Хўжанддаги 2010 йил сентябр портлаши бўйича 53 киши устидан ҳукм эълон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Хўжандаги худкушлик ҳужумида тўрт инсон ҳалок бўлган, 30 дан ортиқ киши яраланган

Шимолий Тожикистондаги маҳкама Хўжанд шаҳрида 2010 йилнинг сентябрида содир этилган худкушлик ҳужумига алоқадорликда айбдор деб топиб 53 киши устидан ҳукм эълон қилган, беш шахсга умрбод қамоқ жазоси белгиланган.

Маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Маҳкама қарори эълон қилинган пайтда айбланувчиларнинг ҳимоячилари иштирок этмаганлар, адвокатлар бунинг мамлакат қонунчилигига зидлигини айтишган.

Айбланувчиларга террорчилик хуружи ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатига алоқадорлик айбловлари қўйилган.

Хўжанддаги худкушлик ҳужумига боғлиқ маҳкаманинг шу йил июл ойида бошлангани хабар қилинган.

Маҳкамага тортилган инсонларнинг аксари Суғд вилоятининг Исфара, Истаравшан ва Спитамен туманлари яшовчилари бўлганлар.

2010 йил 3 сентябр куни Тожикистон Ички ишлар вазирлигининг Суғд вилояти бўлими биноси ҳовлисида автомобил портлаган, ушбу ҳужумнинг худкушлик ҳужуми экани хабар қилинган.

Оқибатда тўрт инсон ҳалок бўлган, 31 киши жароҳатланган.

Тожикистон расмийлари сентябр ойи охирида худкуш ҳужумчининг шахси аниқлангани ҳақида хабар тарқатганлар, унинг Хўжанд шаҳрида туғилган, оғир жиноятда айбланиб, қидирув эълон қилинган Акмал Каримов бўлгани айтилган.

Ўзини "Ансоруллоҳ Жамоати" деб танитган номаълум исломий гуруҳ худкуш бомба ҳужуми учун масъулиятни зиммасига олган.

Бу ҳақда асосан турли исломий гуруҳлар баёнотларини нашр этадиган "Кавказсентр.ком" Интернет-саҳифаси хабар тарқатган, сайт маъмурияти худкушлик ҳужуми учун масъулият олинган мактуб уларнинг электрон манзилига келиб тушгани ҳақида ёзган.

Хўжанддаги портлашдан тўрт ой ўтиб 50 киши қӯлга олинган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракатига мансуб деб кўрилган бу кишиларнинг 40 нафарга яқини Истаравшан шаҳри ва унинг атрофидаги қишлоқлардан эканлиги билдирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ