BBC navigation

Жанаўзенликлар қуролсизларнинг отилиши ва тазйиқлардан арз қилишмоқда

Сўнгги янгиланиш 21 декабр 2011 - 14:45 GMT

Интернетда тарқатилган видеоклипда ўқ еб йиқилган одамларнинг полиция томонидан дўппосланаётгани намоён бўлган

Қозоғистон ғарбидаги Манғистау вилояти ҳокимияти бугун бир гуруҳ маҳаллий ва хорижий журналистларни ўтган ҳафта қонли ҳодисаларга саҳна бўлган Жанаўзен шаҳри бўйлаб матбуот саёҳатига олиб чиққан.

Журналистлар Жанаўзен шаҳрининг жамоат жойлари, тартибсизликлар чоғида ёқиб юборилган бинолари ва ички ишлар бошқармасига олиб борилган.

Жанаўзен шаҳрида, расмийлар хабарига кўра,16 декабрда полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувларда 14 киши ҳалок бўлган.

Лекин, мустақил манбалар бу соннинг анча кўпроқ экани, ҳозиргача одамлар бедарак қолишаётганини айтишади.

Шу кунларда Youtube видео улашиш сайтида пайдо бўлган видеоклипда намойишчиларнинг махсус кучлар томонидан отиб ўлдирилиши, ҳамда ўқ еб яраланган ва қочишга уринган намойишчиларнинг дўппосланиши намоён бўлган. Клип афтидан Жанаўзенда яшовчи оддий аҳоли томонидан ёзиб олинган.

Жанаўзенлик нефтчилар маошларининг оширилишини сўраб, деярли етти ойдан буён шаҳар марказида норозилик намойиши ўтказиб келишаётган эди.

Шаҳар майдонидаги нефтчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашув майдонда мустақиллик байрамини ўтказишга ҳаракат қилинганида юзага келган.

Жанаўзенга сафар қилган журналистлар орасида бўлган ҳамкоримиз Шодиёр Сайфнинг айтишича, шаҳарда хавфсизлик чоралари кескин кучайтирилган. Кўчаларда деярли ҳар қадамда қурол кўтариб олган полициячилар жойлаштирилган.

Мухбиримизга кўра, журналистлар гуруҳи аввалдан тайёрланган нуқталар, Ички Ишлар Бошқармаси ва бозорларга олиб борилган.

Нефтчилар шикояти

Тартибсизликлар бошланган Интимоқ майдонига олиб борилганда, намойишчилар журналистлар олдиларига келиб арз қилишган.

"Бу собиқ нефтчилар ўзи бизни қидириб юришган экан. Икки эркак ва бир аёл 16 декабр куни ОМОНчилар уларга қарата ўт очгани, одамлар ён кўчаларга кириб яширинишга уринганида ҳам уларга қарата ўқ узилганини айтишди. Шунингдек, икки эркак мана шу майдонда етти ойдан бери бир бурда нонга зор бўлиб туришгани, ҳеч ким олдиларига келмаганини, ҳатто болалари "забастовкачининг боласи" деб мактабдан ҳайдалганини айтишди", дейди Шодёр Сайф.

Исмларини бермаган нефтчилар тартибсизликлар шаҳар ҳокимиятининг Интимоқ майдонида юрта ва вақтинчалик ёғоч уйни ўрнатиш ҳаракати туфайли келиб чиққан. Қозоқ ҳукумати тартибсизликларни атайлаб "бир гуруҳ провокаторлар" гижгижлаб чиқаришганини даъво қилиб келади.

"Нефтчилар мен билан суҳбатда ҳеч қандай провокаторлар бўлмагани, балки намойишчиларнинг ўзи сабр косаси тўлиб бўлгани ва жаҳли чиққанидан байрам уюштирувчилари ва полициячилар билан урушиб кетишганини айтишди", дейди мухбиримиз.

Унга кўра, нефтчилар улардан полиция пул талаб қилаётгани, вояга етган фарзандларини ҳибсга олаётганини айтган. Паспорти йўқлиги туфайли ҳибсга олинган ёшлардан ҳали ҳам дарак йўқ дейилади.

Мустақил комиссия иши чекланган

Жанаўзендаги воқеалар бўйича жамоатчилик комиссияси тузилган. Мазкур комиссия Актау шаҳридаги Манғистау вилоят ҳокимиятида ташкил қилинган ҳукумат комиссияси билан учрашган.

Жамоатчилик комиссияси сўнгра Жанаўзенга яқин Жетибай посёлкасида бугун ташкил қилинган норозилик намойиши иштирокчилари билан учрашишга уринган, бироқ полиция уларни қайтариб махсус карвон хамроҳлигида Актау шаҳрига мажбуран олиб кетган.

"Манғистау вилоятида ҳокимият расмийлари барқарорлик ўрнатилган деган бўлсада, лекин вазият ҳали тинчийдиганга ўхшамайди. Чунки турли қишлоқ ва посёлкаларда одамлар тўпланиб, норозилик акцияларига чиқишаяпти", дейди мухбиримиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.