HRW: Жанаўзенда ушланган шахс полиция калтакларидан вафот этган

Қозоқ кучишлатар тизимлари ходимлари Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қозоқ расмийлари зўравонлик ишлатган полиция ходимлари устидан ички суриштирув бошланган, дейишади

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти Қозоқ полициясини Жанаўзенда 21 декабр куни вафот этган 50 ёшли Бозорбой Кенжебоев ўлимини муфассал текширишга чақирган.

Ташкилот хабар қилишича, Бозорбой Кенжебоев полициядалиги пайти олган жароҳатлари туфайли 21 декабр куни кечқурун вафот этган.

У ўлими олдидан "Новая газета" рўзномаси мухбири Елена Костюченкога бўлган ҳодисаларни гапириб берган.

Елена Костюченко сўзларига кўра, Бозорбой Кенжебоев Жанаўзенга яқиндагина кўзи ёриган қизини кўриш учун борган, 16 декабр куни кечки соат 17 ларда туғруқхонага бораётган пайтида уни қўлга олишган.

Кенжебоев ўзини илк бор ушлашган пайтида ҳам, шаҳар полиция бўлимига олиб боришаётган пайтида ҳам, ички ишлар бўлимида ҳам, ҳибс камерасида ҳам ва сўроққа олиб боришаётганда ҳам калтаклаганлари айтиб берган.

"Говая газета" мухбири Бозорбой Кенжебоев билан 19 декабр куни кўришганида унинг баданида тирналган жойларини кўрганини айтган.

Қариндошларининг айтишларича, полициядан уйига қайтганидан кейин қон аралаш йўталган ва сийдигидан ҳам қон келган.

Ўша кунлари Жанаўзенда телефон алоқаси узилгани учун у "Тез ёрдам" чақира олмаган.

Ўзи шифохонага боришга қўрққан, чунки шифохонада ҳибсга олинганларни қўйиб юбормаётганлари ҳақида эшитган.

Human Rights Watch ташкилоти Бозорбой Кенжебоев қўлга олинган пайтида калтаклангани ҳақида хабар тарқатган, ташкилот хабарида у АА исмли шахс дея тақдим этилган.

Халқаро ташкилот Кенжебоев ўлимини қоралаб чиққан.

"Бозорбой Кенжебоев бирор бир ҳолатда ҳам калтакланмаслиги ва ўлмаслиги керак эди. Қозоғистон ҳукумати унинг ўлими юзасидан зудлик билан тергов ўтказиши, унинг ўлимида айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиши ва полиция томонидан номақбул муомала қилинишининг олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўриши лозим", деб айтган Human Rights Watchнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича бўлими директори Рейчел Денбер.

Халқаро ташкилот Бозорбой Кенжебоев яқинлари билан алоқани таъминлашга, уларнинг адвокат ва тиббий кўмак олишларига имконият яратишга, шунингдек, Жанаўзен шаҳрини, у ердаги барча ҳибсхоналарни инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг кузатувчи учун очишга чақирган.

Human Rights Watch Бозорбой Кенжебоев ўлими юзасидан терговнинг якунлари ёзма равишда жамоатчиликка ошкор этилишини талаб қилган.

Ёпиқ қолаётган шаҳар

Қозоғистон жануби-шарқидаги Жанаўзен шаҳрида 16 декабр куни Қозоғистон мустақиллигининг 20 йиллиги нишонланаётган пайтда бир гуруҳ одамлар байрам иштирокчиларига ҳужум қилган, шаҳар ҳокимлиги, нефт ширкати идораси ва қатор биноларга ҳужум қилиниб, ўт қўйилган эди.

Қозоқ расмийлари ҳодисаларда май ойида иш ташлаган ва шундан кейин ишдан бўшатиб юборилган "Казмунайгаз" ширкати собиқ нефтчиларини айблаган.

Зўравонликларда 16 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган, полициянинг тартиббузарларни тинчлантириш мақсадида жанговор қуролларни ишга солганлари айтилган.

Бироқ Интернетдаги бўлашиш сайтларида полициячилар ярадор инсонларга қарата ўт очгани ва уларни калтаклагани видеоси пайдо бўлган.

Расмийлар ушбу видеони Интернетда жойлаштирган инсонларни тергов ишларига ойдинлик киритиш мақсадида излаётганларини маълум қилганлар.

Тинч намойишчиларга куч ишлатган полиция ходимлари устидан ички суриштирув тергови бошлангани хабар қилинган.

Ҳодисалар рўй бериши билан Жанаўзенга бошқа минтақалардан махсус кучлар ташланган.

Фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, шу кеча-кундузда ҳам шаҳарда комендантлик соати амал қилмоқда.

Бироқ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Қозоқ расмийларининг ҳибсга олинганлар ва юз берган воқеалар ҳақида кенг жамоатчиликни бохабар қилганларга нисбатан босимлар ўтказилаётганини айтишади.

Жанаўзенга борган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Манғистау вилояти ҳокими, "Казмунайгаз" ширкати раҳбари ва мамлакатдаги нефт ширкатлари даромадларидан таркиб топадиган жамғарма - "Самрук-Казина"нинг раиси лавозимидан куёви Тимур Кулибоевни озод этган.

Бу мавзуда батафсилроқ