BBC navigation

"Отишга буйруқ берганлар топилмагунча, Жанаўзен тинчимайди"

Сўнгги янгиланиш 23 декабр 2011 - 13:54 GMT

Кўп жанаўзенликлар қуролсиз аҳолига ўт очишга ким буйруқ бергани фош этилишини сўрашмоқда

Манғистау вилоятидаги қонли ҳодисалар бўйича тузилган мустақил жамоатчилик комиссияси воқеаларни текшириш бўйича бир неча талабларни илгари сурган. Комиссия вакиллари ҳалок бўлганларнинг хотирасига мамлакатда мотам куни эълон қилишни ва парламент сайловларини ортга суришни сўрашмоқда.

16 декабрда қонли воқеалар бўлиб ўтган Жанаўзен шаҳрига президент Назарбоев пайшанба куни ташриф буюрган. У нефтчиларнинг талабларида асос борлигини ва компания раҳбарияти ишчиларга қулоқ солмаганини айтган. Айни дамда Жанаўзенда вазият тинчигандек кўринса-да, намойишда иштирок этган нефтчиларнинг ҳибсга олиниши ҳоллари давом этаётир.

Таркибида мухолифат вакиллари ва мустақил арбоблар бўлган жамоатчилик комиссияси воқеаларнинг бир ҳафта ўтиб Олмотида ҳукумат олдига бир неча талабларни қўйди.

Улар давлат миқёсида Манғистау ҳодисаларни ўрганувчи комиссия тузилишини ва унинг таркибига мустақил комиссия вакилларини ҳам киритилишини талаб қилишмоқда.

Комиссияга кўра, тинч фуқароларни отишга ким буйруқ бергани комиссия томонидан аниқланиб, қонун бўйича жазоланиши керак.

Комиссия таркибига кирган "Азат" партияси бош котиби Амиржан Қосановга кўра, президентнинг кеча Манғистау вилоятига бориб айрим раҳбарларни ишдан олиши муаммога ечим бўла олмайди.

"Жанаўзен, Ақтау ва бутун Қозоғистондаги одамлар вилоят ҳокими ва Қазмунайгаз раҳбарияти тинч аҳолини отиш ҳақида буйруқ бермаганини билиб турибди. Аниқ буйруқ берган айбдорлар фош этилмас экан ва ушбу одамлар муносиб жазоланмас экан, ишдан бўшатишлар етарли эмас ва жамиятда йиғилиб қолган тарангликни тарқата олмайди", дейди Амиржан Қосанов.

Президент Назарбоев, аввалги чиқишларидан фарқли ўлароқ, қонли воқеалар нефтчилар арзига қулоқ тутилмагани учун келиб чиққанини тан олди

Мустақил комиссия вакиллари Манғистау вилоятида одамлар орасида хавотир ва таранглик сақланиб қолаётганини айтишади.

Жанаўзен шаҳридаги қонли тўқнашувларнинг гувоҳи бўлган нефтчининг Би-би-сига айтишича, ҳукуматга қарашли маҳаллий ва марказий телеканаллар воқеъликни ёлғон талқин қилмоқда. У ҳам ишчиларнинг муаммоси ечилмаса, ушбу норозилик давом этаверишини айтади.

"Семей, Ўскемендаги телеканалдан айтилаётган терроризм деган нарсалар бу ерда йўқ. Ушбу тўполонлар меҳнат баҳсидан бошланди. Шунинг учун, бу муаммо ҳал бўлмас экан, норозилик давом этаверади", дейди исми ошкор қилинишини истамаган собиқ нефтчи.

Шаҳар комменданти ҳибсга ва қўлга олинганар борасида жуда кам маълумот бермоқда. Расмий ҳисобларга кўра, шу кунларда жаъми 13 киши ушланган. Аммо, шаҳарликлар ушбу рақамларга ишонмайди. Жанаўзен кўчаларида полиция кучлари томнидан ушлаб кетилган яқинларининг тақдиридан хавотир олиб юрган кўплаб одамларни учратиш мумкин.

"Ўғлимизни 16 декабр куни кечқурун ишдан қайтиб келаётганда уриб олиб кетишган. Ҳали қўйиб юборишгани йўқ. Бугун Ақтауга олиб кетади дейишмоқда. Бизнинг ўғлимизга ўхшаган одамлар кўп. Ўзимизнинг куёвимизни ҳам йўлда ушлаб бошини ёриб ташлаб кетишган, кейин уйга етганида ортидан келиб яна ушлаб олиб кетишган," дейди фарзанди ҳақида бирор хабар излаб юрган бир оила.

Жанаўзенликлар бундай ҳолатлар борасида на прокуратура ё на шаҳар коммендати ариза қабул қилаётганини айтиб шикоят қилишмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.