Қозоғистон сенати телерадио ёйинлари ҳақидаги қонунни тасдиқлади

сўз эркинлиги
Image caption Қозоғистон сенати қабул қилган қонун, хорижий ва маҳаллий телерадио каналлар устидан назоратни кучайтиради

Қозоғистон сенати "Телерадио хабарларни таратиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини қабул қилди.

Ушбу қонун президент томонидан имзолангач, Қозоғистон ҳудудида ёйинланаётган ҳар бир хорижий теле ва радио канал рўйхатдан ўтиши шарт бўлади.

Маҳаллий телерадио каналларга ҳам қатъий талаблар киритилади. Акс ҳолда уларнинг Қозоғистон ҳудудида таратилишига чек қўйилади.

Оврўпада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ушбу қонун лойиҳаси бўйича ўз хавотирини билдириб чиқди.

Бундан бир мунча вақт аввал парламент депутатлари ва Бош вазир Карим Масимовнинг миллий телканалларнинг заифлиги ва Қозоғистондаги ахборот бўшлиғини чет эллик телеканллар тўлдираётгани ҳақидаги танқидларидан сўнг Ахборот ва Алоқа вазирлиги ушбу камчиликни бартараф этишга қаратилган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.

"Хорижий телерадиоканалларни ҳам ваколатли органда рўйхатда туришга мажбурлайди. Кабелли операторлар рўйхатдан ўтган каналларнигина тарқата олади," - дейди қонун лойиҳаси ташаббускоридан Ахборот ва алоқа вазири ўринбосари Лаззат Танисбай.

ОХҲТнинг ОАВ эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович ушбу қонун эркин ахборот олиш бўйича инсон ҳуқуқларини бузишини айтиб чиқди.

"Ушбу қонун фуқароларнинг ахборотни эркин олиш ва тарқатиш ҳуқуқини бузади ва давлатнинг электрон ОАВ устидан назоратини кучайтиради. Афсуски, ушбу қонун фуқаролик жамияти ва менинг Бюромнинг тавсияларини ҳисобга олмай қабул қилинди", - дейди Дуня Митович тарқатган баёнотида.

У Президент Назарбоевга мурожаат этиб, ушбу қонун лойиҳасига вето қўйишни ва уни муҳокама қилишга имкон яратиб беришга чақиради.

Қозоғистон ҳуқуқ ҳимоячилари қонун лойиҳаси сенатда яшин тезлигида қабул қилинганини айтишади.

Сенат, бошқа қонун лойиҳаларидан фарқли равишда, ушбу қонунни муҳокама қилиш учун кам вақт ажратгани етмагандек, ушбу жадвалга ҳам амал қилмаган.

Сенат сайтида ушбу қонун лойиҳаси 17 январгача муҳокама қилиниши керак деган жадвал бор, аммо қонун лойиҳаси янги йилга қолмай қабул қилинди.

"Одил сўз" матбуотни ҳимоя қилиш жамғармаси раҳбари Тамара Калеева ҳукумат Жанаўзен воқеаларидан сўнг ушбу қонунни тезроқ амалга киритишни истаб қолганини айтади.

"Қонунни қабул қилишни бунчалик тезлаштириш Жанаўзендаги ҳодисаларга бевосита боғлиқ. Яъни ҳукуматимизни безовта қиладиган ахборот керак эмас. Уларни К+ йўлдошли канали жуда хавотирга солмоқда деб ўйлайман. Чунки ушбу канални Қозоғистонда кўрсатмаслиги учун кўплаб ҳаракатлар қилишмоқда", - дейди Тамара Калеева.

Қонун лойиҳасида аҳолининг йўлдошли антенналарини назорат қилишга изн берувчи қисми ҳам ҳуқуқбонларни хавотирга солмоқда.

"Бу шартлар шундан иборатки, маҳаллий Маслаҳат кенгашлари ушбу йўлдошли антенналарни тўғри ўрнатиш ҳуқуқига эга бўлади. Яъни аҳоли пунктининг ободонлиги, одамлар соғлиғига зарар етказмаслиги каби шартлардан келиб чиқиб қарор чиқаради. Албатта ушбу антенналарни ҳарбийлар ёки полиция автомат билан келиб тортиб олмайди. Балки узлуксиз жарималар одамларни ўзлари ушбу антенналарни олиб ташлашига мажбурлайди", - дейди Тамара Калеева.

Янги қонун маҳаллий телерадио каналларга ҳам бир неча қийин мажбуриятларни юклайди. Асосан рус тилида фаолият юритадиган каналлар энди давлат тили бўлмиш қозоқ тилига ва миллий руҳдаги кўрсатув ва эшиттиришларга кўпроқ ўрин ажратиши керак бўлади.

Айни дамда ушбу талабларни бажариш учун давлат томонидан ҳеч қандай моддий ёрдам кўрсатилмайди. Қонун маҳаллий каналларни рағбатлантириш учун қабул қилинган бўлса-да, ушбу муаммолар туфайли бу каналларнинг ёпилиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.

Кузатувчилар қонунда кўрсатилган айрим шартларни бажариш имконсизлигини ва қонун ҳукумат кўзлаган мақсадларга тўла эришиш учун етарли бўлмаслигини таъкидламшоқда.

"Кабель телевидениясининг вакиллари муҳокама жараёнида хориж каналларининг эгаларнини ўзимиз ҳам билмаймиз деб айтишди. Агар бу Discovery каби халқаро компания бўлса, ким ушбу компаниянинг эгасини излайди ва ундан паспортининг нотариус тасдиғидан ўтган нусхасини сўрайди", - дейди Тамара Калеева.

Бундан ташқари ҳукумат йўлдошли антенналарни олиб ташлаган тақдирда ҳам томошабинлар интернет орқали истаган каналларни кўра олиши мумкинлиги айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ