Қозоғистон талабалари бир ойлик таътилга чиқарилдилар

Қозоғистонликлар Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Талабаларнинг узоқ таътили борасида расмийлар шарҳ бермаганлар

Қозоғистонлик талабалар илк бор бир ойлик қишки таътилга чиқди. Расмийлар талабаларнинг нима учун узоқ таътилга юборилиши борасида бирор изоҳ бермаган. Парламент сайлови арафасида талабаларнинг катта шаҳарлардан узоқлаштирилиши Жанаўзендаги сўнгги қонли тўқнашувлар билан боғланмоқда.

Қозоғистондаги Олий ўқув юртларида ўқувчи талабалар январ ойининг сўнггигача дам олади. Бу Қозоғистонда биринчи марта кузатилаётган ҳолат. Одатда талабалар учун қишки таътил кўпи билан 2 ҳафта берилади ва январ ойининг ўрталаридан олийгоҳларда ўқув жараёни бошланади.

Талабаларнинг бу йил нима учун бир ойлик таътилга чиқиши борасида, Қозоғистон Таълим ва илм вазирлиги бирор изоҳ бермаган. Ҳатто талабаларга ҳам нима учун бир ой ўқиш бўлмаслиги борасида тушунтириш айтилмаган.

Аммо кузатувчилар талабаларнинг бир ойлик таътилга чиқиши 15 январ куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларига бевосита боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Сайлов олди жараёнларини кузатиб, хисоботлар ёзиб бораётган "Ар. Рух. Ҳақ” жамоатчилик жамғармаси президенти Бахитжан Торегожина бу вақтгача мухолифат ва кузатувчилар томонидан сайловларда ҳукуматга қарашли партия томонидан талабаларнинг овозларини мажбуран ишлатиш ҳоллари ҳақида қайд этилган.

"Энди ҳукумат талабаларни уйига қўйиб юборди ва мисол учун Олма ота шаҳрида уларни мажбуран сайловга олиб бормайди. Мухолифат энди талабаларни оммавий равишда мажбуран овоз беришни тасвирга олиш орқали сайловларнинг ноқонуний ўтганини исботлай олмайди. Яъни ҳукумат номига айтиладиган ортиқча танқиддан қутилди”, - дейди Бахитжан Торегожина.

15 январ куни Қозоғистон парламенти учун муддатидан олдин бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган 7 партия ариза топширган.

16 декабр куни Жанаўзен шаҳридаги қўн тўкилишлардан сўнг мухолифатдаги айрим партиялар сайловларни номаълум муддатга қолдириш талаби билан чиқди.

"Азат” умуммиллий социал демократик партияси фаолларидан Галим Агелеуов Олма ота ва Остона каби йирик шаҳарларда сайловларда бўладиган қаллобликларни оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш имкони кўплигини айтади.

Бирмунча эркин ва фаол бўлган талабалар бу жараёнда иштирок этиши мумкинлиги ҳукуматни хавотирга солган бўлиши мумкин. Иккинчи сабаб эса, Жанаўзендаги ҳодисаларга бевосита боғлик.

"Иккинчи сабаб Жанаўзенга боғлиқ маълумот. Одамларни ўлдиргани ҳақидаги хабар талабаларнинг орасида тез тарқалади. Талабалар ижтимоий тармоқлар орқали аллақачон ушбу хабардан огоҳ бўлган. Агар сайловлар адолатли бўлмаса, бу норози кайфиятни уйғотиши ва ёшларнинг майдонга чиқишига сабаб бўлиши мумкин”, дейди Галим Агелеуов.

Расмий маълумотларга кўра, Қозоғистонда 600 мингдан ошиқ талаба таҳсил олади. Талабаларнинг энг кўп қисми, яъни 200 мингга яқини Олма ота шаҳрида ўқишади.

1986 йилги Желтўқсан (декабрь) кўтарилишида айнан талабаларнинг иштироки катта бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ