Президент Назарбоев тўсатдан куёви Тимур Кулибоевни лавозимидан четлатди

Ёқиб юборилган Президент Назарбоев сурати Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Жанаўзенга борган Президент Назарбоев куёви билан бирга Манғистау вилояти, "Казмунайгаз" ширкати раҳбарларини лавозимларидан бўшатган

Камида 16 инсон ҳаётига зомин бўлган Манғистау вилоятига сафар қилган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев куёви Тимур Кулибоевни "Самрук-Казина" ширкати раҳбарлигидан четлатганини эълон қилган.

22 декабр куни Президент Нурсултон Назарбоев Манғистау вилоятининг 16 декабр куни зўравонликлар юз берган Жанаўзен шаҳрига борган.

У шикаст етказилган биноларни бориб кўрган, маҳаллий жанаўзенликлар билан суҳбатлашган.

Вилоят маркази Ақтауда Қозоғистон президенти ўтказган мажлис ҳақида маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар тарқатганлар.

Маҳаллий телевидение намойиш этган хабарда Президент Нурсултон Назарбоев "Самрук-Казина" раҳбари Тимур Кулибоевни вазифасидан четлатдим, деб айтган.

Шунингдек, Манғистау вилояти раҳбари ҳам ишидан олинган, унинг ўрнига Қозоғистон Ички ишлар вазири Бауржан Муҳамеджанов тайинланган.

Президент Назарбоев Жанаўзендаги нефтчилар маошларини кўтаришни талаб қилган ширкат - "Казмунайгаз" раҳбарини ҳам ишдан олган.

"Самрук-Казина" нефтга бой Қозоғистоннинг нефт савдосидан тушган даромадини ўзида жамлайдиган жамғарма ҳисобланади.

"Самрук-Казина" ҳозирги пайтда 80 миллиард долларлик бойликни тўплаган, ишчиларининг маошларини кўтариш талабларини етти ой давомида рад этиб келган ширкатлар маблағлари ҳам ушбу жамғармага бориб тушади.

Олдинроқ "Казмунайгаз"нинг икки раҳбари лавозимидан бўшатилгани хабар қилинган.

Айримлар назарида Нурсултон Назарбоевнинг сиёсий вориси сифатида кўриб келинган Тимур Кулибоевнинг Қозоғистондаги энг етакчи лавозимлардан биридан бўшатилиши кўпчилик учун кутилмаган бўлган.

Тимур Кулибоев Назарбоевнинг ўртанча қизи Динарага уйланган.

Wikileaks ошкор қилган сизиб чиққан маълумотларда Тимур Кулибоевга Қозоғистон иқтисодининг "90 фоизини назорат қилиб турган" шахс деб таъриф берилган.

Бу мавзуда батафсилроқ