиз," - деди Ҳожи Акбар Тўражонзода.

Аммо Москва шаҳридаги Марказий Осиё сиёсий муҳожирлари уюшмасининг раиси ва мазкур намойиш ташкилотчиси Баҳром Ҳамроев Би-би-си билан суҳбатда жаноб Тўражонзода айбловини рад этди.

"Ўз ҳақини талаб қилиш ва бирон кишини ҳуқуқини поймол қилишга йўл қўймаслик иғво ҳисобланмайди. Ким иғвогарлик қилмади: бизми ё Тожикистон ҳукумати-ми? Биз фақат Тожикистонда мусулмонлар ҳуқуқлари поймол бўлаётганидан хавотир билдириб, намойишга чиққанмиз," - деб айтди Баҳром Ҳамроев.

Уч ҳафта олдин Тожикистон Исломий Уламолар Кенгаши ўз баёнотида Тўражонзода оиласини "Муҳаммадия" масжидида Ашура маросимини расмий тарзда нишонлаш билан мамлакат мусулмонлари орасида низо қўзғатишда айбланган эди.

Аммо жаноб Тўражонзода бундай айбловни "тўҳмат" ва "иззат ва шарафни таҳқирлаш" деб баҳолади.

Ортидан Тожикистон Дин қўмитаси дин қонунига риоя қилмаслик айблови билан Ваҳдат ноҳиясидаги "Муҳаммадия" жума масжиди фаолиятини уч ойга тўхташ борасида қарор чиқарди.

Мазкур масжидда таниқли исломий уламо Ҳожи Акбар Тӯражонзоданинг биродарлари - Эшон Нуриддин ва Эшон Маҳмуджон - имомлик қилишади.

Дин қўмитаси, шунингдек, икки имомни ҳам лавозимларидан бўшатишга қарор қилди.

Тожикистон Исломий Уламолар Кенгаши раиси Саидмукаррам Абдуқодирзода Би-би-си билан суҳбатда Тўражонзода оиласи билан баҳсларда бирон сиёсий жиҳат йўқлиги ва мазкур масжид фаолияти фақат Ҳанафий мазҳабига хилоф амалларни бажарилиши сабабли вақтича тўхтатилганини айтди.

"Худога қасам, бизда Тўражонзодалар билан шахсий адоват йўқ. Орамизда душманлик ҳам йўқ. Бу сиёсий масала ёки босим ҳам ҳисобланмайди. Фақат, Исломий Уламолар Кенгаши бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, "Муҳаммадия" масжидида, расмий тарзда, Ашура маросими ўтказилгани ва Пайғамбар саҳобалари лаънат қилинганига муносибат билдирдик,"- деди жаноб Абдуқодирзода.

Аммо, Ҳожи Акбар Тўражонзоданинг айтишича, ибодатни бузиш ё ибодат қилишга ижозат бермаслик Тожикистон Жиноий кодесининг 152-моддаси бўйича жиноят ҳисобланади.

Айни модда асосида жаноб Тўражонзода Тожикистон Дин қумитасининг раиси Абдураҳим Холиқов устидан Ваҳдат ноҳияси прокуратураси ва Бош прокуратурага шикоят қилган.

Ҳожи Акбар Тўражонзода, шунингдек, Саидмукаррам Абдуқодирзодани "тўҳмат" ва "иззат ва шарафни таҳқирлаш"да айблаб, маҳкамага берган.

Бу мавзуда батафсилроқ